Light | 14:07 / 01.05.2020
61736
5 дақиқада ўқилади

Карантиндаги дунё манзаралари: Ёввойи ҳайвонлар шаҳарларга тобора яқинлашмоқда

Дунё миқёсида пандемия тарқалиши ва одамлар ҳаракатининг чекланиши ёввойи ҳайвонот дунёсининг шаҳарларда ҳам эркин ҳаёт кечириши учун имконият яратди.

Урбанизациялашган марказларда ҳайвонлар бўшаб қолган кўчалар ва сув йўлларида пайдо бўлмоқда, деб ёзади BBC.

Қўриқхоналар ва истироҳат боғлари маъмурларнинг сўзларига кўра, бунда сайёҳлар сонининг камайиши алоҳида ўринга эга.

Истанбулдаги дельфинлар

Фото: AFP

Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган бўғоз, одатда, дунёдаги энг гавжум денгиз йўлларидан бири ҳисобланади. Катта танкер ва юк кемалари, шунингдек, йўловчи ташишга мўлжалланган қайиқлар ҳар куни 24 соат давомида бу йўл орқали кесиб ўтиб туради.

Ҳозирга келиб, бу ерда транспорт ҳаракатининг сустлашиши ва балиқ овчиларининг камайиши оқибатида дельфинлар кўриниш бериб, сув узра сакрашяпти.

Фото: AFP

Истанбулда дельфинларнинг қора-қора нуқталарини шаҳарнинг анча узоқ қисмидан туриб кўриш табиий ҳолатга айланиб улгурган. Бироқ ҳозир денгиз яқинида яшайдиган одамлар тармоқларга қўяётган видеолар орқали ушбу жониворлар қирғоққа қанчалик яқин жойда сузиб юрганини кузатиш мумкин.

«Дельфинлар қирғоқларга яқинлашяпти, чунки у ерда назоратсиз ов қилувчи кимсалар ҳозир йўқ», дейди дельфинларни суратга олган кема сотувчиларидан бири.

Ҳайфадаги чўчқалар

Фото: EPA 

Исроилнинг Haaretz газетаси «Ёввойи чўчқалар Ҳайфа маҳмонхонасини эгаллаб олди», дея ёзиб чиқди.

«Пандемия бошланишидан олдин Ҳайфа шаҳри атрофида ёввойи чўчқаларнинг пичанларни еб юрганини кўришган, бироқ ҳозирга келиб, одамларнинг йўқлиги уларни янада ичкарироққа кириб келишга ундади» – дейди аҳоли вакиллари.

Фото: EPA 

Масала анча жиддий. Маҳаллий амалдорлар Zoom орқали йиғилиш ўтказган.

«Коронавирусдан сўнг ҳар кун, ҳар кеча, ҳар соатда тўнғизлар бу ерга келиб-кетишга одатланиб қолишидан қўрқаман», дейди ҳайвонларни қайтариш учун кураш олиб бораётган ходимлардан бири Ярон Ханан Reuters агентлигига берган интервьюсида.

Албаниядаги пушти фламинго ва соқоқушлар

Фото: AFP

Aлбанияда пушти фламинголар мамлакат ғарбий соҳил бўйидаги қўлтиқларида анча кўпайиб қолди. У ердаги парк раҳбариятининг сўзларига кўра, уларнинг сони уч баробарга ошиб, ҳозирда 3000га етган.

Яқин атрофларда жойлашган зайтун мойи ва терини қайта ишлаш заводлари ёпилди. Бунинг натижасида 500 м. атрофидаги қатнов қисмлари қушлар учун тинчлик масканига айланди.

Фото: AFP

Шунингдек, Дивжака миллий боғида 85 жуфт соқоқушлар ўзларига ин қуриб улгуришган. Одатда ҳар ойда 50 минг сайёҳни жалб қиладиган ушбу жой ҳозирда сақоқушлар учун вақтинчалик уй вазифасини ўтамоқда.

Таиланддаги ноёб денгиз сигирлари

Фото: AFP/ THAILAND'S NATIONAL MARINE PARK

Таиландда ҳам сайёҳлик тўхтаб қолган. Ҳат Чао Май миллий боғида 30та дугонг подасининг сузиб кетаётгани акс этган тасвир суратга олинди.

Денгиз сигири сифатида ҳам танилган ушбу ҳайвонлар ноёб ва заиф турга мансуб бўлиб, кўпинча балиқ тўрларига тушиб қолиши ёки сувнинг ифлосланиши оқибатида кўп азият чекади.

Миллий боғ маъмурияти фейсбукка балиқ ва бошқа турларга мансуб катта тўдалар ҳақида расм ва видеоларни жойлаштириб, пандемия бошлангандан бери ёввойи табиат қайта жонланганини таъкидламоқда.

Чилидаги пумалар

Фото: Reuters

Чилининг Сантяго шаҳри кўчаларида сайр қилиб юрган, асосан, Шимолий ва Жанубий Aмерика тоғларида учрайдиган пума (Америка ёввойи мушуклари)нинг бир нечтаси тутиб олиниб, қўриқхоналарга топширилган.

Яна худди шунга ўхшаш ёввойи мушуклардан бири шу атрофдаги квартира ичидан топилган.

Фото: Reuters

«Улар шовқинни камроқ сезади. Озиқ-овқат топиш мақсасида улар янги жойларни излаб келмоқдалар. Баъзилари йўқолиб, шаҳарларда пайдо бўлиб қолишмоқда», дейди Чили чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги хизмати директори Ҳорасио Буркес.

Коронавирус ҳамма жонзотларнинг ҳам фойдасига ишлаётгани йўқ

Фото: Getty Images

Германияда ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳининг маълум қилишича, Европа каптарлари очликка дуч келмоқда ва улар бундан хавотирда. Бунинг сабаби шундаки, одатда уларни озиқлантирадиган ёки кўчага овқатларини ташлаб кетадиган одамлар ҳозир уйларидан чиқишмаяпти.

Польшанинг Краков шаҳрида ҳайвонларга ғамхўрлик қилувчи ташкилотлардан бирининг аъзолари вақти-вақти билан атайин каптарларга озуқа бериш учун улар кўп йиғиладиган жойларга бориб туришибди.

Мавзуга оид