Жаҳон | 19:40 / 04.05.2020
12057
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон сенатига янги раис сайланди

Қозоғистон Республикаси парламенти олий палатаси - Сенатнинг янги раиси этиб Маулен Ашимбаев сайланди. Депутатлар унинг номзодини деярли бир овоздан маъқуллашган.

Фото: Kazinform

49 ёшли Ашимбаев ушбу лавозимни бир йилдан кўпроқ эгаллаган, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева ўрнини эгаллади

Аввалроқ, 4 май куни Ашимбаев Қозоғистон президенти фармони билан сенат депутати этиб тайинланган. 

2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Дариға Назарбоеванинг сенат депутати сифатидаги ваколатлари тугатилиши ҳақидаги фармонни имзолаганди. Ҳанузгача бунинг сабаби маълум қилинмаяпти. 

4 май куни Қозоғистон марказий сайлов комиссияси Назарбоеванинг депутатлик ваколатларини ҳам тугатган.

2019 йилда Ашимбаев Тўқаевнинг сайлов штабига бошчилик қилган. Тўқаевнинг навбатдан ташқари президент сайловларидаги ғалабасидан кейин Ашимбаев президент маъмуриятига ишга ўтган ва 2019 йил декабрдан президент маъмурияти раҳбари биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган. Бунгача у Қозоғистон Хавфсизлик кенгашида ишлаган, бир неча марта депутат этиб сайланган.

Таъкидлаш жоиз, Қозоғистон сенати спикери республикада деярли иккинчи рақамли инсон ҳисобланади. Мамлакат конституциясига кўра, президент истеъфога кетса ёки лавозимидан воз кечса, ёхуд вафот этса президент ваколатлари айнан сенат раисига ўтади. Айнан шундай ҳолат 2019 йил мартда Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқишга қарор қилгандан кейин юз бериб, унинг ўрнини ўшанда сенат раиси бўлган Тўқаев эгаллаганди.

Мавзуга оид