Жамият | 10:32 / 04.05.2020
34917
5 дақиқада ўқилади

Санъаткорлар Сардоба сув омбори авариясидан жабр кўрганлар учун хайрия акцияси бошлади

Сирдарё вилоятида 1 май куни рўй берган техноген офат – Сардоба сув омборидаги авария ва унинг оқибатларидан жабр кўрганлар ҳолатига санъаткорлар ҳам бефарқ эмас. 

Маданият вазири Озодбек Назарбеков бир неча кун аввал ижтимоий тармоқлар орқали санъаткорларни хайрия тадбирларида фаол бўлишга чақирган эди. Кеча, 3 май куни бир гуруҳ фаол санъаткорлар турли кийим кечак, озиқ-овқат ва бошқа турли маҳсулотларни хайрия қилиш орқали саховат тадбирини бошлаб беришди.

Тошкентдаги «Туркистон» санъат саройи ёнида бошланган хайрия тадбирига бир неча соат ўтиб пойтахтнинг яна кўплаб аҳолиси қўшилди.

«Маданият соҳаси вакиллари иштирокида йиғилган хайрия маҳсулотларини Сирдарё вилояти аҳолисига ёрдам сифатида олиб боришни ният қилган эдик. Бизни хурсанд қилгани эса хайрия бошланганидан бир кун ўтар-ўтмас унга санъаткорларнинг мухлислари, саховатли инсонларимиз ҳам қўшилишди.

Ижтимоий тармоқлар орқали бу тадбирни эшитган кишилар имкон даражасида, нима топса олиб келишяпти», – дейди «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси раҳбари Одилбек Абдуқаҳҳоров.

Хайрия тадбири доирасида пул маблағлари учун махсус ҳисоб рақам ҳам ташкил қилинган эди. Бу маблағлар қандай кўринишда сарфланади, мазмунидаги саволимизга муассаса раҳбари қуйидагича жавоб берди: «Бу масалани Маданият вазири билан маслаҳатлашиб олдик. Унга кўра, маблағ йиғилишига қараб талафотдан жабр кўрган маҳаллалардан бирига маданият маркази қуриб бериш ниятидамиз. Агар йиғиладиган маблағ кутганимиздан кўра кўпроқ бўлса, тошқиндан уйлари йиқилган ва уни тиклаш имконияти бўлмаган аҳоли вакилларига уй-жойлар ҳам қуриб берилади».

Таниқли сўз устаси, хайрия тадбири фаолларидан бири Шукрулло Исроилов охирги вақтларда Ўзбекистонда рўй бераётган офатларни бутун халқ бошига тушган синов, деб атади.

«Бухорода кузатилган ва катта талафот келтирган кучли шамол, май ойи бошида Сирдарёдаги фалокатлар бу синов. «Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу» деган мақол бор. Ҳар бир кун ёруғ бўлавермайди. Аммо бизнинг халқимиз қийинчиликлар олдида сабрли, бардошли ва саховатли халқки, фахрлансак арзийди.

Мен нафақат санъаткорлар, балки бу тадбирда қатнашаётган барча инсонларга миннатдорчилик билдираман», – деди у.

«Куч — бирликда» ибораси мазмунини бугун тушундим», дейди хонанда Рашид Холиқов.

Унга кўра, ўзбек халқи ватандошлари бошига тушган оғир кунларда ўз бирлигини кўрсатмоқда.

«Шахсан ўзим ҳам оиламиз номидан қийналаётган аҳоли вакилларига бир юк машинасида турли мебел ва жавонларни юборишни ният қилдим. Ўйлайманки, катта талафот кўрган оилаларга янги жойлар берилганда бу мебеллар ҳам асқотади», – деди хонанда.

Одатда турли хайрия тадбирлари ва ижтимоий акцияларда фаол бўладиган Жаҳонгир Позилжонов бу сафарги тадбирда ҳам иштирок этмоқда.

«Отам маҳалламизда кимнинг уйида ҳашар, тўй ёки бошқа бир тадбир бўлса ўзи билан бирга бизни ҳам олиб чиқарди. Бу хайрия тадбири ҳам бир ҳашар.

Айримлар санъаткорга нисбатан «отарчи» иборасини ишлатади, уларни мақтанчоққа йўйишади. Бугунги тадбир бошланган пайтда ҳам санъаткорлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ҳашар ҳақида юртдошларимизни огоҳлантиришди ва тўрт-беш соат ўтиб бунинг натижаси сезилди. Одамлар имкон даражасида турли маҳсулотлар билан хайрияга қўшилишди. Санъаткорларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини ҳар доим ҳам мақтанчоқлик деб бўлмайди. Бу акцияда, хайрия ҳашарида фаол бўлишга чорлов», – дейди хонанда.

«Биз санъаткорлар саховат тадбирига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан хурсандмиз. Сирдарёликлар учун ҳаммаси тезроқ яхши бўлишидан умидвормиз, биз доим улар билан биргамиз», — деди хонанда Зиёда.

Хайрия тадбири борасида хонанда Дилсўз ҳам ўз фикрларини билдирди. «Сирдарёдаги юртдошларимиз учун қилинаётган хайрияга озми-кўпми ҳиссамизни қўшдик. Хайриямиз жуда катта эмасдир, лекин қалбан улар билан доим биргамиз», деди у.

Маълумот учун, хайрия маҳсулотлари бугун кун давомида ҳам йиғилади ва маҳсулотлар ортилган карвон 5 май куни Сирдарё вилоятига йўл олади.

Мавзуга оид