Иқтисодиёт | 00:30 / 04.05.2020
94478
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Сирдарёда сув таъминоти бўйича лойиҳага жалб қилинган компанияни «қора рўйхат»га киритди

Жаҳон банки 29 апрель куни Mega-Mebiko ишлаб чиқариш компаниясини фирибгарликда айблаб, «қора рўйхат»га киритди.

Компания келгуси 30 ой давомида Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган лойиҳаларда иштирок эта олмайди. Шунингдек, компания жавобгарликни тан олиб, тақиқ таъсиридан чиқиш учун қўлланган чорани қабул қилган.

Жаҳон банки маълумотига кўра, компания ўзининг молиявий ва иш фаолият тажрибаси ҳақида нотўғри ахборот тақдим этган. Бундан ташқари, шартномани қўлга киритиш учун ўртада манфаатлар тўқнашуви йўқлиги ҳақида ҳам ёлғон маълумот берган.

Маълумот учун, Mega-Mebiko қўшма корхонаси Сирдарёнинг танланган ҳудудларида жамоат сув таъминотини яхшилаш, унинг сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган 4 босқичли лойиҳада иштирок этиши кўзда тутилганди.

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахснинг очиқ маълумотларига кўра, мазкур қўшма корхона Германия сармояси билан ташкил этилган масъулияти чекланган жамият ҳисобланади. Унинг асосий иш фаолияти пластмасса плиталар, тасмалар, қувур ва профиллар ишлаб чиқариш бўлиб, 2003 йилда давлат рўйхатидан ўтгани билдирилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, компаниянинг уч нафар таъсисчиси (CHUNGLING, XAKIMJON TASHMATOV ва KOBILDJAN KUNDUZOV) бўлиб, уларнинг биринчиси қолганларга нисбатан 1 фоиз устунлик билан устав фондида ҳиссага эга.

Мавзуга оид