«Сквер»даги автотураргоҳ ўрнини эгаллаган инвестор ким?
Чехиянинг «IMP NEW PAY» компанияси Матбуотчилар кўчасидаги 0,23 гектар майдонда қурилиш бошлади. Шу пайтга қадар, жой автотураргоҳ сифатида ишлатилган.
Маълум қилинишича, мазкур қурилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 28 мартдаги 467-сонли қарори асосида, 25 млн. АҚШ долларидан кам бўлмаган инвестиция киритиш шарти билан, компанияга ажратиб берилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу ерда 1-2-3-қаватлари савдо дўконлари, юқори қаватлари офислардан иборат 9 қаватли бино қурилиши режалаштирилган.
«IMP NEW PAY» номи билан 2016 йил 19 августда Чехия Республикасида давлат рўйхатидан ўтган компания ҳақида очиқ маълумотлар базасида бир қанча қизиқ фактлар тақдим этилган. Унга мувофиқ, компания таъсисчилари ўзбекистонлик Исроил Юнусов ҳамда германиялик Пол Брайтенбаҳ ҳисобланади.
Яшаш манзили Тошкент шаҳридаги Карвон берк кўчаси, 10 уй этиб белгиланган компания таъсисчиларидан бири Исроил Юнусов «IMP NEW PAY» нинг 95 фоиз акциясига эгалик қилади. Германия фуқароси эса 5 фоиз акцияни бошқаради. Шунингдек, компаниянинг устав капитали 1000 чех кронасини (тахминан 39 доллар) ташкил этади.
Очиқ маълумотлар базасида юридик манзили Чехиянинг Карлови Вари шаҳрида кўрсатилган компания директори сифатида Мурат Маденов исми ёзилган. Чехияда уй-жой хариди ва сотуви билан шуғулланувчи сайтларда шундай исмли шахс маклер экани кўрсатилади.
Booking.com сайти маълумотига кўра, Мурат Маденов исмли шахс Карлови Вари шаҳрида истиқомат қилади ва уйларни ижарага ҳам топширади. У Чехияда 13 йилдан буён доимий яшаши, ушбу бизнес билан 6 йилдан бери шуғулланиши ҳақида маълумот ёзиб қолдирган.
Чехия Республикаси қонунларига кўра, Европа иттифоқи фуқароси ёки Чехия резиденти мақомида бўлмаган шахс мамлакатдан кўчмас мулк сотиб олиши мумкин эмас. Кўрсатилган мақомга эга бўлмаган шахслар Чехиядан уй харид қилиш учун визага эга бўлиши ва 7 йил давомида мамлакатда яшаган бўлиши керак. Шунингдек, чех фуқароси билан турмуш қурган ҳолатда ҳам уй-жой сотиб олиш мумкин.
Европа Иттифоқига аъзо Чехия Республикасида кўчмас мулк харид қилишнинг бошқа усули ҳам мавжуд. Бунинг учун ушбу давлатда масъулияти чекланган жамият ташкил этиб, ЕИ фуқароси ёки ушбу мамлакатда узоқ вақт бўлиш ҳуқуқига эга шахсни компания директори этиб, тайинлаш лозим.
Суриштирув давомида компания таъсисчиси Исроил Юнусов Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси раиси экани маълум бўлди. Маълумотларга кўра, Исроил Толибжонович Тошкент ишбилармонлик марказида қурилиш олиб бораётган Real House бренди остидаги Lotus Gaz Invest масъулияти чекланган жамиятнинг таъсисчиларидан бири ва устав фонддаги улуши 56,7 фоизни ташкил этади.
Компаниянинг бошқа таъсисчиси (43,30 фоиз улушга эга) Papirus Print МЧЖ устав фондининг 76 фоиз улуши Юнусов Иброҳим Толибжоновичга тегишли.
Lotus Gaz Invest ҳамда Papirus Print компанияларининг асосий амалга ошираётган иш фаолияти тури турар жой биноларни қуришдан иборат. Айни пайтда Real House бренди остида иш олиб бораётган компания директори Юсупалиев Улуғбек Абдуллаевич бўлиб, шу исмли шахс 2014 йили 25 август куни «Шуҳрат» медали билан мукофотланган. Аммо у пайтда Улуғбек Юсупалиев Давлат солиқ қўмитаси Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси бошлиғи сифатида ҳужжатларда қайд этилган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, шаҳар марказидаги қайноқ нуқтани ноль қийматда йирик инвестиция жалб этиш шарти билан хорижий компанияга топширилган. Аммо ўша компания таъсисчиларидан бири Ўзбекистонда муваффақиятли қурилиш ишларини олиб бораётган тадбиркорлардан бири бўлиб, унинг хориждаги компанияси устав фонди 39 долларни ташкил этган.
Сўнгги пайтларда чўнтагида хемири йўқ хорижий компанияларга инвестицион мажбуриятлар билан ер ва мулкларни бериш амалиёти кўп учрамоқда. Ортида аслида ўзбекистонлик шахслар турган компаниялар эса инвестицион мажбуриятларни маҳаллий банклардан кредит олиш эвазига тўлдиради. Кредит ресурсларини олиш учун тақдим этилган айнан ер ё мулкни гаровга қўяди.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
12:09 / 16.09.2024
Тошкент халқаро аэропорти автотураргоҳида таъмирлаш ишлари қурилиш жойи ўраб олинмай қилиняпти
10:02 / 04.07.2024
Тошкентда автотураргоҳларни қидириш ва брон қилиш имконияти яратилади
18:16 / 10.02.2024
Парижда йўлтанламас автомобиллар учун «парковка» тўлови 3 баравар оширилади
13:30 / 07.01.2024