Ўзбекистон | 22:50 / 21.05.2020
11150
2 дақиқада ўқилади

ТДЮУ ректори ва Интеллектуал мулк агентлиги директори бундан буён вазир ўринбосари ҳисобланмайди

Адлия вазирлигида вазир ўринбосарлигига тенглаштирилган айрим лавозимлар тугатилиб, янгилари ташкил этилди. Бу президент Шавкат Мирзиёев томонидан 19 май куни имзоланган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.

Фармонга кўра Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги директори лавозимини сақлаган ҳолда адлия вазири ўринбосари – Интеллектуал мулк агентлиги директори лавозими ҳамда Тошкент давлат юридик университети ректори лавозимини сақлаган ҳолда адлия вазири ўринбосари – Тошкент давлат юридик университети ректори лавозими тугатилмоқда.

Тугатилган лавозимлар ўрнида адлия вазири ўринбосарлари лавозимлари киритилади.

Шунингдек, фармон билан вазирлик марказий аппаратида бошқарув ходимларининг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида иккита бошқарма ташкил этилмоқда. Булар:

·       Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш бошқармаси;

·       Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармаси ташкил этилсин.

Бундан ташқари, президент фармонида давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳри ва Қарши туманида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу марказлар бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилади ва тегишли ташкилотда қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади.

Эксперимент натижалари асосида 2021 йил 1 январга қадар ушбу тизим республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилиши мумкин.

Мавзуга оид