Жамият | 22:16 / 16.05.2020
39099
5 дақиқада ўқилади

Ҳамон оптика интернет дейишмоқда: Бойсундаги бозор можароси бўйича 9 кишига жазо тайинланди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани бозоридаги можаро иштирокчилари уч кун муқаддам вазирлик даражасида рад этилган асос билан қамалди.

Фото: KUN.UZ

12 май куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманида «Тузбозор» маҳалласи ҳудудида жойлашган деҳқон бозорига кириш қисми экскаватор билан қазилишига аҳоли кескин қаршилик кўрсатгани ҳақида видео тарқалганди. 16 май куни Kun.uz сайтида ушбу мавзу бўйича ўрганишлар асосида «Бойсундаги бозор можароси. Ҳокимлик нега тадбиркорларни куч билан кўчирмоқда?» сарлавҳали материал эълон қилинди.

Бойсунликлар томонидан Kun.uz’га хабар берилишича, бозор кўчирилишига қаршилик кўрсатган фуқаролардан бир гуруҳи 15 май куни ИИБга олиб борилган ва улар устидан суд ҳукми ўқилган.

Ушбу хабарни Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати ҳам тасдиқлади.

«Жорий йилнинг 12 май куни соат тахминан 14:30лар атрофида «Ўзбектелеком» АК вилоят филиали Бойсун телекоммуникация боғланмаси томонидан Алишер Навоий ва Истиқлол кўчалари бўйлаб халқаро оптик толали кабел ётқизиш учун шу ерга бульдозер олиб келинади. Шундан сўнг бозорда савдо-сотиқ қилиб келаётган бир гуруҳ шахслар ўзларига етарли шароит яратиб олгани боис, бульдозернинг ишлашини нотўғри қабул қилиб, жараённи видеотасвирга олади. Шовқин кўтариб, одамлар ўртасида норозилик кайфиятини уйғотишга уринади.

Туман ички ишлар бўлими ходимлари мазкур ҳолатни тинчитишга ҳаракат қилган вақтда, уларнинг гап-сўзларини тингламасдан, хизмат фаолиятини олиб боришига қаршилик кўрсатилган. Халқ орасида ички ишлар идоралари ходимларини обрўсизлантиришга ҳаракат қилинган. Бу ерда тўпланган одамларга ўзларининг ноўрин фикрларини айтиб, уларни ҳам чалғитишга интилишган. Карантин даврида ҳаракат камлигидан фойдаланиб, ўз ишларини тез, сифатли бажаришга киришган алоқачилар хатти-ҳаракатини нотўғри талқин этиб, ижтимоий тармоқларга, сайтларга хабар жойлаштирилган.

Натижада ушбу ҳолат юзасидан Бойсун тумани ИИБ ХПБ профилактика инспектори томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига асосан тегишли баённома расмийлаштирилган. Иш қонуний тартибда кўриб чиқилиб, жазо қўллаш учун маъмурий ишлар бўйича Бойсун туман судига тақдим этилди. Шу йилнинг 15 май куни бўлиб ўтган суд мажлиси қарорига асосан фуқаро Б.Н.га беш сутка, С.В., А.О., Ф.М., Ш.Қ., М.Қ., С.М., Ф.С.ларнинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Х.Б. исмли аёлга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробари миқдорида жарима жазоси қўлланди.

Бу қилмишларидан улар энди қанчалик пушаймон бўлмасин, фойдаси йўқ. Доно халқимиз «Сўнгги пушаймон – ўзингга душман», дея бежиз айтмайди. Ҳар қалай бир гапни айтишдан олдин кўп ўйлаб, ҳақиқатни сўзлаган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди», дейилади Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарида.

***

Аслида бу хабар мазмунан шу жойда тугаши керак эди. Чунки суд ҳукми ўқилган, фуқаролар жазосини олишга киришган...

Энди бир ҳолатга эътибор қилайлик. ИИБ ахборот хизмати хабарида айбдорлар «Ўзбектелеком» АК вилоят филиали Бойсун телекоммуникация боғланмаси томонидан халқаро оптик толали кабел ётқизиш учун бульдозер олиб келинганида қаршилик кўрсатгани, ҳолатни ижтимоий тармоқларда тарқатгани ва соҳа ходимларини обрўсизлантиришга урингани учун жазолангани айтиляпти.

Ваҳоланки, бульдозер киритиш, кабел тортиш ҳақидаги гапларнинг мутлақо чўпчак эканлигини Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги аллақачон тасдиқлаган ва бу хабар бўйича раддия берганди.

Бундан аввалроқ Kun.uz мухбирига интервью берган бозор ходимларидан бири Фахриддин Мавлонов ўша куни ИИБ томонидан аҳолига нисбатан куч ишлатилгани ҳақида гапирганди.

«Аёлларни уриб-сўкиб бозордан чиқариб ташлашди. «Началник мелиса» (туман ИИБ бошлиғи – таҳр.) буларни пешонасидан от, деб айтди. Ҳоким эса ҳушидан кетганларни укол қилинглар, қайтиб турмасин, деди. Рамазон кунларида халқни хўрлашди», деганди у.

Жуда оғир савол пайдо бўляпти: Маъмурий ишлар бўйича Бойсун туман суди вазиятни ўргандими ўзи? Бир кунда «саҳналаштирилган» суд қанчалик шаффоф ўтди? Ҳукм ўқилаётганда қандай далилларга таянилди? Кимлар эшитилди? Эшитилдими? 

Kun.uz мавзуга яна қайтади.

Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид