Ўзбекистон | 17:09 / 03.05.2020
259245
10 дақиқада ўқилади

Суви қочган Сардоба: Ўзи бўлмаган шамол ва ёғмаган ёмғир тўғон бузилишига айбдорми?

Сардоба сув омборида юз берган ҳалокатнинг илк куниданоқ сув омбори тўғони бузилишига кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлгани маълум қилинди.

Фото: KUN.UZ

«Сардоба» сув омбори Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, Ўзбекистондаги йирик сув иншоотлардан бири ҳисобланади. Ушбу мегаинвестицион лойиҳа 2010-2017 йиллар давомида амалга оширилган. Унга сув Жанубий Мирзачўл каналидан келиб қуйилади.

Гидротехника иншооти 922 миллион кубометр сувни ўз ичига олади, шунингдек Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ерларини суғориш учун мўлжалланган.

2020 йил 1 май куни соат 05:55да «Сардоба» сув омбори дамбаси деворининг 6 пикетида сув сизиб чиқиши натижасида ҳудудда сув тошқинлари содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий гвардия воқеага жойида тегишли ишларга киришди.

Ҳукумат комиссияси тузилиб, аввалига бош вазир, кўп ўтмай президент Шавкат Мирзиёев вертолётда воқеа жойига етиб борди.

Дастлаб ушбу ҳудудга яқин жойлашган «Қўрғонтепа» МФЙ, «Дўстлик» МФЙ, «Юртдош» МФЙ, «Қўйтош» МФЙ, «Ота юрт» МФЙ, «Бирлик» МФЙдан аҳоли эвакуация қилинди. Кун давомида яна ўн минглаб кишилар Сирдарёнинг бошқа туманларига ва қўшни Жиззах вилояти ҳудудига кўчирилди.

Ҳуқуқшунос ва лойиҳаларни бошқариш бўйича ҳаваскор мутахассис сифатида ушбу вазиятга ҳуқуқий ва лойиҳаларни бошқариш нуқтайи назаридан ўз фикримни билдиришни лозим деб топдим.

Кўпчиликка маълумки, бундай йирик инвестицион лойиҳалар режалаштирилишида унинг хизматга яроқлилиги жиҳатидан узоқ муддатга қаратилган бўлади. Бу жиҳатдан, мазкур инвестицион лойиҳа ўз мақсадига эришишида лойиҳалаштиришнинг қўпол бузилиши аломатлари мавжуд, дейишга асос бўлмоқда.

Чунки, лойиҳа тасдиқланиб ишга киришишдан аввал бир неча жараён гуруҳларидан ва билим соҳаларидан аниқ ҳисоб-китоблар ва таҳлил босқичларидан ўтади. Ушбу инвестицион лойиҳанинг мақсади олий бўлганига ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо унинг тўғри режалаштирилганига шубҳа пайдо бўлмоқда. Бу шубҳа, албатта, ўта шахсий.

Ҳали ҳеч қандай реал фактларга асосланишнинг имкони йўқ. Чунки ушбу мақола воқеа содир бўлганига бир неча соат бўлган вақтда ўша куннинг ўзида ёзилмоқда. Ҳали мутахассислар якуний хулоса беришганича йўқ.

Лекин оммавий ахборот воситаларида бугуннинг ўзида (1 май) соат 19:00даги мутахассисларнинг дастлабки хулосалари сифатида айтилишича, сув омбори дамбаси деворининг 6 пикетидан сув оқиб чиқишига «кечаси ёғган кучли ёмғир ва шамол» асосий сабаб бўлган.

Аммо мени ҳайрон қолдирган жиҳати 2020 йил 30 апрелда Сирдарё вилоятида кучли ёмғир бўлгани йўқ-ку?! Буни гидрометеорология хизмати хабарлари ҳам тасдиқлайди. «2020 йил 30 апрель, пайшанба куни Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси +12..+17, кундузи +23..+28 даража иссиқ бўлади».

Ўзгидромет хабарида 2020 йил 29 апрель, чоршанба куни Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё вилоятларининг баъзи жойларида ёмғир ёғиши, ҳарорат кечаси +12..+17, кундузи +20..+25 даража иссиқ бўлиши айтилган. Лекин кучли ёмғир ҳақида ва шамол ҳақида гап ҳеч қандай гап йўқ.

Бундан ташқари, ўша кунларда кучли ёмғирни ҳам, кучли шамолни ҳам ҳис қилганимиз йўқ.

Ўзгидромет хабарида Сирдарё ҳудудида 1-2 май кунлари кучли ёмғир бўлиши айтилганди.

Унисини ҳам қўя турайлик, наҳотки «Сардоба» сув омбори дамбасининг девори «кечаси ёққан кучли ёмғир ва шамол»га бардошли қилиб режалаштирилмаган бўлса, қуриш жараёнида ҳам бу риск инобатга олинмаган бўлса? Объектни қабул қилишда-чи?! (Аслида айтилаётган ўша ёмғирнинг ўзи ҳам ҳали ёғмаган эди).

Келинг, лойиҳа бошқаруви жараёнларини назарий жиҳатдан кўриб чиқсак.

Лойиҳа бошқаруви жараёнлари 5 босқичга бўлинади. Булардан биринчиси — лойиҳа ташаббусини кўрсатиш.

Унда лойиҳанинг мақсади, дастлабки қиймати, фойдаланишга топшириш муддати, лойиҳадан манфаатдор томонлар кўрсатилади. Бу ҳали режалаштириш эмас, бу бор йўғи ташаббус. Агар мақсад олий, қиймати ҳамёнбоп, топшириш муддати қониқарли, давлатга ва жамиятга манфаатли ҳамда экологияга зарарсиз бўлса кейинги босқичга ўтилади.

Иккинчиси эса — лойиҳани режалаштириш. Асосий ҳисоб-китоблар, таҳлиллар, турли технологик ечимлар, оғриқли масалалар мана шу жойда бўлади. Шунинг учун ҳам режалартиришда 10та билим соҳаси иштирок этади. Лойиҳа қамровини бошқариш, вақтни бошқариш, харажатларни бошқариш, сифатни бошқариш, инсон ресурсларини бошқариш, коммуникацияларни бошқариш, рискни бошқариш, харидларни бошқариш, манфаатдор томонларни бошқариш шулар жумласидандир.

Юқорида санаб ўтилган билим соҳаларнинг камида биттасида, кўпи билан 9тасида бирваракайига хатоликка йўл қўйилган бўлиши тахмин қилинмоқда. Манфаатдор томонларни бошқариш бу ҳолатда сифатга таъсир қилмайди.

Юқорида айтилган бошқа билим соҳаларидаги ҳисоб-китоблар, таҳлиллар ва мақсадга мувофиқлик бўйича қилинган ишлар шубҳа остида.

Навбатдаги учинчи жараён — ижро этишга киришиш, деб аталади ва бунда қурилиш ишлари бошланиши назарда тутилади. Бунинг учун лойиҳа бошқарув гуруҳи шакллантирилиб, ахборот алмашинуви йўлга қўйилади, харидлар учун тендерлар ўтказилади ва бошқа хўжалик шартномалари тузилади, бундан ташқари сифатга мувофиқлик талаблари ишлаб чиқилади.

Тўртинчи жараён эса иш жараёнини мониторинг қилиш ва назорат деб аталади. Бунда бевосита қурилиш жойидаги иш жараёнлари назорат қилиб борилади. Амалиётда бу босқичда режалаштиришдаги хатолар юзага чиқиши мумкин, бундай вазиятда қайта режалаштириб тўғриланиши лозим. Бир неча хатоликлар юзага чиққан тақдирда ҳам, қайта-қайта режалаштирилган тақдирда ҳам хавотирли эмас.

Бироқ ўша хатоликлар тан олинмаса, ёки қайта режалаштирилмаса буниси хавотирли. Қурилишдаги иш қамровининг режадаги билан бир хил бўлиши, ишни бажариш муддати назорати, сифат назорати, алоқа назорати, риск назорати, харидларни назорат қилиш кабилар бу босқичнинг асосий нуқталаридир.

Бешинчи жараён эса лойиҳани якунлаш ҳисобланиб, унда тегишли комиссиялар иштирокида лойиҳа сифати, мақсадга мувофиқлиги текширилиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари бажарилади.

Юз берган ҳодиса сабаб «Сардоба» сув омборини қабул қилиб олиш бўйича комиссия иш фаолиятини шубҳа остига олишга мажбур бўлмоқдамиз. Кўриб ўтганимиздек, айрим масъул шахслар «risk management» деган тушунчани «ҳис» қилмаган кўринади. Унда албатта келажакда бўлиши мумкин бўлган айрим ҳолатлар таҳлил қилинган бўлиши керак эди. Аммо кўриб турганимиздек, улар катта эҳтимол билан ўз «таҳлил»ларида «risk management»ни ёддан чиқаришган.

Шунингдек, лойиҳани бошқариш гуруҳи аъзолари лойиҳа маблағлари тўғри сарфланиши учун жавоб беради. Биз кўриб чиқаётган ушбу лойиҳада бу гуруҳ қанчалик даражада фаолият юритгани бизга қоронғи.

Яна бир муҳим жиҳатларидан бири лойиҳа доирасида ўтказилган тендер шаффофлиги бўлиб, бу жараёнда тендер савдолари ўтказиш орқали лойиҳа учун зарур бўлган хом ашё материаллари сотиб олинади. Бу ерда, агар қаллобликка йўл қўйилса, оддий қилиб айтганда, «уйингизнинг фундаменти нимжон бўлгани учун деворингиз қулаб тушади» дегани.

Бундан ташқари, лойиҳа учун зарур бўлган ва «режалаштирилган хом ашё» ўрнига «бошқа хом ашё» ёки «ўрнини босувчи хом ашё ва материаллар»дан фойдаланилган бўлиши мумкин. Яна бир асосий фактор сифатида, инвестицион лойиҳаларни ўз вақтида тайёр ҳолда топширолмаслигидан қўрқиб, нима қилиб бўлса-да, тез бажариш асосий эътиборда бўлиб, сифатга эътибор иккинчи даражага ўтиб қолган бўлиши мумкин.

Бу нарса бизнинг лойиҳачиларимизга ўзига хос бир «удум» бўлиб қолган десак муболаға бўлмайди.

Энди мазкур воқеанинг ҳуқуқий жиҳатига эътибор қаратсак.

Аввало ҳуқуқда мутаносиблик тамойили мавжуд. Ушбу тамойилга кўра, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ҳаракати қўйилган мақсадга мувофиқ бўлиши зарур. Бу қандай мақсад? Бу мақсад — умумжамият равнақига қаратилган хатти-ҳаракатлардир.

Яъни, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай қарори ёки ишлаб чиққан лойиҳаси қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак. Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуни мутасадди органлардан шуни талаб қилади.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, бу ерда қонунни менсимаслик, беписандлик ва коррупция белгилари бўлиши мумкин. Албатта, ҳуқуқда айбсизлик презумпцияси мавжуд, шунинг учун биз бугун айнан кимнидир айбламоқчи эмасмиз. Бунинг учун тегишли ваколатли органлар мавжуд.

Биз фақат юқорида келтирилган субъектив факторлар мавжуд бўлиши мумкинлигини айта оламиз, холос. Сўз охирида шуни айтмоқчимизки, жонажон халқимиз албатта бу бало-офатлардан чиқиб кетади. Чунки халқимиз иймони, иродаси ва салоҳияти кучли халқ.

Жавоҳир Шукуров,
ҳуқуқшунос ва лойиҳа бошқаруви бўйича ҳаваскор мутахассис.

Изоҳ: Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламайди.

Бугун, 3 май куни Ўзбекистон Бош прокуратураси «Сардоба» сув омборида рўй берган ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилди. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бориш ДХХ органларига юклатилган.

Мавзуга оид