Сенат Сардоба масаласида ҳукуматдан ҳисоб сўрайдими? Танзила Норбоева изоҳ берди
Сенат раиси Танзила Норбоева юқори палатанинг тўртинчи ялпи мажлисида «Сардоба» сув омборидаги техноген офат масаласида тўхталиб ўтди.
«Сенат ҳукуматдан бугунги мажлисда Сардоба масаласида сўров қиладими, деб сўрашяпти. Бунга айтишим мумкинки, давлат раҳбари бир неча марта эълон қилдилар, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан жиноий иш қўзғатилган, ҳозир тергов ишлари олиб бориляпти. Бу масала давлат раҳбарининг шахсий назоратида. Қаерда коррупция бўлган бўлса, қаерда қонун бузилиши бўлса, ҳаммасига, албатта, чора кўрилади.
Муаммолар ҳаммаси ўзимизники, ҳал қилишда ҳам фақат ўзимиз ҳал қиламиз. Шу пайтда халқнинг уюшганини, бир-бирини қўллаб-қувватлашини кўрдик, биз раҳбарлар ҳам уюшиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, халқ муаммоларини ҳал қилишда ҳуқуқ-тартибот органларига ёрдам беришимиз керак.
Агар ҳуқуқ-тартибот идораларида ҳам муаммолар бўлса, уларда ҳам беш қўл баравар эмас, бунинг ҳам чораларини биргаликда кўришимиз керак бўлади», дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ялпи мажлис давомида Танзила Норбоева тизимли муаммолар прокуратура аралашувидан кейингина ҳал бўлишини танқид қилди.
«Тизимли муаммолар жуда ҳам кўп. Кўп масалалар прокуратура ишга аралашгандан кейингина ҳал бўляпти. Мисол учун, вояга етмаганлар масаласида 14,5 мингдан зиёд мансабдор шахс қонунни бузган, 77та жиноят аниқланган, 12 мингдан зиёд боланинг ҳуқуқлари тикланган. Нега прокуратура ишга аралашгандан кейин болаларнинг ҳуқуқлари тикланиши керак?
Шу йўналишда ишлаётган тизимлар – Халқ таълими, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари бор. Уларнинг фаолиятида катта муаммолар мавжуд.
Қўмиталар тизимдаги муаммоларни прокуратура билан бирга таҳлил қилиб, қонунга ўзгартириш киритиш керакми, ишни такомиллаштириш бўйича янги механизм жорий этиш керакми, ҳамкорлик масаласини кучайтиши керакми – шу масалаларни кўриб чиқишлари керак.
Тизимли муаммоларни томири билан ҳал этмас эканмиз, ҳар йили прокуратура ҳисоботини эшитганимизда шу муаммолар яна қайд этилаверади; шунча чора кўрилди, деган ҳисоботни яна эшитаверамиз», деди Танзила Норбоева.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
23:49 / 20.12.2024
Ўзбекистоннинг миграция сиёсатини ишлаб чиқишда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳам иштирок этади
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024