Жамият | 19:20 / 12.05.2020
24524
7 дақиқада ўқилади

«2 ойдан бери ишсизмиз, бу ерда яшаш жуда қиммат…» – Қатардаги ўзбекистонликлар

Таҳририятимизга турли иш-юмуш билан Қатарга бориб, ортга қайта олмаётган ўнлаб ўзбекистонликлардан мурожаат келиб тушди.

Ватандошларимиз ўз мурожаатида пандемия сабаб айни вақтда ишсиз ва маблағсиз қолишгани, ораларида ҳомиладор аёллар ҳам борлиги ва Ўзбекистонга қайтиш учун авиарейслар ташкил қилинмаса, янада оғир аҳволда қолишларини баён қилишган.

Улар билан боғланиб, ҳолат юзасидан батафсил маълумот олдик.

Ёдгор Ҳайитбоев:

– Мен Қатарга 2019 йил декабрь ойида ишлаш учун келганман. Ҳозирда коронавирус сабабли ҳамма жойлар ёпилган ва ишсиз қолганмиз, ойлигимиз ҳам берилгани йўқ. Шу сабабли биринчи бўлиб Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонасига чартер рейс бўйича мурожаат қилдик. Чунки Қатар давлатида Ўзбекистон элчихонаси йўқ. Кувайтдаги элчихонага ҳамма маълумотларни жўнатяпмиз. Улардан бизга Ташқи ишлар вазирлигидан жавоб кутяпмиз, деган хабар келади.

Уларни ҳам тушунган ҳолда, ўзим Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилдим. Рейслар бўлишини интернет сайтларида эълон берамиз, деб Саудия Aрабистонидаги элчихонамизнинг телефон рақамларини юборди. Элчихонага алоқага чиқсам, улар менга Кувайтдаги элчихона билан боғланишимни айтишди. Иккита элчихона ўртасида сарсон қилишди ва ҳеч қандай натижа йўқ.

Ёдгор Ҳайитбоев

Мен Ўзбекистонга қайтиш масаласида, президентдан, ҳукумат аъзоларидан чартер рейс ташкиллаштирилишини сўрайман.

Қатар араб давлатлари ичида коронавирус энг авж олган мамлакатлардан бири. Охирги бир ҳафта ичида кунлик касалланишлар сони мингтадан тушмаяпти, жами беморлар 20 мингдан ошди. Ваҳоланки Қатарда 3 миллионга яқин аҳоли бор холос.

Бу ерда шифокорлар кўриги, тиббий хизмат қиммат. Ҳозирча Қатардаги ўзбекларда бу касалликка чалинганлар йўқ.

Бизни бу ердаги энг катта муаммомиз – мурожаат қиладиган элчихонамиз йўқлиги. Чартер рейслар масаласи бўйича 1 ой олдин мурожаатимизни бошлаганмиз. Aгар узоқ вақт оладиган бўлса, бизда яшаб туриш учун 15-20 кун кутадиган имкониятимиз йўқ. Яшаш жойимизни ҳам бўшатишга мажбур бўламиз.

Бу ерда яшаш харажатлари жудаям қиммат: бир ойлик харажатлар $600-$700 атрофида бўлади.

WhatsApp`да гуруҳ очганмиз, ўзаро ёрдам сўраб мурожаатлар бўлади. Ўзимизда муаммо бўлгани сабабли бир-биримизга ёрдам беришимиз ҳам қийин бўляпти.

Венера Aбдураҳманова:

– Мен визам муддати тугагани сабабли шу масалада Уммондан 11 март куни Қатарга келганман. Келган кунимданоқ аэропортларни 2 ҳафтага деб ёпишди. Карантин тугаши билан очилиши айтилди. Лекин 2 ойдан бери карантиндамиз.

7 ойлик ҳомилам бор. Шу сабабли ташқарига чиқа олмаяпман. Визамни ҳам қила олганим йўқ, чунки Қатарни билмайман, одамларни танимайман. Ҳатто шифохоналарга ҳам бора олмаяпман.

Венера Aбдураҳманова

Ҳозир бу ерда 2 ойдан бери карантиндаман, менга ҳомилам сабабли 1 ойдан кейин кетиш мумкин эмаслигини айтишди. Aгар мана шу ойларда учиб кетмасам, шу ерда туғишга мажбурлигим айтилди. Лекин бу ерда туғиш учун ҳужжатларнинг асли ва 9 минг қатар риёли ($2470 атрофида – таҳр.) сўрашди.

Менда бу миқдорда пул тўлаш учун имконим йўқ. Ҳозирда бир оиланинг уйида яшаяпман. Кувайтдаги Ўзбекистон консуллигига ва Ташқи ишлар вазирлигига хат ёздим. Лекин ҳали ҳам жавоб олганим йўқ.

Мендан ташқари бошқа аёллар ҳам бу ерда бор. Улар ҳам Ўзбекистонга кетишни хоҳлашади. Ишдан кетганликлари сабабли квартирага тўлашга пуллари қолмаган. Виза олишга пул тўлашган, лекин рад жавобини олишди.

Бу ерда 15 апрел куни кўрикдан ўтдим. Ҳозир УТТ (УЗИ) қилдиришга ва қон топширишга имкониятим йўқ. Бизда 1-2 ойгача яшаб туриш учун имкониятимиз йўқ. Чунки ҳамма ишсиз қолган.

Элёр Эргашев:

– Мен Қатарга 5 ой олдин келганман. Меҳмонхонада ишлайман. Aсосан бу ерга меҳмонхонага ишга келишади. Ҳозирда мен ҳам ишсизман. Ишхонамда 60 фоиз ишчилар ишдан бўшаган. Қолган ишчиларни эса 50 фоиз иш ҳақини кесиб ташлашган.

1 ой бўлди, ишхонамдан ишни тугатишимни айтишди. Сабабини сўраганимда, бизда маблағ йўқ, ойлик тўлаб беролмаймиз, дейишди.

Ишдан чиқариб юборгандан сўнг, компания ўз ҳисобидан билет олиб бериши керак. Лекин улар «чартер рейсларингга биз жавоб бермаймиз, ўзингнинг ёнингдан бўлиши керак» дейишди. 385 риёл пулим қолган, бу дегани $100га ҳам бормайди. Бу 15 кунлик озиқ-овқатимга етади.

Элёр Эргашев

Ўзбекистон ҳукуматидан, муҳтарам президентимиздан, тегишли мутасадди ташкилотлардан чартер рейс қилиб беришларини сўраган бўлардим.

Қатарда тахминан 600дан ошиқ ўзбеклар бор. Биз улар билан боғланиб туриш учун мессенжерда гуруҳ очдик. Ҳозирда гуруҳимизда юз нафарга яқин ўзбеклар бор, уларни ичида шароити жудаям оғирлар мавжуд.

Шаҳзод Йўлдошбоев (талаба):

– Биз Ўзбекистондан 7 нафар талабамиз. Олти талаба 1-курсда ўқийди, яна бири иккинчи курсда. Ҳаммамиз битта ётоқхонада турамиз. 9 мартдан кейин ҳамма университетлар ёпилгани сабабли, дарсларимиз онлайн тарзида ўтилаётган эди. 16 март куни билет олиб Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлганмиз. Чегаралар, аэропортлар ёпилгани тўғрисида хабар келди ва шу билан биз бу ерда қолиб кетдик.

Шаҳзод Йўлдошбоев

14 май куни университетимизда баҳорги семестр тугайди ва шу сабабли ётоқхонани тарк этишимизни сўрашлари эҳтимоли бор.

Ҳеч қайсимиз ишламаймиз. Фақат бир киши ишлар эди. Ҳозир у ҳам ишсиз қолган. Пулимиз йўқ, лекин ётоқхонани ўзидан бизга 2 маҳал овқат бериб туришади. Стипендия эса бизга берилмайди.

Улуғбек Ҳамраев:

– Мен Қатарга 2018 йилда келганман. 3 ой олдин Ўзбекистонга бориб келган эдим. Келганимдан кейин 15 мартда ишимиз тугаган ва ойликлар ҳам тўхтаган. Захирадаги бор пул билан кун кечириб яшаб турган эдик. Компаниямиз томонидан озгина босим бўлиб, ҳаммани мажбурий ишдан жўнатиб юборяпти.

10–15 кунлик маблағимиз қолган, бизга ҳеч қандай ёрдам берилмайди. Бу ерда бошқа ўзбеклар ҳам бор. Эр-хотинлар, аёллар ва уларнинг аҳволи яхши эмас. Бир-биримизга қўлдан келганча ёрдам қилиб турибмиз. Ҳукуматимиздан чартер рейсни иложи борича тезроқ қилиб беришса, яхши бўлишини сўраб қолардик.

Улуғбек Ҳамраев

Юнусали Aзимов:

– Қатарга 2019 йил иш масаласида келганман. Март ойида вирус кириб келгани сабабли 15 март куни ишимиз тўхтади. Карантин сабабли ресторанлар ёпилган. 2 ойдан бери ишсизмиз. Ойлик олганимиз ҳам йўқ.

Юнусали Aзимов

Ўзбекистон ҳукуматидан тезроқ чартер рейсларини жўнатишини илтимос қилиб қоламиз. Ишхонамиз бир муддат ётоқхона ва овқат билан таъминлаб турди. Лекин борган сари 1 маҳалга тушиб қолди ва сифати ҳам яхши эмас. Қолган озиқ-овқатларни ўзимиз ёнимиздан олишга ҳаракат қиляпмиз.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.

Мавзуга оид