Жаҳон | 23:27 / 10.05.2020
67934
6 дақиқада ўқилади

Тожикистон-Қирғизистон можароси: Ким биринчи ўқ узганди?

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Исфара ноҳияси ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен райони ўртасидаги чегара ҳудудида ҳар икки мамлакат чегарачилари ҳамда оддий аҳоли ўртасида тез-тез қуролли тўқнашувлар содир бўлиб туради. Ана шундай можаролардан навбатдагиси 8 май куни кузатилди. Икки томон бир-бирига қарата ўқотар қуроллардан ўқ узди. Можаро вақтида ким биринчи бўлиб ўқ узгани аниқ эмас.

Фото: Asia-Plus

Бўлиб ўтган нохуш ҳодисада ҳар икки томон бир-бирини айбламоқда. Давлатлар бир-бирига норозилик нотаси жўнатишга ҳам улгурди.

Тожикистон ва Қирғизистон ҳукумат ва давлат чегаралари вакиллари 8 май куни содир бўлган отишмадан кейин чегара ҳудудларда вазиятни нормаллаштириш мақсадида музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлиги чегара қўшинлари матбуот хизматига таяниб Азия-Плюс нашри хабар тарқатган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, чегара қўшинлари матбуот марказининг хабар беришича, Қирғизистон фуқаролари Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Исфара туманидаги Чоркўҳ қишлоғидаги «Ибодулло Файзуллаев» маҳалласига тегишли ҳудудда маҳаллий ҳокимият органларининг розилигисиз 4 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, у ерга экин эккан.

Тожикистон томони тарқатган расмий баёнотда шундай дейилади: «Қўшни мамлакат фуқароларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларининг олдини олиш учун улар экин экаётган ер Тожикистонга тегишли эканлиги тўғрисида хабар берилди. Шу муносабат билан Қирғизистон чегарачилари ва маҳаллий аҳолига Тожикистон ҳудудидан чиқиб кетиш таклиф қилинди. Бироқ, Қирғизистон чегарачилари ва аҳолиси ҳудудни тарк этиш ўрнига Боткен туманидаги Оқсой қишлоғидаги «Кўктош» маҳалласида яшовчи аҳолини ҳам Тожикистон расмийларига қарши гиж-гижлади. Оқибатда Қирғизистоннинг ўнлаб фуқаролари чоркўҳликларга аввалига тош отган, сўнг уларга ўқотар қуроллардан ўқ узилган.

8 май куни соат 18:10да Боткен чегара бўлими «Кўктош» чегара постининг 30 нафар ҳарбий хизматчиси ҳамда қирғизистонлик 10 нафар полиция ходими вазиятни назоратга олиш ўрнига, Қирғизистон фуқаролари бўлган маҳаллий аҳолининг провокацион ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, Тожикистоннинг тинч аҳолисига Калашников автоматлари ва пулемётлардан ўқ узди. Шундан сўнг Тожикистон чегарачилари ўзларини ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун қарши томонга ўқотар қуроллардан ўқ узишга мажбур бўлди», дейилади тожик томонининг баёнотида.

Тожикистон чегара қўшинлари идорасининг маълум қилишича, воқеа оқибатида Тожикистон фуқаролари, 1983 йилда туғилган Фозилов Фазлиддин ва 1971 йилда туғилган Шарипов Айёмиддин оғир яраланиб, касалхонага ётқизилган.

Ноталар алмашинуви, икки томон бир-бирини айбламоқда

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот департаменти хабарига кўра, 9 май куни Тожикистоннинг Бишкекдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Назирмад Ализода чегарада содир бўлган ҳодиса юзасидан Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Элчига у ерда «қирғизистонлик ҳарбийлар ва фуқароларнинг Тожикистон чегарачилари томонидан бир неча бор ўқотар қуролдан нишонга олингани, оқибатда Қирғизистоннинг уч нафар чегарачиси ва бир нафар фуқароси ўқ тегиб, жиддий яралангани юзасидан» норозилик нотаси топширилган.

«Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасида тожикистонлик ҳарбий хизматчилар ва фуқароларнинг вазиятни издан чиқаришга олиб келадиган аниқ бузғунчи ва провокацион ҳаракатлари юзасидан ташвиш билдирилди. Тожикистон томонининг ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлари халқлар бирлигини тимсоли бўлган ғалаба куни арафасида ва тинчлик ҳамда осойишталик ойи саналадиган муқаддас Рамазон ойида қилингани жуда ачинарлидир.

Қирғизистон томони чегара ҳудудларидаги вазиятнинг ёмонлашуви учун барча жавобгарликни Тожикистон томони зиммасига юклайди ва вазият янада ёмонлашишига йўл қўймаслик учун қўшни юрт раҳбариятидан шошилинч чоралар кўришни ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилади», дейилади Қирғизистон ТИВ билдирган баёнотда.

Ўз навбатида Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчиси Рустенбеков Тожикистон ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Элчига «Қирғизистон фуқаролари ва ҳарбий хизматчиларининг қуролли воқеага сабаб бўлган провокацион ҳаракатлари туфайли» норозилик нотасини топширилган.

«Элчига Қирғизистон фуқароси томонидан Тожикистон чегарачилари ва ҳарбийлари ўқотар қурол ёрдамида ўққа тутилгани ортидан нохуш ҳодиса келиб чиққани, шундан сўнг Тожикистон чегарачилари ҳам ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида жавоб чораси сифатида ўқ узишга мажбур бўлишгани айтилди. Шунингдек, жаноб элчига Қирғизистон раҳбарияти ўз чегарачилари ва фуқароларининг навбатдаги провокацион хатти-ҳаракатлари икки юрт ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўлгани учун уларга чора кўриши лозимлиги талаб қилинган нота топширилди.

Қўшни мамлакат фуқаролари ва ҳарбий хизматчиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида ҳозирда касалхонага ётқизилган икки тожикистонлик жиддий жароҳат олгани қайд этилди. Суҳбат чоғида чегараолди ҳудудлардаги вазият кескинлашгани учун бутун жавобгарлик Қирғизистон томонига юклатилди. Ўқотар қуроллардан фойдаланган ҳолда қилинаётган провокацион ҳаракатларни тўхтатиш, шунингдек, воқеани синчковлик билан тергов қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш талаби қўйилди.

Тожикистон ТИВ мазкур нохуш ҳодисани 9 май байрами ва муқаддас Рамазон ойи мавзулари билан боғлаб бўлмаслигини таъкидлайди ҳамда фахрийларнинг хотирасини биргаликда шарафлашга чақириб, ғалаба байрамини бирга нишонлашга чақиради», дейилади Тожикистон ТИВ ахборотида.

Тожикистон республикаси Сўғд вилояти Исфара ноҳиясига қарашли Чоркўҳ қишлоғини уч тарафдан Қирғизистон ҳудуди ўраб туради. Маълумки, собиқ иттифоқ даврида миллий республикалар тузилган пайтда иттифоқдош республикалар ўртасидаги чегараларни билдирадиган ҳеч қандай белгилар бўлмаган. Шунингдек, СССР тарқаб кетгунича айрим ҳудудларда чегаралар бир неча бор ўзгарди ҳам. Айниқса Марказий Осиё республикалари ўртасидаги чегаралар жуда мураккаб тортилган. Оқибатда иттифоқ тарқаб кетганига қарийб 30 йил бўлганига қарамай, республикалар ўртасида чегаралар демаркацияси ҳануз охиригача етказилмаган.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида баҳсли ҳудудлар кўплиги бу икки мамлакат чегарачилари ва фуқаролари ўртасида тез-тез қуролли тўқнашувлар содир бўлишига сабаб бўляпти. 8 май куни ер талашиш ортидан келиб чиққан қуролли тўқнашувнинг сабабларидан бири ҳам ана шундай баҳсли ҳудудлар мавжудлигидир.

Мавзуга оид