Ўзбекистон | 12:19 / 15.05.2020
53266
3 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги Қурилиш вазирлиги қимматбаҳо Land Cruiser 200’ни танловларсиз сотиб олишига эътироз билдирди

Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Қурилиш вазирлиги Land Cruiser 200 русумли автомашина харидини истисно тариқасида танловларсиз, тўғридан тўғри шартнома асосида амалга ошириши кўзда тутилган ҳужжат лойиҳасига муносабат билдирди.

Фото: Toyota

Унда фармойиш лойиҳасида тўғридан тўғри шартнома асосида давлат харидини амалга ошириш бўйича киритилган норма давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлгани қайд этилган ва ушбу нормани чиқариб ташлаш бўйича таклиф билдирилган.

«Давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни, рақобат ва холисликни, асосланганликни, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлигини таъминлаш давр талаби.

Молия вазирлигига 2020 йил 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши лойиҳаси келишиш учун келиб тушди. Мазкур фармойиш лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Land Cruiser 200 русумли автомашинаси харидини истисно тариқасида танловларсиз, тўғридан тўғри шартнома асосида амалга ошириш вазифаси юклатилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунининг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг 4-12-моддаларида давлат харидларининг асосий принциплари белгиланган бўлиб, мазкур принциплар давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланиши керак.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сонли фармонининг 27-бандида вазирлик ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат харидларини амалга оширишда истисно тарзида тўғридан тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш тақиқланган.

Фармойиш лойиҳасида тўғридан тўғри шартнома асосида давлат харидини амалга ошириш бўйича киритилган норма давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлгани сабабли, шунингдек давлат харидларини очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги каби принципларга таянган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ушбу нормани чиқариб ташлаш бўйича Молия вазирлигининг таклифи билдирилди», дейилади вазирлик муносабатида.

Маълумот учун, Toyota компаниясининг Ўзбекистондаги дилери сайтида кўрсатилишича, Land Cruiser 200 русумли йўлтанламас автомобил нархи қарийб 1,5 млрд сўмни (нарх 1 457 000 000 сўмдан бошланади) ташкил этади.

Мавзуга оид