Дунёдаги вазият: ЖССТдан умидбахш хабар ва штатларга огоҳлантириш
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши 4-5 препарат устида иш олиб борилаётганини маълум қилиб, сайёра аҳолисини умидлантирди - аммо ҳозирча гап вакцина ҳақида эмас, фақат даволаш ҳақида кетмоқда. Бутун дунё бўйлаб карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиш давом этмоқда.
Америка штатларининг ярмидан ортиғи қисман очилган. АҚШда Европа билан солиштирганда карантин чекловлари бирданига бекор қилинмоқда, Британия ва ЕИ давлатлари карантиндан аста-секинлик билан чиқаётган ва фақат муҳим корхоналар фаолиятига рухсат берилаётган бўлса, Американинг қатор штатларида аллақачон кинотеатрлар, ресторанлар, тату-салонлар ва сартарошхоналар мижозлар ташриф буюриши учун очиқ.
Президент Дональд Трамп чекловлар бекор қилиниши тарафдори, аммо унинг администрациясидаги муҳим эксперт кескин ва шошилинч қадамлар кераксиз қурбонларга сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.
Ҳиндистонда темир йўл қатнови тикланди, Британия ҳукумати эса карантин туфайли ишини йўқотган фуқароларга даромадларининг 80 фоизлик қисмини октябргача тўлаб беришга қарор қилди.
- Жаҳонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 4,2 миллионга етди, 288 мингдан ортиқ бемор вафот этган.
ЖССТ дориларни синовдан ўтказмоқда, аммо уларнинг номи айтилмаяпти
Сешанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бир неча препарат коронавирусга қарши курашда муваффақият келтириши мумкинлигини маълум қилди. Ташкилот айни вақтда 4-5та энг истиқболли дориларни танлаб олиб, уларнинг коронавирусга қарши самарасини ўрганмоқда, аммо ҳозирча булар қайси дорилар экани маълум қилинмаяпти.
ЖССТдагилар ҳозиргача маълум дориларнинг бирортаси вирусни тўлиқ тўхтата олмаслиги, улар фақат оғирлик даражасини ва оқибатларни камайтириши мумкинлигини қайд этишган.
Бундан ташқари, дунё тадқиқотчилари Covid-19га қарши вакцина тайёрлаш устида ҳам иш олиб боришмоқда, аммо у тайёр бўлишига ва қачон тайёр бўлишига кафолат йўқ.
Айни вақтда ЖССТ пандемия маркази сифатида Шимолий ва Жанубий Американи кўрсатмоқда, аммо Африкада ҳам янги зарарланиш ҳолатлари ўсиб бормоқда.
«Кераксиз ўлимлар»: Америка штатларига огоҳлантириш
Америка штатларининг ярмидан ортиғи пандемия туфайли жорий этилган чекловларни бекор қилишни бошлаган ёки яқин вақтлар ичида бекор қилишга ҳозирланмоқда.
Бир қатор штатлар деярли барча чекловларни бекор қилиб бўлган. Май ойи бошидан бери Техас, Жоржия, Оклаҳома ва бошқа штатларда гўзаллик салонлари, спортзаллар, ресторанлар ва кинотеатрлар очилганди.
АҚШ Аллергик ва инфекцион касалликлар миллий институти директори Энтони Фаучи чекловлар муддатидан аввал бекор қилиниши «кераксиз изтироблар ва ўлимлар»га сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Бу огоҳлантириш - унинг АҚШ Сенатидаги чиқишининг асосий мавзуси бўлади. У ўз нутқидаги асосий пунктларни New York Times мухбири Шерил Гей Столбергга тақдим этган.
АҚШда коронавирус қурбонлари сони 80 минг кишидан ошиб кетди - бу жаҳондаги энг юқори кўрсаткичдир.
Фаучининг бу огоҳлантириши пандемияни назоратига олган штатларда чекловларни бекор қилиш тарафдори бўлган президент Трампнинг позициясига зиддир.
Оқ уйдаги махсус штаб аъзоси бўлган доктор пандемия бошланганидан буён президентга қарама-қаршилик ёқасига келиб қолди - у Трампнинг коронавирус бўйича аксилилмий чиқишларини қўллаб-қувватламайди, аммо унга очиқчасига эътироз ҳам билдирмайди.
Фаучи унинг институти кузда ёки 2020 йил қишида вакцина синовини якунлаши мумкинлигини билдирди. Бошқа давлатлардаги каби АҚШ фармацевтик компаниялари ҳам вакцина самарадорлиги тасдиқлангунга қадар уни ишлаб чиқаришни бошлашади.
Доктор видеоалоқа орқали чиқиш қилмоқда. Оқ уйнинг икки ходимида - президентнинг шахсий ёрдамчиси Стивен Миллер ва унинг рафиқаси, вице-президент Майк Пенснинг матбуот котиби Кейти Миллерда коронавирус аниқлангач, Энтони Фаучи ўзини изоляция қилган.
Ҳиндистонда поезд чипталари бир соатда сотилиб кетди
Ҳиндистон сешанба кунидан темир йўл ҳаракатини қисман тиклади - пандемия туфайли поездлар 7 ҳафта давомида юрмаётганди.
Интернетда чипталар сотуви бошланганидан бир соат ўтиб Нью-Деҳлидан Мумбай, Ченнай ва Бангалога рейслар учун ўн минглаб чипталар сотиб бўлинди.
Йўловчилар ниқобда бўлиши мажбурий, шунингдек, уларнинг смартфонларида алоқаларни рақамли кузатиш иловаси ўрнатилган бўлиши керак.
Ҳиндистон темир йўллар тармоғи билан қамраб олинган, аммо кўпинча поездлар керагидан ортиқ одам билан ҳаракатланади - одатда мамлакатдаги барча поездлар бир кунда 20 миллиондан ортиқ йўловчи ташийди.
Бундай ҳолатда вагонларда ижтимоий масофа тартибига риоя қилиш имконсиз иш. Экспертлар мамлакатда коронавирус тарқалишининг янги тўлқини бошланиши мумкинлигидан хавфсирашмоқда.
Британияда кенг миқёсли товон пули тўлаш яна 4 ойга узайтирилди
Британия ҳукумати сешанба куни карантин туфайли ишсиз қолганлар учун яна 4 ой давомида товон пули тўланиши ҳақида эълон қилди.
Карантин жорий этилгач қабул қилинган дастурга кўра, хусусий компанияларнинг ишини йўқотган ходимлари учун даромадларининг 80 фоизи миқдорида (ойига 2,5 минг фунтгача) тўловлар тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Бу дастур қиролликда ишсизлар сони кескинлик билан ўсиб кетишининг олдини олиш учун қабул қилинган. Бундай товон пулини ўзини ўзи иш билан таъминлаган британияликлар ҳам олиши мумкин. Айни вақтда бундай компенсацияни 7,5 млн киши олмоқда - бу мамлакатдаги меҳнатга яроқли аҳолининг тўртдан бир қисмидан кўпроқдир. Бундай тўловлар бюджетга ойига 14 миллиард фунтга тушмоқда.
Мавзуга оид
00:10
Сунъий интеллект диабет ривожланиш хавфини ўнлаб йиллар олдин аниқлашга ёрдам беради
03:11 / 24.12.2024
Британия дронларга қарши янги турдаги радиочастотали қуролни синовдан ўтказди
18:56 / 22.12.2024
Британиялик ҳарбийлар оммавий равишда армиядан кетишни бошлади
21:42 / 19.12.2024