Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши нега кечикмоқда? — Экспертлар жавоб берди
Япония ва Жанубий Кореяда фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишининг афзалликлари ва салбий жиҳатларини таҳлил қилиб беришди.
– Валижон, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши анча олдин эълон қилинган эди. Бу жараён нима учун кечикиб кетди, деб ўйлайсиз? Ташкилотга аъзо бўлиш талаблари юқори бўлгани учун Ўзбекистон буни бажара олмаяптими ёки масаланинг бошқа омиллари борми, сизнингча?
Валижон ТЎРАҚУЛОВ, Инҳа Университети халқаро савдо бўйича докторанти (Жанубий Корея):
— Бугунги кун учун жуда долзарб бўлган ва жавоби ўзимизни ҳам қизиқтираётган савол бердингиз. Одатда илмий ишлар қилинаётганда бир давлатнинг ҳолатини ўрганиш учун шу давлатга ўхшаган бошқа бир давлатнинг ҳолати ўрганилса, бу давлатга ҳам татбиқ қилиш мумкин бўлади. Нега Қозоғистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши учун 19 йил кетди, деган саволни қўйиб, илмий иш қилганимда баъзи бир сабаблар юзага чиқди ва шу сабабларни ҳозир Ўзбекистон учун ҳам кўрсатиш мумкин.
Биринчи сабаб, биласиз, 1994 йили Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўламан деб ариза берган. 1996 йили Қозоғистон ва Қирғизистон ариза берган. 1998 йилда — атиги икки йил ичида Қирғизистон ЖСТ чиптасини қўлга киритди. 1998 йилда рублнинг қадрсизланиши кузатилган. Осиё, айниқса, Шарқий Осиё — Корея томонларда катта молиявий инқироз бўлган. Шуларнинг натижасида, ҳаммаси йиғилиб-йиғилиб, айнан Қирғизистон ЖСТга аъзо бўлгандан кейин қандайдир бир ёмон иқтисодий натижаларга олиб келгандек бўлиб қолди. Яъни, Қирғизистон бу ташкилотдан кўп фойда олмади, деган хулоса барча Ўрта Осиё давлатларида пайдо бўлди.
1994 йилиёқ ариза топширган учун Ўзбекистон, Тожикистон — ҳаммасининг шашти қайтди. Демак, озгина кутамиз, озгина вақт керак экан, деб ўйлашди. Мана шу вақт, афсуски, Қозоғистон учун 19 йилга тенг бўлди. Ўзбекистон учун эса ҳали ҳам тугагани йўқ. Қирғизистон ЖСТга аъзо бўлди, лекин иқтисодий жиҳатдан гуллаб-яшнаб кетгани йўқ, деган сабаб юзага келди.
Иккинчидан, 2006 йилда Қозоғистон яна аъзо бўламиз деб ўз ҳаракатларини бошлаган. Лекин Россиянинг орзуси Қозоғистонга тўсқинлик қилиб қўйган.
Бу орзу қандай эди? Россиянинг орзуси олдинги совет давлатлари билан биргаликда савдо блокини ҳосил қилиш эди. Ўз ўрнида, Қозоғистон уч томоннинг орасида қолиб кетди. Бир ёқдан асосий савдо шерикларидан бири Хитой, бошқа ёқдан Европа ва тепадан Россия.
Ҳозир бизнинг ҳолатимиз худди шундай — қайси бирига аъзо бўлиш керак, деган савол олдимизда турибди. Худди шу нарсани ўша пайтда Қозоғистон ҳам бошдан кечирган. Қайси бирига биринчи аъзо бўламиз? Биринчи Россияни хурсанд қилайликми? Ёки ЖСТга аъзо бўлиб Европани хурсанд қилайликми? Нима бўлган тақдирда ҳам бу ерда Россиянинг кучи устун келди. 2010 йилда ўзининг божхона иттифоқини ташкил қилди. Божхона иттифоқига, биласиз, Беларус, Россия ва Қозоғистон аъзо бўлган. 2010 йилда унга Қирғизистон ва Арманистон ҳам аъзо бўлган.
Кўпчилик ўйлаяпти, биз қандай йўл тутитишимиз керак? 2008 йилда бу нарса бўйича илмий ишлар қилинган. Постсовет давлатлари қайси бирига биринчи аъзо бўлиши керак деган савол билан илмий изланишлар қилинган. Шу илмий ишнинг хулоса қисмида айтиладики, агар божхона иттифоқига аъзо бўлинадиган бўлса, ўз-ўзидан ЖСТга аъзо бўлиш анчагина кечикиб кетади. Нега?
Чунки Россиянинг орзуси бўлган божхона иттифоқининг жуда кўп қонун-қоидалари ЖСТ қонун-қоидаларига тўғридан тўғри мос эмас. Яъни ўртада конфликтлар жуда ҳам кўп. Шунга қарамай, Қозоғистон ташкилотга аъзо бўлди. Ўша пайтда президентнинг ўзи ҳатто ташкилотга тезроқ аъзо бўлсак, ЖСТга кириш учун яхши бўлади деб, ташаббус билан чиққанди. Лекин божхона ташкилотига аъзо бўлгани бу нарсани яна 5 йилга суриб ташлади – 2010 йилда мақсад қилишган бўлса, 2015 йилдагина аъзо бўлди.
Мана шу ҳолатни Ўзбекистонга ҳам татбиқ қилишимиз мумкин. Ҳозир Россиянинг босимлари бизни кўпроқ ЖСТга эмас, ўзларининг орзуси бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишга ундаяпти. Аввал шунга аъзо бўлсангиз, кейин қолганига аъзо бўлаверасизлар, деяпти. Лекин мен бунга ишонмаган бўлардим. Чунки ЕОИИга аъзо бўлиш худди Қозоғистондек 2-3 йилда ЖСТга аъзо бўламиз деган ниятимизни 5-6 йил, балки 7-8 йилга ҳам суриб ташлаши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, биринчи ўринда ЖСТга аъзо бўлиб, кейингина ЕОИИга аъзо бўлиш-бўлмаслик масаласини кўриб чиқсак бўлади. Менимча, аъзо бўлишдан ҳам кўра кўпроқ кузатувчи сифатида кириш, ўртада савдо шартномасини худди Вьетнамга ўхшаб имзолаш мақсадга мувофиқ бўлади.
— Бизни кузатаётганларнинг кўпчилиги иқтисодиётни чуқур тушунмаслиги мумкин. Уларга соддароқ тушунтириб кетадиган бўлсак, ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистонга нима беради? Оддий аҳолининг турмуш тарзи ўзгарадими? Маошлар кўтариладими? Ёки харид қуввати яхшиланадими?
Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги Россияда меҳнат қилади. Уларнинг жуда катта қисми ЖСТ ҳақида етарлича маълумотга эга эмас. Тезроқ ЕОИИга аъзо бўлиб, миграция бўйича муаммолардан халос бўлишса, шунисига хурсанд бўлишади. Шунинг учун қайси ташкилотга аъзолик нима беришига ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Айни пайтда Ўзбекистон экспортерларининг бир нозик томони бор – бизнинг атрофимиз қуруқлик билан ўралган. Жуда кўп давлатлар денгизга туташ ёки битта давлатни кесиш билан маҳсулот ишлаб чиқарувчилар денгизга чиқиши мумкин. Яъни, улар ўзининг экспорт маҳсулотларини арзонгина дунё бозорига олиб чиқа олади. Бизнинг давлатдагилар эса мана шу жиҳатдан ютқазиб, экспорт бозорига арзон маҳсулотларни таклиф қила олмайди.
Буни қандай қилиб арзон қилиш мумкин? Биринчи ўринда, логистика харажатларини камайтириш керак. Қандай камайтирсак бўлади? ЖСТга аъзо бўлсак, биринчи ўринда тарифлар камаяди. Тариф камайса, кўпроқ маҳсулот кириб келади. Кўпроқ маҳсулот бу кўпроқ таклиф дегани. Кўпроқ таклиф бу арзонроқ нарх ва кўпроқ товарлар дегани. Мана шу ҳолатда экспортерлар ҳам ютиши мумкин.
Уларга рақобатчилар кириб келяпти-ку, дейишингиз мумкин. Бир нарсани унутмаслигимиз керакки, ЖСТга аъзо бўлиш орқали арзон маҳсулотлар нафақат истеъмолчиларга, балки ишлаб чиқарувчиларга ҳам етказилади. Хомашё энди арзонроқ кириб кела бошлайди. Сиз бирон нарсани илгари 100 долларга олсангиз, эни ўша нарсани 80-70 долларга олишингиз мумкин. Нафақат бозордаги нарсаларнинг арзонлашишига, балки ишлаб чиқарувчилариннг ўзига ҳам маҳсулотнинг таннархини арзонлатиб, дунё бозорида имкониятлар беради.
Бундан ташқари, инвесторларга ҳам «Ўзбекистонга бемалол бораверинглар, энди ислоҳотлар ортга қайтмайди», деган ишонч беради. ЖСТга аъзо бўлганимиздан кейин оладиган нарсаларимиз ҳам бор, берадиган нарсаларимиз ҳам бор. Бу Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини ҳам оширади.
Яна бир томони бор. ЕОИИга аъзолик меҳнат муҳожирларига имтиёз беради, деган аргумент ўртага ташланади. Лекин шу ўринда мен доим бир нарсани ўйлаб қоламан. Қачонгача биз ишчи бўлиб қолишимиз керак? Ишчиларга имтиёз берилишига рози бўлиб, келажакда яна ишчи бўлиб қолишга рози бўляпмиз.
Биз ўзимиз кўпроқ ишлаб чиқаришимиз керак. Ўзбекистон аҳолиси ва хомашёси кўп бўлган давлат. ЖСТга аъзо бўлиш орқали кўпроқ инвесторлар келади ва кўпроқ иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари таннархининг камайиши орқали нисбий афзаллигини оширади. Экспорт пайтида турли жанжалларнинг олдини олишга ёрдам беради, чунки ЖСТнинг можароларни ҳал қиладиган қўмитаси бор. Россияга ёки бошқа чет давлатга бориб, ишлаш машаққатларидан қутуламиз.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди
Мавзуга оид
07:09 / 14.12.2024
Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашди
14:38 / 07.11.2024
«Туркий давлатлар ташкилоти ЕОИИга рақобатчи бўлади» – қирғиз сиёсатшуноси
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
21:12 / 17.10.2024