Ўзбекистон | 20:12 / 13.05.2020
119337
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳудудлараро транспорт алоқаси тикланиши режалаштирилмоқда

Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни тиклаш, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

13 май куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда мамлакатдаги эпидемиологик вазият ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг таклифларидан келиб чиқиб, карантин талабларини янада юмшатиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда хизмат кўрсатиш турларига босқичма-босқич рухсат бериш мумкинлиги белгиланди.

Республика комиссиясига пандемия қайта кучайган тақдирда вазирлик ва идоралар бажариши лозим бўлган бирламчи вазифалар белгиланган тартибни тасдиқлаш топшириғи берилди.

Олис ҳудудларнинг пойтахт билан транспорт алоқасини тиклаш жуда долзарб масала бўлиб тургани қайд этилди. Шу боис Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни тиклаш, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилмоқда. Транспорт, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига булар бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид