Ўзбекистон | 15:58 / 14.05.2020
19209
4 дақиқада ўқилади

«Сардоба» жабрланувчилари учун йиғилган маблағ ва унинг сарфланиши – Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари билан суҳбат

Сардоба сув омборида юз берган техноген офатдан кейин Тошкентдаги бир нечта кўнгилли гуруҳлар, ташкилот ва корхоналар эвакуация қилинган аҳоли учун хайрия ёрдамларини юбора бошлади.

Улар қаторида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан жабрланган аҳоли учун махсус банк ҳисоб рақами ҳам ташкил қилинган эди. Kun.uz мухбири ушбу ҳисоб рақамда бугунга қадар қанча маблағ йиғилгани ва у қайси мақсадларда сарфланишига аниқлик киритиш мақсадида шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова билан қисқа суҳбат уюштирди.

— Сардоба учун ёрдамлар йиғилаётган пайтда шаҳар ҳокимлиги томонидан махсус банк ҳисоб рақами эълон қилинганди. Бугунга келиб бу ҳисоб рақамда қанча маблағ йиғилди ва улар қандай сарфланади?

Дурдона Раҳимова

— Сардоба сув омбори фалокати юз бергандан кейин Тошкентда кўплаб хайрия акциялари ташкил қилинди. Аммо карантин сабаб хайрия маҳсулотларини жойига етказишда транспорт муаммоси юзага кела бошлади. Шу сабабли Тошкент шаҳри Наврўз тўйхонасида хайрияларни йиғувчи пунктни ташкил қилдик.

Фуқаролар озиқ-овқат, кийим-кечак, нарса-буюмлар, шунингдек, пул кўринишида ёрдамлар қилишди. Улар пунктнинг ўзига нақд пулни ташлаб кетиши ҳолатлари бўлди ва бу қатор тушунмовчиликларни юзага келтирмаслиги учун уларнинг мурожаат, таклифларига кўра банкда махсус ҳисоб рақам ташкил этдик. Ҳозирги кунгача 400 миллион сўмга яқин маблағ келиб тушди.

Тўғри, бу маблағ жуда катта бўлмаслиги мумкин, лекин бир нечта хонадонни таъмирлаш, уй жиҳозларини тиклаш ёки янгилашга ҳисса қўшиши мумкин. Бу пул сардобаликларга давлат томонидан ажратиладиган компенсация маблағи таркибига кирмайди.

— Маблағ йиғилиши ва сарфланиши бўйича шаффофлик қандай таъминланади? У фалокатдан жабр кўрганларга қайси кўринишда етказилади?

Маблағлар ҳали Сирдарёга йўналтирилгани йўқ, чунки маблағлар келиб тушишда давоб этмоқда. Шаффофлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда ҳар кунлик келиб тушган маблағлар суммасини эълон қилиб боряпмиз. Уни қай тарзда аҳолига тарқатиш бўйича кенг жамоатчиликка маълум қилинади.

—Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан сирдарёликлар учун яна қандайдир шаклда ёрдамлар режалаштирилганми? Бундан ташқари, Тошкентдаги волонтёрлик гуруҳлари ва бошқа нодавлат хайрия ташкилотлари маблағларини бирлаштириш ҳақида ҳам ўйланяптими?

— Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Сардоба сув омборини тиклаш учун қурилиш техникаларидан иборат махсус ёрдам жўнатилган. Кейинчалик бу ёрдамга ҳам эҳтиёж сезиладиган бўлса, бу давом эттирилади ва сардобаликларга уй қурилиши, таъмирланиши бўйича кўмак бериш режалари мавжуд.

Хайрия эълон қилинганда волонтёрлик гуруҳлари томонидан кўплаб ҳисоб рақамлари очилди, ижтимоий тармоқда пластик карталар эълон қилинди. Ўйлаймизки, улар томонидан йиғилган маблағ хонадонларга эҳтиёжларига қараб етиб боради. Ҳокимият томонидан очилган ҳисоб рақамдаги маблағларни йўналтириш Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади. Қайси хонадон нимага кўпроқ эҳтиёжи борлиги ўрганилади. Таъкидлаб ўтамиз: ҳисоб рақамга пул ўтказиш ихтиёрий. Хайрия пули ўз манзилига ишончли тарзда етиб боришини истовчилар ушбу ҳисоб рақамга пул ўтказишлари мумкин.

Сув омбори фалокатидан жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун ташкил қилинган махсус ҳисоб рақамлар:

Юридик шахслар учун:

23120000900001172001

МФО 01172

ИНН 207290120

Poytaxtbank

Жисмоний шахслар нақд пул ўтказишлари учун:

23116000400001172001

Payme ва Click орқали пул ўтказмалари учун:

8600 6029 4977 3501

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид