Хакерлар Трамп ҳақидаги махфий маълумотларни эълон қилмаслик учун 42 млн доллар талаб қилишмоқда - ОАВ
Хакерлар АҚШ президенти Дональд Трамп ҳақидаги компроматни эълон қилмаслик учун Нью-Йоркда жойлашган юридик фирмадан 42 млн доллар талаб қилишмоқда. Улар бу пуллар эвазига гўёки Трамп ҳақида қўлга киритилган махфий маълумотларни ҳеч кимга кўрсатмасликни ваъда қилишмоқда.
REvil хакерлар гуруҳининг таъкидлашича, улар ушбу маълумотларни Grubman Shire Meiselas & Sacks компаниясига киберҳужум вақтида қўлга киритишган. Бу ҳақда Computer Weekly портали хабар берди.
Хакерлар бир ҳафта ичида 756 Гб маълумотни эълон қилиш билан қўрқитишмоқда. Бу маълумотлар орасида Дональд Трамп ҳақидаги “иркит сирлар” ҳам бор. Хакерлар Bitcoin ёки Monero’да 42 млн доллар тўланишини талаб қилишмоқда.
“Энди эваз пули 42 млн долларни ташкил қилади. Биз фош қиладиган кейинги одам – Дональд Трамп. Ҳозир айни сайловолди пойгаси кетмоқда ва биз жуда ҳам ўз вақтида президент ҳақида бир уюм “иркит” маълумотларни аниқладик. Жаноб Трамп, агар ўз лавозимингизда қолишни истасангиз, шошилинг, йўқса ўз режаларингиз билан умрбод хайрлашишингиз мумкин. Сиз, сайловчиларга эса шундай маълумот тақдим қилишимиз мумкинки, уни президент сифатида бошқа кўришни истамай қоласиз”, дейилган хакерлар хабарида.
Хакерлар, шунингдек, юридик фирмага ҳам мурожаат қилишган.
“Grubman, агар пулларни олмасак, компаниянгизни йўқ қиламиз”, деб ёзган жиноятчилар.
Таъкидланишича, хакерлар махфий маълумотларни ўғирлашдан ташқари, компания файлларини шифрлаб қўйишган ва уларнинг захира нусхаларини ўчириб ташлашган. Порталнинг ёзишича, ҳужжатларни тиклашнинг ягона йўли талаб қилинган пулни тўлаш ҳисобланади.
Хакерлар, шунингдек, бир қатор машҳур инсонлар, жумладан Мадонна, Леди Гага, Элтон Жон, Роберт Де Ниро ва бошқаларнинг шахсий ёзишмалари, контактлари ва улар ҳақидаги бошқа маълумотларни қўлга киритишган.
Ўз навбатида, компанияда хакерлар ҳаракатлари “террорчилик” деб аталган ва уларга пул тўламасликка қарор қилинган. Компания вакилларининг таъкидлашича, пул тўланиши хакерларни махфий маълумотларни эълон қилишдан тўхтамайди.
Бироқ порталнинг таъкидлашича, Трамп ушбу юридик фирманинг ҳеч қачон расмий мижози бўлмаган. Шу сабабли хакерлар у ҳақидаги маълумотларни қандай олган бўлишлари мумкинлиги мавҳумлигича қолмоқда.
Мавзуга оид
15:52 / 19.08.2023
Одам танламайдиган “ҳуқуқий машина”. Трамп нега таъқиб қилинмоқда?
15:51 / 14.04.2022
Байден ортидан Трамп ҳам Украинада тинч аҳоли ўлдирилишини геноцид деб атади
19:04 / 17.03.2022
Трамп Россиянинг Украинага кирганидан ҳайрон бўлганини айтди
21:10 / 09.02.2022