Ўзбекистон | 13:46 / 20.05.2020
27028
6 дақиқада ўқилади

Вазирлик Оққўрғонда «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ўғирланиши ҳолати бўйича изоҳ берди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Оққўрғондаги ҳомийлик маблағларининг ўғирланиши ҳолати бўйича расмий муносабат билдирди.

«Оммавий ахборот воситалари ҳамда турли ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Оққўрғон туман бўлинмаси ҳузуридаги «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағларининг шу ишга масъул шахслар томонидан бемақсад сарф этилганига оид хабарлар бутун тизим ходимлари, соҳа фидойиларини қаттиқ ташвишга солди.

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилди ҳамда қуйидагилар аниқланди:

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги 213-сонли Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви, фонднинг ҳудудий бўлинмалари, хусусан, «Маҳалла» фонди Оққўрғон тумани бўлинмаси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «Саховат ва кўмак» жамғармаси ташкил этилган. Шунга кўра жорий йилнинг 23 апрель куни ОАТБ «Микрокредитбанк» Оққўрғон филиалида «Маҳалла» фондининг Оққўрғон тумани бўлинмаси ҳузуридаги «Саховат ва кўмак» жамғармасининг махсус ҳисоб рақами очилган.

Жамғармага келиб тушаётган ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳақидаги кунлик маълумотлар «Маҳалла» фонди Тошкент вилояти бўлим бошқарувига тақдим этиб борилган.

Жамғармага келиб тушган хайрия маблағларининг сарфланишига доир тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида аниқланишича, халқ депутатлари Оққўрғон тумани кенгашининг 2020 йил 27 апрелдаги VI/VII-II-сонли Қарорининг 5-бандига кўра, Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Алишевга жамғармада шаклланган маблағлардан мақсадли фойдаланиш учун тумандаги деҳқон бозорларидан озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи бозор нархларида харид қилиш учун жамғарманинг банкдаги ҳисоб рақамидаги маблағларни нақд пул кўринишида олишга рухсат берилиши белгиланган.

Шунингдек, туман кенгаши қарорининг 6-бандида ОАТБ «Микрокредитбанк» Оққўрғон тумани филиали бошқарувчиси А.Хамроевга жамғармада шаклланган маблағлардан мақсадли фойдаланиш юзасидан тумандаги деҳқон бозорларидан озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи бозор нархларида харид қилиш учун жамғарманинг банкдаги ҳисоб рақамидаги пул маблағларини нақд пул кўринишида тақдим қилишни таъминлаш вазифаси юклатилган.

Ўрганиш жараёнида хабарларда тилган олинган, муқаддам фонднинг Оққўрғон тумани бўлинмаси катта бухгалтери лавозимида ишлаган фуқаро – Ниёзов Бобур Зайирович, «Маҳалла» фонди Тошкент вилояти бўлимининг 2020 йил 3 январдаги 01-к-сонли буйруғига асосан лавозимидан озод этилганлиги аниқланди.

Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Алишев муқаддам Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Оққўрғон тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – «Маҳалла» фондининг тумани бўлинмаси раиси лавозимида ишлаган.

Аммо шу вақтга қадар ОАТБ «Микрокредитбанк» Оққўрғон филиали мутасаддилари томонидан М.Алишев ва Б.Ниёзовнинг тўлов топшириқномасига имзо қўйиш ҳуқуқини бекор қилиш ёки имзо учун банд солиш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилмаган. Бунинг натижасида «Маҳалла» фондининг Оққўрғон тумани бўлинмаси ҳузуридаги «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган ҳомийлик ва хайрия маблағларининг муайян қисми мақсадсиз сарф этилишига йўл қўйилган. Етказилган моддий зарар М.Алишев томонидан тўлиқ қопланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Тошкент вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

2020 йил 18 май куни мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан Молия вазирлигига 02-06/73-сонли мурожаат хати юборилиб, унга кўра «Саховат ва кўмак» жамғармаси Низомининг 14-бандига асосан жамғарма маблағларининг мақсадли ишлатилиши назоратга олинишида амалий ёрдам сўралди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ушбу салбий ҳолатни ҳамда кенг жамоатчилик ва бутун халқимиз томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида йўналтирилган хайрия маблағларининг бемақсад ишлатилишини кескин қоралайди.

Вазирлик томонидан мазкур воқеликка ўхшаш ҳолатларнинг қайта такрорланмаслиги, хайрия маблағларининг манзилли етиб боришини намунали ташкил этиш мақсадида барча зарур чораларни кўради ва назоратни кучайтиради, шунингдек ҳудудий тузилмалар раҳбарларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича кенг қамровли профилактик тадбирларни амалга оширади. Энг муҳими, бугунги синовли кунларда халқимиз томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ижтимоий ташаббуслари тўлақонли рўёбга чиқишларини таъминлайди», дейилади вазирликнинг расмий муносабатида.

Бундан аввалроқ Бош прокуратура Оққўрғон туманида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Саховат ва кўмак» жамғармасининг 153,2 млн сўмлик хайрия маблағлари талон-торож қилингани, хусусан туман ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари ва туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобчиси тумандаги эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 млн сўм пулларни ўзлаштиришгани, шунингдек, «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган маблағлардан 44 млн сўмни мақсадсиз сарфлаб, растрата йўли билан талон-торож қилганликлари аниқлангани, ушбу шахсларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид