Жамият | 17:21 / 18.05.2020
58707
3 дақиқада ўқилади

Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосарига «Саховат ва кўмак» жамғармаси хайрия пулларини ўзлаштириш бўйича жиноий иш очилди

Оққўрғон туманида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Саховат ва кўмак» жамғармасининг 153,2 млн сўмлик хайрия маблағларини талон-торож қилган шахсларга жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Саховат ва кўмак» жамғармаси хайрия маблағларини талон-торож қилган шахсларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берди.

Маълум қилинишича, Оққўрғон тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари Мухторали Алишев ва туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Н. олдиндан тил бириктириб, тумандаги эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Маҳалла» хайрия жамоат фондига ҳамда 2020 йилда «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 млн. сўм пулларни ўзлаштиришган.

Шу билан бирга, 2020 йилда «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган маблағлардан 44 млн сўмни мақсадсиз сарфлаб, растрата йўли билан талон-торож қилишгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 16 май куни Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Мухторали Алишев шу йилнинг 24 февралида Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари этиб тайинланганди.

Аввалроқ, Савдо саноат палатаси раиси Адҳам Икромов саховат ва кўмак масаласида халққа тўғридан тўғри пул тарқатилиши ўзини оқламайди деганди.

«Биринчидан, бу талон-торож бўлиши мумкин. Иккинчидан, одамларнинг масаласини ҳал қилиб бермайди. Пул ишлатиб юборилади, ундан кўра келгусида тадбиркорларимизга иш билан таъминлаши учун, саховат қилиши учун ёрдам берилса, ютуғимиз кўпроқ бўлади. Ва бу дунёнинг тажрибаси ҳам. Чунки бизнес ижтимоий масъулияти. Ҳозир биз танқид қиламизми, бошқа қиламизми, биронта давлатда, биронта ҳукуматда, ЖБ бўладими, ЖССТ бўладими, аниқ белгиланган ташхис қўйиш ва даволаш усуллари йўқ. 

Биз шу йўналишни танладик, ишонтириб айтаман, иқтисодиётимиз юриб кетди секин-секин, қишлоқларимизда ҳаёт қайнаб ётипти, Марказий банк қайта молиялаш ставкаларини 14–12 фоизга қайтадан туширишга, жуда қаттиқ турибмиз. Ундан ташқари, хориждан кредитларни олиб келиш — бу жуда катта масала. Хорижда жуда арзон арзон кредитлар тайёр турибди. Жаҳонда пул бор. Уларни унумли ишлатишимиз бу тадбиркорлар билан биргаликда, бизнинг овозимизни ҳукумат ва Марказий банк эшитиши шарт деб ўйлайман. Буни қўллаб-қувватлаймиз», деганди Адҳам Икромов.

Мавзуга оид