Ўзбекистон | 17:40 / 10.05.2020
88046
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Ўзбекистонда сўнгги ҳолатлар асосан Самарқанд ва Тошкентда қайд этилмоқда

Ўзбекистонда 10 май куни соат 16:55 ҳолатига кўра, кун давомида коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 62та янги ҳолат қайд этилди. Шундан 61таси Тошкент шаҳрида, 1таси Самарқандда аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкент шаҳрида қайд этилган 61та ҳолатдан 53таси хориждан келиб, карантинга жойлаштирилганлар орасида қайд этилган. 8 бемор эса аввалроқ коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган беморлар билан алоқа туфайли коронавирус юқтиргани аниқланган.

Самарқандда қайд этилган биргина ҳолатда бемор коронавирусга чалинган бошқа беморлар билан алоқа қилиш орқали вирусдан зарарланган.

Қайд этиш керакки, сўнгги икки ҳафтада фақат Самарқандда ҳар куни янги ҳолатлар аниқланмоқда.

Самарқандда 27 апрелдан буён жами 130 кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, 69 киши тузалган.

Тошкентда эса 27 апрелдан буён жами 222 кишида касаллик аниқланган (ўтган икки ҳафта ичида фақат 2 май куни янги ҳолатлар қайд этилмаган), 339 киши тузалган.

Бугун ҳозирча жами 24 бемор тузалди ва жами тузалганлар сони 1870 нафарга етди, бу эса умумий зарарланиш ҳолатлари (2411)дан 77 фоизи соғайгани демакдир.

Айни вақтда коронавирусдан холи бўлган Жиззах ва Қашқадарёдан кейин Андижон вилояти ҳам бу натижага яқинлашмоқда - вилоятда шу вақтгача қайд этилган 166 бемордан 158 нафари соғайган - 95 фоиз. Андижонда 3 май кунидан буён фақат бир кунда - 8 май куни битта янги ҳолат қайд этилган.

Мавзуга оид