Жамият | 17:59 / 09.05.2020
30242
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга таътилга келган 400 нафар талаба Кореяга қайтолмаяпти. Улар ўқишдан четлатилиши мумкин

Kun.uz таҳририятига Корея Республикасидаги университетларнинг бакалавриат ва магистратура босқичларида ҳамда университетлар қошидаги тил курсларида таҳсил олаётган, бироқ авиқатновлар тикланмаётганлиги сабабли ушбу давлатга қайта олмаётган бир гуруҳ ёшлар мурожаат қилди. Уларнинг айтишича, 25 майгача университетларига етиб боришмаса, ўқишдан ҳайдалиши ва контракт пулларига куйишлари мумкин.

Азиза Шукурова, Корея миллий университети талабаси:

– Жанубий Кореяда уч йилдан бери ўқийман. Корея миллий университетининг халқаро муносабатлар факультети 2-босқич талабасиман. Қишки таътилда Ўзбекистонга келган эдим. 18 мартда Ўзбекистон ҳаво йўлларига чиптам бор эди, авиақатновлар тўхтатилгани туфайли 3 апрель санасига Asiana Airlines’га чипта сотиб олдим. Чипта пулига ҳам анчагина куйдик.

Ҳар ой 400 доллардан, бир йил учун эса 4800 доллар контракт пули тўлайман. Ҳозир бизда онлайн дарс бўлаётган эди, аммо 2-3 кундан бери университетдан тинмай хат ёзишяпти. Агар май охири-июнь бошигача келмасангизлар, сизларни ўқишдан четлаштирамиз, контракт пули қайтарилмайди, дейишяпти. Бизда авиарейслар йўқлигини тушунтирсам ҳам, улар қандай бўлмасин етиб келинглар, деб хабар беришяпти.  

Сардорбек Аҳмадуллаев, Вусук университети талабаси:

– Корея Республикасининг Вусук университетида маркетинг йўналишида ўқийман. 2017 йилда Кореяга бориб, у ерда 2 йил давомида тил ўрганиб, бакалавриатнинг 1-босқичига ўқишга кирдим. Биринчи семестрни тугатдим. Қишки таътилга уйга келгандим, 22 март куни кетишим керак эди. Йўллар ёпилгани учун кета олмай қолиб кетдим.

Университетдан қачон етиб келасизлар, қачон авиақатнов тикланади деб бизга ҳар куни хабар ёзишади. Биз нима дейишни билмаймиз, чунки йўллар қачон очилиши ҳақида маълумот йўқ. Нима дейишни билмасдан, мана оз қолди, яқинда карантин тугайди деб айтиб келяпмиз.

13 майгача бизга рухсат беришди, академик таътил олиш учун рўйхатдан ўтинглар дейишяпти. Агар рўйхатдан ўтмасак, визамиз бекор бўлади, Д2 визадамиз ҳозир. Академик таътил олмасак, қайта виза ололмас эканмас. Академик таътил олсак, бир йилни йўқотамиз ва контракт пулларимиз ҳам куяди.

Ўзим Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманиданман. Пандемия туфайли баҳорги семестр дарсларини онлайн шаклда ўтиб турибмиз. Бугун ҳам дарс бўлди. Ҳозир чартер рейслар қўйилиши ва ўқишимизга тезроқ етиб боришимиз – муаммонинг энг оқилона ечими. Шунда ўрнимизни сақлаб қолиб, таҳсилни келган жойидан давом эттиришимиз мумкин бўлади.

Кореяга виза олиш ҳам жуда қийин. Катта пул тўлайсиз, контракт тўлайсиз. 2017 йилда визага топширганимизда жуда қийналганмиз. Бизга ўхшаган ёшлар кўп. Виза бекор бўлмасдан аввал чартер рейс ёки бошқа иложини қилиб беришса, жуда ҳам хурсанд бўлардик.

Иброҳим Аҳмаджонов, Вусук унверситети талабаси:

– Мен Наманган вилояти Чуст туманиданман. Сардорбек билан бирга Вусук университетида ўқийман. 2018 йилда Корея Республикасига бориб, у ерда тил курсларини ўтиб, ҳозирда бакалавр 1-босқич талабасиман. Менга ҳам ҳар куни хабар келяпти, қачон келишимни сўрашяпти. Рейслар йўқлиги учун кета олмай турибмиз.

Бошқа тенгдошларим сингари қишки таътилда уйга келганман, шу билан қолиб кетдим. Чегаралар очилиши бизларга боғлиқ эмас. Бу давлат миқёсида ҳал қилинадиган масала. Шу шароитда ҳам университет биздан Кореяга етиб келишни талаб қиляпти. Чунки у ерда масофани сақлаган ҳолда ўқишлар бошланиши арафасида.

15-18 майдан кейин оралиқ тест имтиҳонлари бўлади. Шуларга иложи борича етиб келинглар дейишяпти. Агар бора олмасак, баҳоларимизда муаммо бўлади. Бунинг устига, контрактлар ҳам ошиб кетади. Агар ҳозир бориб, ўрнимизни сақлаб қолсак, жуда яхши иш бўларди. Бир семестр, яъни олти ойга 1300 доллар контракт тўлаймиз. Агар баҳоларимизда муаммо бўлса, бизники 100 фоиз бўлиб, 3 минг долларга кўтарилиб кетади. Оралиқ назоратга бора олмасак, профессорлар “дарсда қатнашмади” деб белгилайди ва контракт яна кўтарилиб кетади. Визага ҳам бунинг таъсири бўлади. Шунинг учун ҳам май ойида етиб боришимизни сўрашяпти, уларга нима деб жавоб қайтаришни билмаяпмиз.

Зафарбек Исроилов, Квангвун университети:

– Қува туманиданман. Бизда аҳоли асосан экспорт билан шуғулланади. Мева экспорти – гилос, олма, анор. Шу муносабат билан Жанубий Кореянинг нуфузли университетларидан бирига халқаро савдо факультетига ўқишга кирмоқчиман. Яъни экспортда Корея тажрибасини ўрганиб қайтиш ниятидаман.

Ҳозир университет қошидаги тил ўрганиш курсида ўқияпман. Шундан кейин бакалавриат босқичида таҳсил ола бошлайман. Визамиз 25 февралда чиққан эди. 1 мартдан буён авиақатновлар йўқ, чегаралар 16 мартдан ёпиб қўйилди. 25 майга қадар визамни янгилаш учун вақтим бор. 25 майгача ўқишга етиб бора олмасам, мени четлаштиришади ва қайта ўқишга қабул қилишмайди.

Ўқишим 2 апрелдан бери онлайн тарзда ўтказилмоқда. 9 майдан бошлаб Кореядаги университетларда оралиқ масофани сақлаган ҳолда дарс ўтиладиган бўляпти. Агар онлайн таълим олмоқчи бўлсак, Кореяда бўлишимиз шарт. Айтайлик, мен баҳорги семестрни онлайн ўқидим, лекин виза муддатим ўтиб кетди, Кореяга бор олмадим. Кузда бошланадиган кейинги семестргача виза ололмасам, 6 минг доллар тўланган контрактнинг баҳорги семестр учун 3 минг доллари сақлаб қолинади, 3 минг доллари қайтариб берилади. Кейинчалик виза олиш муаммо, шунинг учун онлайн дарс бизга катта муаммо бўляпти.

Бундан ташқари, интернет тезлиги ва сифати масаласи ҳам бор. Кореяда ўқийдиган, таътилга Ўзбекистонга келган талабаларнинг аксарияти чекка ҳудудларда яшашади. У ерда интернет сифати яхшимас, онлайн дарс олишда ҳам муаммолар кўп. Онлайн дарс олсам-у, май охирига қадар бора олмасам, 3 минг доллар пулимни йўқотаман. Баҳорги семестр учун ўтказган контракт пулимга куяман.

Юзага келган мураккаб вазият тўғрисида Ўзбекистондаги ваколатли идоралар, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Президент порталига мурожаат қилдик. Афсуски, қониқарли жавоб олмадик.

18 мартда Фарғона вилоятидаги Ёшлар иттифоқи марказига борганман. Карантин сабабли ходимлар йўқ экан. Ўша ердаги бир ходим Ташқи ишлар вазирлигига телефон қилишни маслаҳат берди. ТИВга қўнғироқ қилганимда, чет элда бўлсангиз, ёрдам бера оламиз холос, деган жавоб олдик.

Ўзбекистондаги Корея элчихонаси 20 апрелда пандемия туфайли Ўзбекистондан Корея ҳудудига чиқиб кета олмаган талабалар, ишчиларнинг визасини қайта кўриб чиқиш масаласида баёнот берди. Баёнотда қайта виза олишнинг юз фоиз аниқлиги кўрсатилмаган. Элчихона ходимлари билан мулоқот қилсак, улар бизга яхши муомала қилишмаяпти.  

Мисол учун, бугун (суҳбат 8 май куни ёзиб олинган – таҳр.) Корея элчихонасига 12 марта телефон қилдим. Виза масаласини танласангиз, гудок кетиб ўчиб қоляпти. Бошқа масала бўйича чақириб, илтимос, мени улаб беринг, деб савол берсам, сайтда маълумот кўрсатилган, шундан кўриб олинг, деб телефонни қўйиб қўяди. Мен сайтда кўрсатилганига тушунмаяпман, тўлиқ маълумот берилмаган. Президент қабулхонасига онлайн мурожаат қилганмиз. Президент администрацияси – 1000 рақамига қўнғироқ қилиб, мурожаат қолдирган эдим, мурожаатимни Транспорт вазирлигига тақдим этишган. Вазирликда эса телефонни кўтаришмаяпти.

Азиза Шукурова:

– Д2, Д4 визаси бор ўзбекистонлик ёшлар пандемия туфайли Ўзбекистондан Кореяга бора олишмаяпти. Ҳукуматдан биз учун чартер рейс қўйиб беришларини илтимос қиламиз. Чет элда билим олиб, Ўзбекистонга қайтиб келишни ва ўрганганларимизни бошқаларга ҳам ўргатишни ният қилганмиз. Илтимос, ўқишдан ҳайдалишимизга, бир неча йиллик меҳнатимиз ҳавога совурилишига йўл қўйманг!

Сардорбек Аҳмадуллаев:

– Ҳукуматимизга мурожаат қилмоқчимиз. Корея Республикасига ўқишга кирган 400 нафардан ортиқ талабалар номидан гапирмоқчиман. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, бизни ҳам тўғри тушунган ҳолда ёрдам кўрсатишингизни сўраб қоламиз. Бизга ёрдам қўлини чўзадиганлардан, мурожаатимизни беэътибор қолдирмайдиганлардан жуда ҳам миннатдор бўламиз.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Мавзуга оид