Жамият | 20:40 / 14.05.2020
23805
5 дақиқада ўқилади

Балиқчидаги мактаб психологлари карантин даврида маошсиз қолдирилган. Нега бундай бўлди?

Андижон вилоятининг Балиқчи тумани 2-умумтаълим мактаби психологларидан мурожаат келиб тушди. Арзнома бўйича Балиқчи туманига бориб, икки аёлнинг муаммоларини ўргандик.

Маълум бўлишича, ушбу мактабда 1,5 ставка психолог штати мавжуд бўлиб, унда икки ходим иш юритади. Бир ставка асосида ишловчи психолог Барчиной Шерматова мактабда ишлаш билан бир вақтда Андижон давлат университетининг махсус сиртқи Бошланғич таълим йўналиши 3-босқичида ўқийди. 0,5 ставкада фаолият юритаётган Ибодат Дадамирзева эса университетнинг махсус сиртқи Педагогика ва психология йўналиши 2-босқичида таҳсил олади. Апрель ойи учун ҳар икки ходимга ойлик иш ҳақи ёзилмаган.

Уларнинг билдиришича, ҳар икки психологга мактаб директори апрель ойи учун иш ҳақи ёзилмагани ва бу масала бўйича туман ХТБга учраб, аниқлик киритишлари лозимлигини айтади. Улар туман ХТБнинг 2-умумтаълим мактабига бириктирилган ҳисобчиси билан телефон орқали боғланишади. Ҳисобчи вазиятни «сизлар вакант штатида турганингиз учун карантин даврида ойлик ёзилмайди», дея изоҳлайди.

Ходимлар бу масалада ХТБ иқтисодчисидан бироз бошқачароқ мазмунда жавоб олишади. Туман ХТБ иқтисодчи «апрель ойида иш ҳақи тушмаганлиги сабаби, сизлар тарификациядан ўтмагансизлар. Штатларингиз эса ҳозирги пайтда вакант», деб жавоб беради.

«Олий таълим муассасасида контракт асосида ўқийман. Ундан ташқари, 2 нафар фарзандим ҳам университетнинг кундузги бўлимида шартнома асосида ўқийди. Тушган иш ҳақимнинг барчаси фарзандларимнинг тўлов шартномаси учун ўтказаётган эдим. Карантин даврида маошсиз қолиб ҳар томонлама қийинчиликда қолдик», дейди мактаб руҳшуноси Барчиной Шерматова.

Улар Андижон давлат университетидаги бошқа туманларда ҳам худди ўзлари сингари психолог бўлиб ишлаётган гуруҳдошлари билан боғланишганида уларга ойлик берилганини айтишган.

«Андижон вилоят ХТБ ташхис маркази томонидан берилган топшириқларни мактабда очилган барча телеграм гуруҳларга тарқатиб, топшириқларни бериб боряпмиз. Нега бизга маош берилмаганига ҳайрон бўляпмиз», дейди иккинчи руҳшунос Ибодат Дадамирзаева.                                                           

Бири 2018/2019 ўқув йилидан иккинчиси эса 2019/2020 ўқув йилидан штатда фаолият кўрсатиб келаётган бу психологлар муаммога аниқлик киритиш мақсадида 9 май куни Халқ таълими вазирлигининг телеграм алоқа ботига мурожаат йўллашади. Вазирликнинг жавоб хатида «бу ҳолат ноқонунийлиги», уларга иш ҳақи тўланиши кераклиги билдирилган.

«Ҳукуматнинг ҳеч қайси буйруғида бундай кўрсатма берилмаган. Фақат ХТВнинг 105-сонли буйруғида шундай кўрсатмалар берилган. Лекин, буни сизнинг вазиятингизга умуман алоқаси йўқ. Бизнингча, директор ва ЎТИБДЎ сизга ушбу буйруқни асос қилиб, ойлик тўлашда хатоликка йўл қўйган», дейилган вазирлик жавобида.

Туман халқ таълими бўлимида

Муаммога аниқлик киритиш мақсадида Балиқчи тумани Халқ таълими бўлими бош ҳисобчиси Ғолибжон Юсупов билан суҳбатлашдик.

«Ҳақиқатан ҳам 2-умумтаълим мактаби психологларига иш ҳақи тўхтатилган. Сабаби, айни пайтда бу ходимлар номутахассис. Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғида 1 апрелдан таълим муассасаларида бўш (вакант) дарс соатлари ва лавозимлари бўйича штат бирликларига ишга қабул қилиниши ёки ходимлар ўртасида тақсимот қилиниши тўхтатилиши кўрсатилган.

Лекин ходимлар ўртасида тақсимот қилиш бу мавҳум. Чунки, бу ходимлар олдиндан ишлаб келмоқда. Бу штатлар айни вақтда вакант. Шунинг учун бу ходимлар номутахассис бўлгани учун иш ҳақи ҳисобланмаган. Муаммони ҳал қилиш учун вилоят бошқармасига ёзма мурожаат қилганмиз», дейди бош ҳисобчи.

Ходимлардан бири икки йилдан буён, иккинчиси бир йил давомида мактабда ишлаб келмоқда. Шундай экан, уларнинг штати вакант ҳисобланаётгани ажабланарли. Халқ таълими вазирлиги ҳам ходимларнинг берган саволига ойлик маоши тўхтатилиши қонунга хилофлигини билдирган.

Карантин пайти ходимлар иш ҳақининг тўхтатилиши улар учун қийинчиликлар туғдириши аниқ.

Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси ушбу масалада ходимлар манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилади, деб умид билдириб қоламиз.

Сарварбек Назаров
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид