Дунёдаги вазият: Бразилия Испания ва Италияни ортда қолдирди, Қатарда қатъий чоралар жорий этилди
Қатор давлатларда коронавирус туфайли жорий этилган чекловлар бекор қилинмоқда. Греция ва Австралияда якшанба кунидан ибодатхоналар очилди. Испанияда карантинни юмшатиш давом этди, фақат Барселона ва Мадридда қатъий чекловлар сақлаб қолинди. Таиландда савдо марказлари очилди. Аммо эпидемиологик вазият яхшиланмаган айрим ҳудудларда янги чекловлар ўрнатилган. Қатарда эса тиббий ниқоб тақиш мажбурий бўлди ва бу талабни бажармаганлик учун 55 минг долларгача жарима солиниши мумкин. Бразилия зарарланиш ҳолатлари сони бўйича Испания ва Италияни ортда қолдирган.
Дунё бўйлаб 188 давлатда 4,77 миллиондан ортиқ киши коронавирусдан зарарланган, 315 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 1,8 миллиондан ортиқ киши тузалган.
Испания ва Италияда карантиндан чиқмоқда
Испанияда коронавирусдан ўлимлар сони март ойи ўрталаридан бери илк марта бир кунда 100дан кам бўлди. Якшанба куни Covid-19 туфайли 87 киши вафот этди. Шу вақтгача коронавирус юқтирганларнинг учдан икки қисми соғайиб чиққан.
Душанба кунидан Испанияда аҳоли учун яна айрим чекловлар ечилади, аммо мамлакатнинг йирик шаҳарлари - Мадрид ва Барселонада, шунингдек Кастилия ва Леон ҳудудларида қатъий талаблар сақланиб қолмоқда.
Эпидемия авжига чиққан вақтда Испанияда кунига ўртача 950 ўлим қайд этилаётганди.
Испанияда коронавирус пандемиясига қарши курашни мувофиқлаштирувчи марказ директори доктор Фернандо Симон (унинг ўзи ҳам коронавирусни бошдан кечирган) маълум қилдики, мамлакат инфекция тарқалишига бутунлай чек қўйишга яқин.
Шу билан биргаликда, Симон Covid-19нинг иккинчи тўлқини хавфи ҳам мавжудлигини қайд этган, шунинг учун ҳукумат мамлакат аҳолиси тиббий ниқоб тақишини истамоқда.
Касаллик тарқалиши олдини олиш мақсадида кўрилган чораларга кўра, Испанияга денгиз ёки авиация йўли билан киришга фақат ушбу мамлакатда яшаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга рухсат берилади. Келувчиларнинг барчаси 14 кун давомида карантинда бўлади.
Касалланганлар ва вафот этганлар сони бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири бўлган Италияда сўнгги бир кунда 145 киши коронавирус туфайли вафот этган - бу икки ой муқаддам жорий этилган карантин чоралари даврида қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.
18 май куни Италияда кафелар, барлар, ресторанлар, гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар очилади. Шу билан бирга, мижозлар ва ходимлар ижтимоий масофа сақлашга риоя қилиши ва тиббий ниқобда бўлиши шарт ҳисобланади.
Шунингдек, Италиянинг айрим ҳудудларида ибодатхоналар фаолияти тикланган, лекин бинолар ичидагилар сони чекланган миқдорда бўлиши талаб этилади.
Бразилия: қанча ўлим?
Европада коронавирус пандемияси пасаяётган бўлса, Лотин Америкасида Covid-19 тарқалиши фақат жадаллашмоқда.
Бразилия касалланиш ҳолатлари сони бўйича Испания ва Италияни ортда қолдирди ва жаҳон рейтингида АҚШ, Россия ҳамда Британиядан кейинги тўртинчи ўриндан жой олди. Сўнгги бир кунда Бразилияда қарийб 15 минг янги зарарланиш ҳолати аниқланди ва жами ҳолатлар сони 233 мингдан ошди.
Бразилия ҳукумати сўнгги кунда 816 киши коронавирусдан вафот этгани ва ўлим ҳолатлари сони 16 мингга яқинлашгани ҳақида маълум қилди - бу дунёдаги бешинчи кўрсаткич.
Шу билан биргаликда, экспертлар ўлимларнинг ҳақиқий сони кўпроқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб, буни Бразилияда Covid-19 учун таҳлиллар етарли миқдорда олинмаётгани билан изоҳлашган. «Бразилияда фақат шифохонага мурожаат қилганлар тест қилинмоқда. Бу маълумотлар асосида ҳақиқий вазият бўйича хулоса бериш қийин. Бизда бу касалликка қарши кураш бўйича ҳақиқий стратегия мавжуд эмас», деган «Франс пресс» агентлигига Сан-Паулудаги университет вакили Доминиго Алвес.
Алвес Бразилияда ҳақиқий ҳолатлар сони расмий статистикадан 15 баравар кўплиги айтилган тадқиқотлардан бирининг муаллифи ҳисобланади.
Бразилия президенти Жаир Болсонару қатъий карантин чоралари жорий этилишига қарши чиқишда давом этмоқда. У коронавирусни «аллақандай грипп» деб атаган ва Covid-19 тарқалишидан ҳеч қанақасига қочиб бўлмаслигини айтган.
Бразилияликлар етакчисининг бундай сиёсати ўз мамлакатида ҳам, хорижда ҳам қаттиқ танқидга учради. Бундай йўл тутиш масъулиятсизлик ва фуқароларнинг соғлигини хавф остига қўйиш деб баҳоланмоқда.
Жанубий Американинг яна бир давлати Перуда ҳам касалланиш ҳолатлари сони шиддат билан кўпаймоқда - 88 541 ҳолат ва 2523 ўлим қайд этилган ушбу давлат жаҳон рейтингида Хитойдан олдинда, 12-ўринда жойлашган.
Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидаги оролларда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ жами 500 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. Мексикада ҳам беморлар сони ўсишда давом этмоқда - 50 мингга яқин ҳолат ва 5 мингдан ортиқ ўлим.
АҚШ: авиаташувчида яна инфекция
Covid-19 беморлари ва қурбонлари сони бўйича энг биринчи ўринда турган АҚШда сўнгги бир кунда яна 1,4 минг киши касаллик туфайли вафот этди. Шу тариқа, бу мамлакатда коронавирусдан вафот этганлар сони 88,7 мингдан ошди.
Сўнгги бир кунда АҚШнинг 32 мингга яқин аҳолисида инфекция аниқланган, якшанба куни ҳолатига кўра зарарланганлар сони 1,4 миллиондан ошган. Аммо сўнгги бир кунда мамлакатда ўлимлар сони аввалги беш кундагига нисбатан камроқ бўлди - 598 ўлим рўйхатга олинган.
Америкалик ҳарбийлар АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари таркибидаги «Теодор Рузвельт» авиаташувчисида камида 13 денгизчида Covid-19 аниқлангани ҳақида маълум қилган, бу денгизчилар аввал ҳам шу касалликка чалинганди.
Бунгача Гуам оролидаги меҳмонхоналарда карантинга олинган мингдан ортиқ денгизчида инфекция аниқланганди, улар айни вақтда соғайиб кемага қайтган. Ҳозирча биринчи тестдан кейин ҳам уларнинг қонида вирус қолгани ёки улар бошқа манбадан яна вирус юқтириб олгани маълум эмас.
Бу вақтда Техасда кунлик ҳолатлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилди: 1 801 кишида инфекция аниқланган. 1 май куни Техас губернатори маҳаллий компанияларга иш бошлашга рухсат берган, аммо ишга ходимларнинг фақат бир қисми қайтиши белгиланганди.
Британияда мактабларда машғулотларни бошлаш масаласида баҳслар кетмоқда.
Ҳукуматнинг юқори мартабали амалдорларидан бири, Вазирлар Маҳкамаси вазири Майкл Гоув болалар мактабларга боришига рухсат берилса, бу касаллик яна авж олишига олиб келиши мумкинлигига ишонмаяпти.
Вазир маълум шартлар эвазига мактаблардаги машғулотларни давом эттиришни таклиф қилмоқда, унга кўра, мактабларда ижтимоий масофа сақлаш талаб этилади ва бир синфхонада бир вақтда бўладиган ўқувчилар сони 15дан ортиқ бўлмайди.
Мактаблар очилишига қарши бўлганлар болалар касаллик тарқатувчига айланиши ва ўз уйларидаги кекса ёшлилар учун хавф солишидан хавотир олишмоқда.
Россияда сўнгги икки кунда янги зарарланиш ҳолатлари сони 10 мингдан кам бўлмоқда, шанба куни 9200 кишида вирус аниқланди, якшанба куни беморлар сони 9 709тага ошди. Мамлакат ҳукумати коронавирус тарқалиши темпи пасайганини маълум қилмоқда, шу билан биргаликда, Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова россияликлар ҳали яна кўп вақт янги шароитларда яшашига тўғри келишини айтмоқда.
Ибодатхоналар очилиши
Грецияда диндорлар икки ой ичида илк марта ибодатхонага бориши мумкин бўлди, мамлакатда март ойи бошида коронавирус тарқалиши туфайли диний муассасалар фаолияти тўхтатилганди.
Мамлакатда эпидемиологик вазият яхшиланишига қараб карантин чекловлари бекор қилиб борилмоқда.
Якшанба куни кўплаб черковлар келувчилар учун очиқ бўлди, аммо эҳтиёткорлик чоралари кўрилган. Кўплаб черковларда узун ўриндиқлар стулларга алмаштирилган ва стуллар бир-биридан икки метр масофада жойлаштирилган. Иконалар ва ҳайкаллар антисептиклар билан тозалаб турилади.
Австралиянинг бир неча ҳудудида ҳам диний муассасалар фаолиятига рухсат берилди. Австралияда 7 ҳафта муқаддам қатъий карантин чоралари жорий этилганди.
Австралиянинг аҳоли энг тиғиз яшайдиган ҳудуди - Янги Жанубий Уэльсдаги ибодатхоналар бино ичида 10дан ортиқ киши бўлмаслиги шарти билан очилган. Кўплаб черковлар, масжидлар ва синагоглар ёпиқлигича қолмоқда - бундан мақсад жамоатнинг катта ёшли вакилларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Осиёда нима гап?
Қатарда уйдан ташқарида тиббий ниқоб тақиш мажбурий бўлди. Уйдан ниқобсиз чиққанларга уй йилгача қамоқ жазоси ёки 200 минг риал (55 минг доллар) миқдорида жарима таҳдид солади.
Қатар касалланганлар сони аҳоли сонига нисбатан кўплиги бўйича - араб дунёсида энг ёмон натижани қайд этаётган давлатдир. Ушбу мамлакат аҳолиси 3 миллиондан камроқ бўлгани ҳолда, шу вақтгача 30 минг кишида коронавирус қайд этилган.
Қатарда масжидлар, мактаблар, савдо марказлари ёпилган, аммо 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати учун стадионлар қурилиши давом этмоқда. Ҳукумат ишчилар ҳимояси учун зарур чоралар кўрилганини билдирган.
Таиланд ҳукумати якшанба куни савдо марказлари очилишига рухсат берди, натижада бу жойлар харидорлар билан тўлиб-тошди. Савдо марказларига киришда келувчиларнинг тана ҳарорати ўлчанмоқда. Таиландда шу вақтгача 3 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолати қайд этилган, 56 киши вафот этган.
Хитойда сўнгги бир кунда Covid-19 коронавирус инфекциясига чалиниш бўйича 5та янги ҳолат қайд этилди. 3та ҳолатда касалланганлар локал, яъни Хитой ҳудудида, Цзилинь провинциясида яшовчи фуқароларда қайд этилган. Яна 2та ҳолатда беморлар коронавирусга хориждан чалиниб қайтган. Касалланганлар Ички Мўғилистон ва Тяньцзин шаҳрида аниқланган.
Жанубия Кореяда сўнгги бир кунда 19та янги зарарланиш ҳолати қайд этилган ва мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 11 050 нафарга етган.
Корея Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 13та ҳолат локал ҳисобланиб, яна 7таси хориждан қайтган фуқароларда қайд этилган. Географик таҳлил қилинганда 5та касалланиш Сеулда кузатилган, 4 нафар бемор карантин ҳудудларида, қолганлар эса мамлакатнинг бошқа ҳудудларида назоратга олинган.