Жамият | 12:50 / 15.05.2020
91542
18 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида ишини йўқотган боғча мудираси ўз жонига қасд қилди. Унинг ходимлари ва раҳбарлари нима дейди?

4 май куни Андижон вилояти Балиқчи туманидаги 11-мактабгача таълим муассасаси мудираси  Гулчеҳрахон Хўжақулова яшаш хонадонида ўзини осган. Оила аъзолари уни қутқариб қолишга улгуришган ва у айни пайтда касалхонада ҳушсиз ҳолда қолмоқда.

Kun.uz мухбирлари ҳодиса сабаблари билан қизиқиб, унинг ҳамкасблари, оила аъзолари, шифокор, туман мактабгача таълим бўлими мудираси ҳамда туман прокуратураси вакилидан изоҳ олди.

Ҳамкасблари нима дейди?

Гулчеҳрахон Хўжақулова 30 йилдан бери ишлаб келаётган 11-МТМ туманнинг Хўжаобод қишлоғида жойлашган. Муассаса ходималаридан бири ўз раҳбари қурилиш ишлари туфайли соғлигини йўқотгани ҳақида гапирди.

 «Боғчамиз биноси 2019 йили реконструкцияга тушиб, апрель ойидан қурилиш ишлари бошланган эди. Орада озгина узилиш бўлди ва яна давом этди. Менинг фикримча, мудирамиз шу қурилиш туфайли соғлигини йўқотди.

Ноябрь ойида боғчамизда қурилиш ишлари тугаб, фойдаланишга топширилиши керак эди. Лекин қилинган ишлар мудирамизнинг кўнглидагидек бўлмади. Унга бинонинг ташқи кўриниши ва ичидаги камчиликлар ёқмади. Айниқса, ўйин майдони ва бассейннинг чиқиб-тушиш зинапояси қилинмаган эди. Иккинчи қаватда канализация тизими ишламади. Хоналардаги поллар талабга жавоб бермас эди. Опа ноябрь ойигача жуда яхши юрган эди. Ўшандан кейин соғлигини йўқота бошлади.

Менга шу қурилиш ишлари бўйича гап эшитаётганини айтиб, йиғлаган ҳам эди. Ўзи боғчамиз 1973 йилда қурилган. Эскириб кетганди», дейди МТМ ҳамшираси Назира Ғаффорова.

Маълум бўлишича, Г.Хўжақулова қурилиш ишларидаги камчиликлар туфайли қурувчилар бошлиғи билан тортишган экан.

«26 ноябрь куни ҳушидан кетиб қолибди, деб эшитдик. Кейинги куни ишга чиқмади. Январь ойида боғчамизнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Лекин камчиликлар бор эди. Мудирамиз «камчиликларни тўғрилаб берасизлар, кейин имзо чекаман», деган эди. Касал бўлган кунларида имзо чектиришди.

 Энг асосий камчиликлардан бири бу ишлатиш учун сув таъминоти чатоқ. Тасаввур қилинг, боғчанинг сув тизими қишлоқникига уланган. Эрталаб бир соат сув берилади. Ўша пайтда биз идишларни, «баклажка»ларни сувга тўлдириб оламиз. Лекин сув бизга кун давомида керак-ку? Болалар пластилин билан ишлайди, кўчада ўйнайди. Чиройли санузеллар қилингани билан сув бўлмаса нима фойдаси бор?

 Хоналарни иситиш учун қилинган «Иссиқ пол» нобоп кабеллардан монтаж қилинган экан. Симлари эриб кетяпти. Иситиш тармоғига сув айлантирганда, ҳамма хоналарга сув тошиб кетган. Пол ёғочларимиз кўтарилиб кетди. Деворларга чиққани учун нураб кетяпти. Юқори қаватдаги канализацияни ишлатсак, сув оқиб кетади. Опа камчиликларни тўғрилатаман деб ҳаракат қилди», дейди ўрта гуруҳ тарбиячиси Замирахон Қобилова.

 Туман мактабгача таълим бўлими мудираси Сайёра Хонкелдиева мудира ишдан кетишини айтган.

 «Қурувчилар, мудира ўз жонига суиқасд қилганидан кейин икки кун ичида бассейнни ва бинонинг тушиб кетган жойларини тўғрилашга уринишди. Мен мудирамизнинг боғча лойиҳада кўрсатилганидек сифатда таъмирланмагани учун диққат бўлиб, оғриб қолди деб ўйладим. Ҳақиқатан ҳам ориятли аёл эди. Бирга яхши ишлардик. Шу ишлар бошлангандан кейин брусчаткаларни ўрнатишни ҳам якунига етказишди. Симларни улаб беришди, лекин яна учқун чиқиб, ёниб кетди. Шпаклёвка қилишди, лекин охирига етказишгани йўқ.

 Ўтган йили 27 ноябрь куни туман мактабгача таълим бўлими мудираси Сайёра Хонкелдиева келиб ота-оналарга йиғилиш ўтказди. Боғча мудираси иштирокисиз ўтказилган йиғилишда Сайёра Хонкелдиева «Гулчеҳрахон Хўжақуловани мудира бўлиб ишлаш-ишламаслигини мен ҳал қиламан», деди. Бу гап ота-оналар ва боғча ходимларига ёқмади. Сабаби, боғча шу даражага келишида мудиранинг ўрни катта эди. Ота-оналардан бири боғча мудирамиз ўз жойида қолсин, деб ҳам айтди. Лекин ишга қўйишмади. Очилиш маросими ўтказилди. Боғча мудирамиз ўз ҳисобидан таътилга чиқди. Таътил вақти тугаб, ишга қайтаман деганда, МТМ бўлим бошлиғи томонидан лавозимга қайта қўйилмади. Ўрнига Мусмирахон Толиповани вақтинчалик мудира этиб тайинлаб кетди», дейди ёрдамчи тарбиячи Зуҳрахон Мўминова.       

Боғча ҳамшираси мудира ишга қайтишга урингани ҳақида эслайди.

«13 апрель куни мудирамиз қизи билан боғчага келди. Соғлиги анча яхши эди. Ишга қайтишини айтди. Бўлим мудирасига қайтганим ҳақида айтиб қўйишим керак деб, ташқарига чиқиб қўнғироқ қилди. Ўша пайт биз телефондаги суҳбатни эшитиб қолдик. Мудирамиз «Мен ўз ишимга қайтаман, нафақага чиқишимга бир йил қолди», деди. Эрталаб яна боғчага келди. Биз мудирамиз ўз жойида қолишини сўраб, Сайёра Хонкелдиева номига билдиришнома ёздик. Шу вақтда МТМ бўлимидан телефон бўлди ва уни чақиртиришди. Бўлимга бориб, гаплашиб келди. Мудира билан телефон орқали боғланганимда, «ишимни кадрлар бўлими бошлиғи Толибжон ҳал қилар экан», деди.

 Опа қурилишни қабул қилиш ҳужжатларига камчиликлар борлиги учун имзо чекмай юрган эди. Касал бўлиб уйда даволанаётган пайтда, ноябрь ойининг охири ё декабрь ойининг бошида имзо чектиришди. Ишини жуда яхши кўргани, оиласидан ҳам устун кўргани учун ишдан кетгани руҳиятига қаттиқ таъсир қилди», дейди МТМ ҳамшираси Назира Ғаффорова.

Қурувчи ташкилот раҳбари ва бинони қабул қилиб олган расмий фикри

11-МТМда мукаммал таъмирлаш ишларини олиб борган «Милано қурилиш» МЧЖ ижрочи раҳбари Зафаржон Расулов билан суҳбатлашдик.

«2019 йил дастурга тушган шу боғчада мукаммал таъмирлаш ишларини олиб борганмиз. Ноябрь ойи охирида шартнома муддати бўйича ўз вақтида камчиликларсиз топширдик. Буюртмачи даставвал вилоят ҳокимлиги қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» бўлган эди. Кейинчалик вилоят мактабгача таълим бошқармасининг қурилиш бўлими ташкил бўлгани учун ишлар шуларнинг назоратида якунланди.

 Боғча мудираси билан ҳеч қандай тортишувлар бўлмаган. Қурилиш давомида 4-5 марта кўришганмиз, холос. Тўғри, иш жараёнида камчиликлар бўлган. Лекин синов даврида ҳеч қандай камчилик бўлмаган. Камчиликлар юзага келган бўлса ҳам бартараф этиб келдик. Ҳозир карантин даври бўлгани учун барча муассасалар ёпилган. Бу объект янги, шамоллатиб турилиши керак. Шу 2 ой назоратдан четда қолган деб ўйлаб, кеча келиб, камчиликларни яна бир бор тўғриладик. Кафолат муддатининг ярми ўтиб бўлди. Бизнинг назоратимизда бўлиши керак. Жами 4 миллиард 10 миллион сўмлик иш бажарилган. Пулнинг 95 фоизи тушган. Қолган 5 фоизи кафолат муддати тугагандан сўнг берилади. Махсус ишчи гуруҳ томонидан текширилиб, назоратдан ўтказилгандан сўнг 5 фоиз миқдордаги пулни беришади», дейди у.

 Бинони фойдаланиш учун қабул қилишга масъул бўлган «Инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Андижон филиали муҳандиси Султонбек Эгамбердиев билан ҳам суҳбатлашдик.

«2019 йилнинг 28 декабрь куни муассаса Давлат қабул комиссиясининг далолатномасига асосан фойдаланишга топширилган. Бино қурилишида катта камчиликлар йўқ эди. Қайсидир хонанинг сувоғи кўчгани ёки сув ҳавзасидаги камчиликларни бир йиллик кафолатли муддат давомида охирига етказиб бериляпти. Гулчеҳра Хўжақулова қурилиш ишлари давомида жуда қаттиқ ҳаракат қилди. Жараённи кузатиб борди. Лекин боғча мудираси ва қурувчилар ўртасида тортишувли ҳолатлар бўлмаган», дейди у. 

 «Сўнгги вақтларда сиқилиб юрган эди»

Гулчеҳра Хўжамқулова хонадонида бўлиб, онаси Мамлакатхон Хўжақулова ва опаси Анорхон Мамажонова билан суҳбатлашдик.

Онасининг айтишича, қизи сўнгги пайтларда ишида роса кўп муаммоларга дуч келгани, тумандаги бошлиғи билан келиша олмай қолган экан. Опаси эса синглиси туман мудири Сайёра Хонкелдиева кўп марта қаттиқ гапиргани учун қийналгани, уни қурилишни қабул қилиш ҳужжатига қўл қўйишга мажбурлашганини айтди.

 «Синглим туман мактабгача таълим бўлими мудираси билан чиқишиб кета олмади. У синглимга, боғчанинг камчиликлари унинг бўйнида эканини айтган экан. Шу гаплар таъсир қилди. Руҳий ҳолати ёмонлигидан биттагина фарзанди ва ота-онам ҳам кўзига кўринмай қолди. Ҳаммамизнинг қаддимизни букиб қўйди. Неча ой касал бўлиб ётган бўлса, ўрнига келган мудира ёки раҳбари аҳволини сўраб келмади. Энди ўлар ҳолатида жон талашиб ётганда икки марта келибди. Раҳбар шундай бўладими?», дейди опаси Онархон Мамажонова.

Гулчеҳра Хўжақулованинг қизи Зиёдахон Мамажонова 14 апрель куни онаси билан туман Мактабгача таълим бўлими мудираси Сайёра Хонкелдиеванинг олдига борганини айтди. У онасига ишга қайтиш учун ариза ёздиришгани ва унинг ишга қайтиши масаласини Андижон вилоят мактабгача таълим муассасалари бошқармаси бошлиғи Муқаддас Абдуллаева ҳал қилишини билдиришган. Қизи онаси билан 11-боғчага борганида онасига вақтинча мудира бўлиб турган Мусмира Толипова «сиз тарбиячи бўлиб ишга қайтар экансиз», дегани, шундан сўнг онасининг руҳий ҳолати ўзгарганини айтди.

Укаси Авазбек Хожиқулов эса унга Сайёра Хонкелдиева қўнғироқ қилгани ва опасининг ишга қайтиши масаласи карантин даври тугаганидан сўнг вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан ҳал қилинишини айтганини билдирди.

Шошилинч тиббий ёрдам бўлимида

 Балиқчи туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими шифокори ҳам ҳолат бўйича изоҳ берди.

 «Хўжаобод қишлоғида яшовчи 1967 йилда туғилган бемор Гулчеҳрахон Хўжақуловани 4 май куни олиб келишди. Келган пайтда беморнинг ҳолати оғир эди. Ташхиси - механик асфикция. Нафас етишмовчилигининг оғир даражаси билан реанимация бўлимига жойлаштирилди. Биринчи ёрдам кўрсатилиб, сунъий ўпка вентиляция аппаратига уланди. Айни пайтда ҳолати оғир. Барча реанимацион муолажалар давом этяпти. Ҳушига келгани йўқ», дейди Чинобод шошилинч тиббий ёрдам бўлими реаниматологи Аҳрорбек Останақулов.

 Туман мудираси нима дейди?

Балиқчи туман Мактабгача таълим бўлимига бориб, мудира Сайёрахон Хонкелдиева билан боғча мудираси иши бўйича гаплашдик.

 «11-мактабгача таълим ташкилоти мудираси билан боғлиқ воқеа бизни қайғуга солди. Ушбу боғча мудираси Гулчеҳрахон Хўжақулова бир неча йилдан бери шу соҳада фаолият кўрсатган, уни фаолияти давомида катта масъулияти, меҳр-муҳаббатини ўз ишига бахшида қилган, тартибли, қалби тоза инсон деб биламан.

 Лекин Гулчеҳра опа фаолиятим даврида мен билан кўп ишламади. Мен октябрь ойида иш бошлаган бўлсам, опа сайлов участкаси аъзоси бўлган ва вазифасидан вақтинча озод қилинган эди. Ана шу даврда ишга қайтмаган. Соғлиги, яъни марказий нерв тизими шикастланиши билан боғлиқ ташхислари бор. Касаллик таътили тугагандан сўнг, яна соғлиги яхши эмаслигини айтиб, меҳнат таътили учун ёзма ариза билан мурожаат қилган эди.

 Унга меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда таътил берилган ва буйруқлар билан расмийлаштирилган. Хўжақулованинг меҳнат таътили тугаган, лекин соғлиги бўйича муаммоларини кўрсатиб, ўз ҳисобидан 11 март куни яна меҳнат таътилига чиқиш учун ариза билан мурожаат қилди.

Аризаси қаноатлантирилиб, белгиланган тартибда 35 кунлик меҳнат таътилидан сўнг ўз ҳисобидан таътил берилди. Меҳнат таътили тугагандан сўнг, мудира мактабгача таълим бўлимига қизи билан бирга ташриф буюрди. Мен ўз хонамда кадрлар бўлими бошлиғи Набижон ва иш юритувчи Нилуфар билан бирга қабул қилганмиз. Соғлиги ҳолатини сўраб, опага далда бергандик. Ўзини қўлга олиши, биргина фарзанди учун ўзида куч тўплаши ва соғлигини янада эҳтиёт қилиши кераклигини айтиб, мотивация бердик. Мен ишга қайтиш тўғрисидаги аризасини шу куннинг ўзида ёзиб қолдириши мумкинлигини айтгандим. Гулчеҳра опа ариза қолдирган. Мактабгача таълим бўлимининг бир неча ходимлари гувоҳлигида ишга қайтаришимиз тўғрисида ариза берган. Хўжақуловани аризасига асосан ишга қайтардим. Буйруқлари бор.

14 апрель куни карантин бўлишига қарамасдан Гулчеҳра опа меҳнат жамоасини тўплаган ва меҳнат таътилидан қайтганини эълон қилган. Суратлар ва далиллар бор. Эртасига ҳам маълум бир вақт боғчада бўлган. 15 апрель куни ҳам боғчада бўлгани ҳақида видеотасвирлар бор. Кейин 2 кун вазифасини бажаргани чиқмаган.

 Соғлигида яхши ҳолатларни кузатмаганим учун Гулчеҳра опанинг укаси Авазбек Хўжақуловнинг телефон рақамини топдик. 18 апрель куни укаси билан опанинг ҳолати бўйича гаплашдим. Ҳозир карантин даври эканлиги, бу давр ўтиб кетгандан сўнг ўз фаолиятини қониқарли давом эттириб кетиши бўйича суҳбатлашдим. Укаси рози бўлиб, жуда хурсанд бўлган эди. Майли, опамни ўз ишига тикласангиз, деган эди. Гап-сўзлар ва тушунмовчиликлар бўлганини, гўёки биз ишдан бўшатгандай, ўрнига вазирликдан кимнингдир буйруғини чиқарган каби шов-шувлар етиб келганини айтдим. Айни пайтда мактабгача таълим ташкилоти мудираси сифатида тургани ва бу лавозимдан бўшатиш менинг ваколатим эмаслигини айтганимдан кейин миннатдорчилик билдирди.

 Гулчеҳрахон Хўжақулова ҳозирда ҳам 11-мактабгача таълим ташкилоти мудираси лавозимида турибди. Меҳнат дафтарчасини илова қилишим ёки мактабгача таълим бўлимининг ҳисобхонасидан исталган ҳужжатни тақдим қилишим мумкин. Лекин, у ерда бинонинг қурилиши билан боғлиқ қандайдир бўҳтон, уйдирма ва туҳматлар кимлардир томонидан шакллантириляпти. Айни вақтда мен ҳам шу уйдирмаларни уюштираётган одамларнинг белгиланган қонун талаблари асосида жазога тортилишини сўраб қоламан. Мен лавозимга келган пайтимда, боғча биносининг қурилиши тўла якуний ҳолатга келган эди. Сабаби, давлатнинг жуда катта маблағи сарфланаётганини кузатганман.

 Қурувчини чақириб, ишлар якунланиш арафасида бўлса-да, баъзи бир камчиликлар ва нуқсонлар борлигини аниқлаганмиз. Буларни бартараф этишни қурувчидан талаб қилганмиз.

 Боғчани қабул қилиш жараёнида биз тўғридан тўғри ҳеч қандай ҳужжатларсиз қабул қилмаганмиз. Керакли ташкилотлар билан далолатномалар тузилган. Қисман камчиликлари бўлган, лекин қиш фасли бўлгани учун болаларни олиб кирганмиз. Қабул қилиб олишда Гулчеҳра опага босим ўтказилган деб, менга қўйилган айбга қатъий исбот талаб қиламан. Шунақа кўрсатма бераётганлар исбот ва далиллари билан кўрсатишини сўрайман. Сабаби, Гулчеҳра опа қурилиш жараёнида бўлмаган. У пайтда касаллик ва меҳнат таътилида бўлган. Босим ўтказилишига келсак, аксинча, имзо чекиб юбормаслик ҳақида кўрсатма берганман. Боғчанинг камчиликлари борлигини айтганман. Ўтган куни мактабгача таълим вазири ўринбосари ва бошқарма бошлиғи М.Абдуллаева билан биргаликда келиб ўрганилганда, ҳамшира айтдики, «Гулчеҳра опа телефонда Сайёра Хонкелдиева айтяпти, имзо чекиб берамиз экан», деган. Шунинг учун, мен муҳр уриб берганман деяпти. Бу масалага ойдинлик киритиш учун суриштирганимизда қурувчи айтдики, қўнғироқ қилганда мен мудиранинг ёнида бўлганман. Касал эди. Қурилиш бўйича мутахассиси мудирага қўнғироқ қилиб, камчиликларни аниқладик, далолатномалар тузилди ва кафолат хатлари олинди. Баъзи бир кичик камчиликлар бор. Агарда ўзингизга лозим топсангиз, имзо чекиб беришингиз мумкин деган экан. Чунки, мен ундай дея олмасдим. Боғча меники. Камчиликларсиз унга имзо чектириш дегани бу – мен қандайдир қурувчидан манфаатдорман деган фикр келиб чиқяпти. Мурожаатчилар бу айбни менинг бўйнимга қўйишга ҳаракат қилишмоқда.

 Боғча қурилиши билан боғлиқ муаммоларга келадиган бўлсак, мен тажрибаларимдан келиб чиқиб, кўзим билан кўрган камчиликларни тепасида туриб бартараф этишга муваффақ бўлганман. Мен мактабгача таълим бўлими раҳбари сифатида бинодан чиққан камчиликларни ҳеч қачон оқламайман. Хурсанд бўляпман. Қайсидир маънода бу ҳам яхшиликкадир. Кўпчилик келиб шу қурилишни ўрганмоқда. Қаеридадир каттадир, кичикдир муаммолар аниқланяпти», дейди Сайёрахон Хонкелдиева.

 Воқеани прокуратура ўрганмоқда

Гулчеҳра Хўжақулованинг ўз жонига суиқасд қилгани ҳолати юзасидан Балиқчи туман прокуратураси ходими изоҳ берди.

 «Прокуратура органлари томонидан 11-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси лавозимида ишлаган Гулчеҳра Хўжақулованинг ўз жонига суиқасд қилгани ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текшириш жараёнида ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, гувоҳлардан тушунтириш хати олинган ҳолда суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Шунингдек, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда келтирилган қурилиш ишларидаги камчиликлар юзасидан соҳа мутахассислари жалб қилинган ҳолда, назорат ўлчов ишлари амалга оширилмоқда.

 Бундан ташқари, Хўжақулованинг ўз жонига суиқасд қилишига олиб келган сабабларини аниқлаш мақсадида вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига хизмат текширувлари тайинланган. Текширув натижалари юзасидан тарафларнинг барча важлари ўрганилган ҳолда қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейди Балиқчи туман прокуратураси терговчиси Беҳзод Раимқулов.

 Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Гулчеҳра Хўжақулова билан боғлиқ ҳодиса тасодифга ўхшамайди. Жуда катта маблағ эвазига реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилганига ҳеч қанча вақт бўлмаган боғча биносидаги камчиликлар, мудиранинг лавозимида қолиши ёки қолмаслигига оид масала ҳамда унинг ўз жонига суиқасд қилиши ҳодисалари орасида қандайдир боғлиқлик борлигига ишора қилмоқда. Буларнинг барчасига туман прокуратураси ўтказаётган текширишлар якунига кўра аниқлик киритилса ажаб эмас. Кузатишда давом этамиз.

 Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов
Тасвирчи Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид