Ўзбекистон | 11:11 / 19.05.2020
57118
10 дақиқада ўқилади

Давлат бюджетига оғири тушмаган ўқитувчилар: уларни карантин даврида қутқариб қолиш керак

Пандемия аксарият давлатларни ўз бюджет сиёсатини қайта кўриб чиқишга, айниқса, илк даврларда маблағларни тақсимлашда нисбий афзалликларга алоҳида эътибор беришга мажбурлаётгани табиий. Айниқса, турмуш фаровонлиги у қадар юқори бўлмаган Ўзбекистон каби мамлакатларда бу жуда ҳам муҳим ва ҳал қилувчи вазифа ҳисобланади.

Пандемия давридан ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан нисбатан кам талафотлар кўриб чиқиш билан биргаликда, кейинги йиллар учун самарали ҳисобланган тизим яратиш, энг муҳим соҳаларни қутқариб қолишга уриниш талаб этилади. Нисбий афзалликлар ҳақида гап кетганда, табиий равишда, мамлакат иқтисодиёти айланмасида катта рол ўйнамайдиган кўнгилочар, спорт, турли жамоавий тадбирларга қилинадиган харажатларда чеклашлар юзага келиши табиий ва кутилган ҳолат.

Шу билан бирга, нисбатан зарур ҳисобланган баъзи соҳалар борки, бу тармоқлар узоқ келажакда давлатга тушадиган юкни қисман ўз зиммасига олади. Аммо бунинг учун, бугунги кунда, яқин келажакда уларни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш шарт.

Мисол учун, умумий ўрта таълим барча учун мажбурий бўлиб, бу соҳани юз фоиз давлат ўз зиммасига олган. Бу эса, бюджет харажатларининг сезиларли қисмини ташкил қилади. Аслини олганда, Ўзбекистон шароитида давлат бу соҳани тўлиқ ўз бўйнига олиши бироз нотўғри — биринчидан, юқорида айтилганидек, у қадар фаровон даражада эмасмиз, иккинчидан эса, ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам таълим тизими қисман хусусий мактабларга юклатилади. Аниқроқ айтиладиган бўлса, ота-оналар ўз фарзандларини хусусий мактабларда ўз маблағлари ҳисобидан ўқитишлари туфайли, давлатга енгиллик тақдим этадилар.

Бу соҳа сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам ривожланиб келаётганини пайқаш қийин эмасди. Пойтахтда, вилоят марказларида, шаҳарларда хусусий ўрта таълим мактаблари фаолият олиб боришни бошлашди. Бюджет мактабларига нисбатан олганда, сифатлироқ таълим ва инфратузилма таклиф қилаётган бу хусусий мактабларнинг ойлик нархлари минимал 200–300 минг сўмдан бошлаб, бир неча миллионгача етиб боради. Ота-оналар ўз молиявий имкониятларига қараб, у ёки бу хусусий мактабга фарзандларини бериб, бюджет мактабларига тушиши керак бўлган оғирликни камайтириб келишаётганди.

Яъни, ота фарзандини пуллик таълимга бериб, ўз ҳисобидан ўқитади. Аслида, бюджет мактаблари ҳам бепул таълим эмас, уларни молиялаштирадиган бюджет ўша ота-оналарнинг, айтайлик, тўлаган солиқларидан ташкил топишини унутмаслик керак. Яъни, ота боласини ўқитиш учун пулни солиқ орқали давлатга тўлаб бўлган. Аммо шундай бўлса-да, у сифатли таълим учун яна алоҳида тўловни амалга оширади ва фарзандини хусусий мактабга беради.

Бу тизимнинг фойдалари кўп: биринчидан, болаларни ўқитиш учун етарли ўрин ва шароит яратиши керак бўлган давлат қисман юкдан халос бўлади. Иккинчидан, ўқитувчиларнинг маоши айнан ота-оналар пулларидан ҳосил бўлгани сабабли, бюджет уларга маош тўлашдан ҳам қутулади. Учинчидан, қўшимча иқтисодиёт яратилиб, хусусий мактаблар ўқитиш учун давлатдан пул олиш ўрнига, аксинча, солиқлар шаклида, давлатга пул ҳам тўлашади. Тўртинчидан, бюджет мактабларига қўшимча рақобат ҳосил бўлиб, турли маъмурий тўсиқлар йўқолади, таълим сифати ошиб боради. Яна бир қанча санаш мумкин, хуллас, хусусий таълимнинг мамлакатимизга ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий томондан яхши самара келтириши шубҳасиз.

Энди бугунги пандемия шароитида пайдо бўлган вазиятга назар солайлик. Халқ таълими вазирлиги гарчи мактаблар ёпилган, фақат онлайн тизими амал қилаётган бўлса-да, ўқитувчиларнинг маошларини тўлайдиган бўлди. Ўқитувчилар онлайн тарзда, барча ноқулайликларга қарамасдан, ўз вазифаларини бажаришга ҳаракат қилмоқда, бунга эътироз йўқ.

Аммо молиялаштириш бюджетдан эмас, ота-оналар маблағидан амалга ошириладиган хусусий мактаблар катта қийинчиликлар остида қолди. Фарзанди уйда ўтириб, фақат телевизордан ёки онлайн дарслардан таълим олаётган ота-она, табиийки, хусусий мактабларга тўлов қилишни истамайди. Чунки бугун хусусий ва бюджет мактаблари шароити тенглашди — нега пул тўлаш керак? Буни тушуниш мумкин.

Ўз навбатида, хусусий мактаб раҳбарлари ҳам даромадсиз қолгач, ўқитувчиларга ҳар ой ўз ёнларидан бир неча ўн миллион ёки юз миллионлаб маош тўлаб боришга қодир бўлмай қолади. Кимдир ўз персоналини ҳимоя қилиш учун қандайдир минимал ойликлар ёки ёрдам пуллари ташкил қилиши мумкиндир, лекин ҳамма ҳам эмас ва қачонгача? Уларни ҳам тушуниш мумкин.

Шунингдек, хусусий мактаб ўқитувчиларини ҳам тушуниш мумкин. Улар балки камида сентябргача маошсиз қолишди. Фидойилик, таълимга садоқат нуқтайи назаридан, улар ишлашини исташимиз мумкин, аммо талаб қила олмаймиз. Онлайн дарслар ва вазифалар бериш, ўқувчиларни баҳолаш, яна кўрсатилган бошқа бир қатор конспект-ҳужжатларни юргизиш ва бу ишларни бепул амалга оширишни кутиш адолатсизлик бўлади. Ўз-ўзидан, таълим сифати ҳам тушиши табиий.

Буларнинг барчасини ҳисобга олиб, хусусий мактаб ўқувчиларига таълим беришда қандай аҳвол юзага келганини тасаввур қилиб кўришингиз мумкин. Бу ҳолат эса, нафақат бугунги пандемия даврида муаммо туғдиради, балки, келажакда анча самарали тизимнинг бир неча қадам орқага кетишига сабаб бўлиши ҳам турган гап.

Ахир ўйлаб кўринг, хусусий мактаб ўқитувчилари энди бюджет мактаби ўқитувчиларига нисбатан, ўзларини ижтимоий ҳимояланмагандек ҳис қилишади ва ким билади, келаси йилдан ўзларига бошқа мактаб қидириб қолишлари мумкин. Хусусий мактаб эгалари эса, энди ўқитувчиларни ушлаб қолиш учун яна қўшимча шароитлар таклиф қилишга мажбур бўлишади, эҳтимол, бу соҳа иқтисодий жиҳатдан ҳам фойда келтирмайдиган даражага тушиб қолади. Хусусий мактабларнинг камайиши ёки ривожланмаслиги яна таълим оғирлигини давлат зиммасида кўпайтиради. Ўз-ўзидан бюджет харажатлари ошади.

Шунинг учун давлат бугунги кунда хусусий мактабларга ҳам эътибор қаратиши, имкон қадар бу соҳани сақлаб қолишга уриниши шарт.

Тўғри, томдан чакка томиб турганда, бошқа ишлар зарур эмасдек туюлар, тўғридан тўғри ёрдам берилиши керак бўлган нуқталар ҳам етарлича. Аммо юқорида айтганимдек, келажакда тизимли равишда давлатга елкадош бўладиган соҳаларни сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Машинасозлик, ҳаво ва темир йўллар каби монопол соҳаларимиз шаксиз, эртага, ўзларини шундай ҳам ўнглаб оладилар — талаб ва таклиф мавжуд. Аммо хусусий таълим соҳасида таклифни, унинг орқасидан талабни ҳам йўқотиб қўйишимиз ва сўнгги йиллардаги самарали соҳадан ажраб қолишимиз мумкин.

Айнан мана шу соҳада бир неча йилдан буён фаолият олиб бораётган бир хусусий мактаб раҳбаридан вазиятдан қандай чиқаётгани ҳақида сўраганимда, қуйидагиларни айтди:

«Қийинчилик бўляпти. Аввалига биз ота-оналарнинг ташаббусига ҳавола қилганимизда, турли фикрлар чиқди. Кимдир тўғри тушуниб, қисман тўлов амалга оширишга рози бўлди. Бошқалари, мактабга пул тўлагиси келмай, ўқитувчиларга ёрдам қилиб туришлари мумкинлигини айтишди. Шунча пайтгача яхши фойда қилиб келгансизлар, нима бўпти, бир неча ой ўша фойдалар ҳисобидан қилиб турсанглар ҳам бўлади-ку, деганлар ҳам чиқди.

Бундай вазиятда, ҳамма рози бўладиган тизим яратиш иложсиз, шу туфайли, ота-оналарнинг аралашмасликларини сўрадик, бизга ҳам, алоҳида ўқитувчиларга ҳам пул беришни тақиқладик. Ўз ҳисобимиздан, ўқитувчиларимизга аввалгидек бўлмаса ҳам, бир-бир ярим миллион атрофида минимал ойлик тўлашга рози бўлдик. Табиийки, биз ҳам, ўқитувчилар ҳам даромаддан ютқазмоқда».

Бундан ташқари, бугунги ҳолат хусусий таълимда ўқийдиган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига нисбатан ҳам адолатсизликдир. Қуйидаги суратга эътибор беринг:

Ортиқча факторларни четга суриб, мактабларни молиялаштириш тўланган солиқлар орқали бўлишини эътиборга олсак, бу маблағ ҳаммадан йиғилади. Яъни фарзанди бюджет мактабида ўқийдиган ота-она ҳам, фарзандини пуллик мактабга берган ота-она ҳам, солиқ тўлаш орқали, бюджет мактабларини молиялаштирмоқда. Бошқача қилиб айтганда, иккинчи тоифадаги ота-она ҳам фарзандини ўқитиш учун давлатга пул тўлаб қўйган аллақачон. Хусусий мактабга эса, қўшимча сифат учун пул сарфлаётганди. Шу орқали у давлатнинг маълум харажатларини ўзи қоплаб келаётганди.

Бу ота-онадан бугунги онлайн шароитда ҳам хусусий мактабга пул тўлашни давом эттиришни сўраш — мантиқсизлик.

Яна шуни эътиборга олиш керакки, хусусий мактаб деганда, зўр шароитлар қилиб, ойига миллионлаб пул эвазига ўқитадиган бой тадбиркорларнигина тушунмаслик керак. Марказларга қараганда, шундай тасаввур пайдо бўлсада, аслида, анча оз суммага ўқитадиган, одатда, ижарада ўтирадиган хусусий мактаблар ҳам кўп.

Ота-оналар эса фарзандларини люкс учун эмас, нормал таълим учун ҳам шундай мактабларга беришга мажбур бўладилар. Сир эмаски, ҳатто бюджет мактаблари ичида ҳам, сифат борасида фарқлар кўзга ташланади. Эсингизда бўлса, яхшироқ мактабларга худудий тақсимлашда муаммолар чиққан ва Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳам вазиятга аралашганди.

Яъни хусусий мактаблар сифатсиз бепул таълимнинг оқибати ўлароқ табиий равишда юзага келганини ҳам эътиборга олиш лозим.

Ана энди, хусусий мактаблар даромадсиз қолган пайтда, нега унинг фарзанди азият чекиши керак? Нега унинг фарзандини ўқитаётган ўқитувчи маошсиз қолиши лозим? 

Агар ҳозир давлат икки-уч ой маош беришдан қочса ва бу эртага хусусий мактабларнинг маълум қисми йўқолишига олиб келса, барибир ўша мактаб ўқувчилари ҳам давлат бўйнига тушади. Кейин бир неча ой эмас, йиллаб, ўқитувчиларга қўшимча маош тўлаб юришга мажбур бўлиб қолади. Яъни, нафақат ижтимоий, балки энг рационал фикрлаганимизда ҳам хусусий мактабларни асраб қолиш давлатимиз учун фойдали-ку?!

Менимча, давлат бу шароитда, вақтинча, хусусий таълим мактабларига худди бюджет мактаблари каби муносабатда бўлиши ва камида ўқитувчиларнинг маоши (оддий мактаб ўқитувчилари шкаласида) карантин даврида бюджет ҳисобидан қопланиб борилиши лозим. 

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид