Жамият | 01:25 / 01.05.2020
69780
5 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Нима учун карантин даврида D витамини муҳим ва уни қандай олиш мумкин?

Англия соғлиқни сақлаш бошқармаси баҳор ва ёз ойларида ҳар куни D витамини истеъмол қилишни тавсия этди.

Фото: EAST NEWS

Одатда, кўчада юрган вақтимизда бу витаминни етарлича миқдорда қабул қиламиз, чунки у баданимизнинг очиқ жойларига қуёш нурлари тушганида организмимиз томонидан ишлаб чиқарилади.

Уни шунингдек, «қуёш витамини» деб ҳам аташади ва у бошқа витаминлар билан биргаликда инфекцияларга қарши курашишга ёрдам беради. Бу эса айниқса ҳозирги пандемия даврида жуда муҳим.

Тавсиялар

Коронавирус эпидемияси бошлангунига қадар ҳам британияликларга қиш ойларида (октябрдан мартгача) ёки кўчага кам чиқадиганларга кунига 10 мкг D витамини қабул қилиш тавсия этилганди.

Англиялик мутахассислар қуйидаги ҳолларда D витаминини йил давомида қабул қилишни тавсия этади:

  • агарда кўчага деярли чиқмасангиз;
  • қариялар уйида яшасангиз;
  • кўчага чиққанда бутун баданингизни ёпиб турадиган либос кийсангиз.

Қора танли одамлар кўчада мунтазам юрса ҳам «қуёш витамини»ни етарлича олмайдилар.

GETTY IMAGES

D витамини нега керак?

D витамини тишлар, суяклар ва мушакларни мустаҳкамлайди.

Болалик даврида бу витамин етишмаслиги рахит касаллиги, катталарда эса остеомаляция – суяклар юмшаши келиб чиқишига сабаб бўлади.

Айрим тадқиқотларга кўра, бу витамин шамоллаш ва гриппга қарши курашишга ёрдам беради, гарчи D витамини иммунитетни кучайтириши борасида аниқ далиллар йўқ бўлса-да.

Баъзи тадқиқотларда айтилишича, мавсумий тушкунлик ҳолатлари D витамини етишмаслиги билан боғлиқ. Яна бир маълумотга кўра, бу витаминнинг етишмаслиги асаб тизими ва руҳий ҳолатга таъсир кўрсатиши мумкин.

Уни кўп миқдорда қабул қилса бўладими?

Йўқ. D витамини озиқ-овқат қўшимчаси сифатида зарарсиз бўлса-да, уни ҳар куни ва кўп истеъмол қилиш келгусида зарар етказиши мумкин.

Унинг хавфсиз миқдори қуйидагича:

  • 1 ёшгача бўлган гўдакларга – кунига 25 мкг.дан кўп бўлмаган миқдорда;
  • 1 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларга – кунига 50 мкг.дан кўп бўлмаган миқдорда;
  • катталарга – кунига 50 мкг.дан кўп бўлмаган миқдорда, биоқўшимчалар таркибида эса кунига 10 мкг.

Беморда D витамини етишмовчилиги аниқланганида, шифокор айрим ҳолларда кўпроқ миқдорни тавсия қилиши мумкин.

Баъзи касалликларда, масалан, буйрак касалликларида D витамини қабул қилиш тавсия этилмайди.

У коронавирусдан ҳимоя қиладими?

Йўқ. Бу витамин коронавирусга чалинишдан ҳимоя қилиши тўғрисида ҳеч қандай далил йўқ.

Аммо шу билан бирга, мутахассислар у пандемия даврида бефойда эмас деган фикрда.

Испан ва француз шифокорлари D витамини коронавирусга чалинган беморларга фойда қилиш-қилмаслиги борасида клиник тадқиқотлар ўтказмоқда.

Британиялик тиббиёт профессори Жон Родснинг таъкидлашича, D витамини шамоллашга қарши хусусиятга эга. 

D2 ёки D3?

D витамини дорихоналарда ҳаб дори кўринишида ёки мультивитаминлар таркибида сотилади. Гўдаклар учун эса томчи кўринишида бўлади.

Кўп ҳолларда бу витамин қадоқда D2 ёки D3 деб кўрсатилади.

Уларнинг фарқи шундаки, D2 (эргокальциферол) ўсимликлардан, D3 (холекальциферол) эса ультрабинафша нурлаш йўли билан, яъни организмимизда ишлаб чиқарилгани каби олинади. 

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, D3 самаралироқ ҳисобланади.

У овқатлар таркибида етарлича миқдорда бўладими?

GETTY IMAGES

Номланиши D витамин бўлгани билан, у аслида организмнинг кальцийни ўзлаштиришига жавоб берадиган гормондир.

У ёғли балиқлар ва тухумдан бошқа жойда бўлмайди, аммо теримиз ультрабинафша нурлар таъсири остида оддий холестериндан ушбу гормонни ишлаб чиқаради.

Бу витамин етишмаётганлигини қандай билиш мумкин?

«Қуёш нурига бўлган талаб ўта шахсий ҳисобланади ва тана ранги ҳамда организмдаги ёғлар миқдорига боғлиқ», дейди Уорик университети тиббиёт тарихчиси Роберта Бивни.

Шу боис организмда D витамини етишмаслигини аломатларга қараб эмас, қон таҳлили орқали аниқлаш керак.

Қуёшда тобланса бўладими?

Қуёшда тобланиб кўп миқдорда D витамини олиш қийин, аммо офтоб уриши эҳтимоли юқори. Шунинг учун қуёш нури остида кўп турмаслик лозим.

Болалар ва ҳомиладорлар нима қилади?

Шифокорларнинг тавсиялари қуйидагича:

  • чақалоқлар туғилганидан бошлаб 1 ёшгача кунига 8,5-10 мкг D витамини олишлари лозим;
  • сунъий озуқа билан овқатлантириладиган чақалоқлар D витаминини болалар аралашмаси орқали олишади; 
  • 1 ёшдан 4 ёшгача бўлган болалар кунига 10 мкг D витамини олишлари керак;
  • ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам кунига 10 мкг D витамини олишлари даркор.

Мавзуга оид