Ўзбекистон | 00:41 / 15.05.2020
53441
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдан бир неча шаҳарга авиақатновлар ва йўловчи поездлари ҳаракати тикланмоқда

Ўзбекистонда 18 май кунидан ҳудудлараро транспорт ҳаракатига рухсат берилади.

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, шу йилнинг 18 майидан Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновлар (бориш ва қайтиш) тикланади, шунингдек, Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, авиа ва темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши талаб этилади.

Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди.

Мазкур тартиб талабларини бузиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Бундан аввалроқ Ўзбекистонда карантин 1 июнга қадар узайтирилгани, шу билан биргаликда карантин тартибларида юмшатишлар жорий этилгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев томонидан эпидемиологик вазият бўйича муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилган, олис ҳудудларнинг пойтахт билан транспорт алоқасини тиклаш жуда долзарб масала бўлиб тургани қайд этилган ва бу бўйича чекловларни босқичма-босқич бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берилганди.

Мавзуга оид