«Механизм тескари ишламоқда» – Экспортчилар уюшмаси раҳбари экспортчиларни йиллар давомида қийнаётган муаммо ҳақида
Фермер ва деҳқонларнинг ўзи етиштирган маҳсулотини сотишига қаршилик бўлиши мумкинми?
Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси раҳбари Мухтор Умаровга кўра, айрим туманларда экспортчилар маҳсулотини эркин сотиш борасида ҳудудий масъулларнинг турли босимларига дуч келмоқда.
Kun.uz уюшма раҳбари билан қисқа суҳбат ташкил қилди ва бу муаммолар нимадан иборат эканлигига қизиқди.
«Ҳозир Ўзбекистоннинг деярли барча минтақаларида мева-сабзавот маҳсулотлари пишиб бошлади. Биласиз, бизда қишлоқ-хўжалиги маҳсулотларининг сезиларли қисми экспорт қилинади. Масалан, 2019 йилда Ўзбекистоннинг мева экспорти 1,2 млрд, сабзавот экспорти эса 1,4 млрд АҚШ долларини ташкил қилган.
Афсуски, коронавирус пандемияси туфайли бу йил баъзи қийинчиликларга дуч келяпмиз. Булар- тадбиркорлар, экспортёрлар, деҳқонларимизнинг бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга ўтишларидаги чекловлар ёки божхонага оид ҳамда табиий равишда юзага келган муаммолар. Лекин тадбиркорларимизни кўп йиллардан бери қийнаб келаётган бошқа бир муаммо борки, бу фермер ва ҳокимликларга қўйилган мева-сабзавот экспорти режаси ҳисобланади.
Шу режа туфайли, туман ва вилоят ҳокимликлари юмшоқ қилиб айтганда босим ўтказиш орқали фермер, деҳқон ва экспортёрларга маҳсулотларни ўз туманларидан экспорт қилишга мажбурлайдилар. Буни очиқ айтиш керак», – дейди Умаров.
Бу борада айнан қайси ҳудудларда фермер, деҳқон ва тадбиркорлар фаолиятига қаршиликлар бўляпти, мазмунидаги саволимизга уюшма раиси «Масалан, Сурхондарё вилояти Ангор туманида», – дея жавоб берди. Унинг қўшимча қилишича, бундай ҳолатлар фақат Сурхондарёда эмас, бошқа ҳудудларда ҳам кўп учрайди.
«Дейлик, водий вилоятидан бўлган тадбиркорлар Сурхондарёга бориб карам сотиб олмоқчи бўлса, ҳокимлик унга тўсқинлик қилмоқда. Улар тадбиркордан ўша туманнинг ўзидан фирма очишни ва маҳсулотни ҳам ўша фирма орқали, туман ҳисобидан экспортга олиб чиқишни талаб қилади.
Яқинда бир ҳунук воқеа бўлди. Россия фуқароси бўлган тадбиркор Ўзбекистондан маҳсулот олиб чиқиб кетиш учун келганида туман Ички ишлар бўлими ходимлари унинг ҳужжатларини олиб қўйиб, вилоятдан чиқиб кетишини талаб қилишган.
Яна бир ҳолатда кўкатлар қайта ишланаётган ва экспортга тайёрланаётган жойга ички ишлар ходимлари келиб юк машиналарининг ҳужжатларини олиб қўйишган», – дейди у.
Умаровнинг айтишича, экспорт учун давлат томонидан режа белгилаш ва жойларда тадбиркорларнинг уни бажаришга мажбурланиши ортидан бошқа катта муаммолар ҳам келиб чиқмоқда.
«Биринчидан, фермерлар режани бажариш учун коррупцияга ҳам қўл уришмоқда. Яъни у режани тўлдириш учун қўшни тадбиркорга пул тўлаб маҳсулот сотиб олади.
Иккинчидан, тадбиркор режани бажариш учун уни сотиш нархини олувчи билан келишган ҳолда қиммат нархда кўрсатмоқда. Оқибатда эса миллионлаб доллар миқдорида дебиторлик қарзлари юзага келяпти. Масалан, ҳозирги вақтда 450 млн доллардан ортиқ дебиторлик қарзимиз мавжуд. Яьни четга маҳсулот чиққан, лекин унинг пуллари қайтмаган.
Тасаввур қилинг, маҳсулот 1 доллар, фермер ўзининг экспорт режасини бажариш учун (ҳокимлик топшириғи билан) ҳужжатда 10 доллар деб кўрсатади. Айрим ҳисоботларда бир долларлик маҳсулот ҳатто 30 доллар деб кўрсатилган ҳолатлар ҳам бор.
Кўрсатилган пул келмаганидан кейин фермерга жарималар ёзилаверади. Икки ҳолатда ҳам фермер жабр кўрмоқда. Энди у дебитор қарздорлик маблағлари келиб тушмасидан олдин яна маҳсулот экспорт қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Учинчидан, маҳсулотлар нархининг сунъий оширилиши натижасида Россия ва бошқа импортёр мамлакат божхоначиларининг компьютер тизимидаги нарх базасида миллий маҳсулотларимизнинг нархи 1 эмас 5 долларга кўтарилиб қолган. Энди нима бўлади?
Дейлик, биринчи тадбиркор бирор бир маҳсулотни сунъий оширилган нархда (10 доллар) Россия Федерациясига олиб борди ва маҳсулот ўша давлат божхона базасига ўша нархда кирди.
Шундай ҳолатда иккинчи тадбиркор маҳсулотни ўз нархида, яъни 1 доллардан Россияга олиб кирса, энди божхоначилар 10 фоизлик ҚҚСни 10 доллардан ҳисоблашга ўтишади. Бунинг оқибатида маҳсулотлар тан нархининг ошиши юзага келади», – дейди Экспортчилар уюшмаси раҳбари.
Мухтор Умаров суҳбат давомида ҳукумат экспорт режаси бўйича ўз йўналишини ўзгартириши кераклиги ва бу ўзгаришлар нималардан иборат бўлиши борасида ўз тавсияларини билдирди. Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
13:52 / 21.12.2024
Ўзбекистон экспортида хусусий сектор улуши 60 фоизга етказилади
12:56 / 19.12.2024
АҚШ Ўзбекистон заъфарони экспорти учун берилган рухсатнома муддатини узайтирди
20:50 / 17.12.2024
Ўзбекистоннинг 18 тонна зарарли помидори Россия бозорига киритилмади
18:11 / 12.12.2024