«Аҳолини хавфдан огоҳлантириш жуда осон ва у қиммат эмас» – хорижлик эксперт «Сардоба» ўпирилиши ҳақида
Нидерландияда жойлашган DELTARES мустақил тадқиқот маркази экспертлари «Сардоба» сув омборидаги техноген офат юзасидан бирламчи таҳлилларини эълон қилди.
Таҳлиллар 9 майгача бўлган даврда олинган сунъий йўлдош тасвирлари, радар сенсорлари ва очиқ маълумотларга асосланган.
12 саҳифадан иборат, рус тилида тақдим этилган бирламчи ҳисобот билан researchgate.net сайтида танишиш мумкин (pdf).
BBC ўзбек хизмати тадқиқот муаллифлари – Санжай Гири ва Геннадий Дончиц билан интервью ташкил этди. Kun.uz интервьюда экспертлар қайд этган айрим фикрларни келтириб ўтади.
ФВВ бошқарма бошлиғи Комилжон Арипов аҳолини хавфдан огоҳлантириш тизими бўлмагани ва бу жуда қиммат туришини айтди. Бундай тўғонда ўзи эрта огоҳлантириш тизими бўлиши керакми?
Санжай Гири: Ҳа, албатта, бўлиши керак. Ва у унчалик қиммат эмас. Ҳамма гап ҳаво шароитларини башорат қилишда. Гидрометреологик тизимлар билан бирга ишланади ва кучли ёмғир ёғса, хавф ўлчанади.
Шунинг учун ҳам биз бир неча бор огоҳлантирганмиз: гидрометеорологик мониторинг тизимини яхшилаш керак, деганмиз. Бу каби кучли ёмғир ва шамолни 2-3 кун олдин башорат қилса бўлади. Шунинг асосида 2-3 кун олдин, масалан, омбордан сувни чиқаришни бошласа бўлади.
Бугунги замонда буни қилиш жуда осон ва у қиммат эмас. Масалан, биз Ҳиндистондаги тўғонга шундай тизимни ўрнатдик. Тизим ҳар соатда сув омборининг сатҳини ўлчаб туради.
Мен Ўзбекистонда бўлиб бошқа сув омборларини кўрганимда, у ерда кўп нарса ҳали ҳам қўл билан қилинишига гувоҳ бўлдим. Бир йил аввал биз Ўзбекистонга буни автоматлаштириш кераклигини тавсия қилдик. Чунки шу йўл билан инсон омили ортидан келиб чиқадиган хатолар хавфини камайтирса бўлади.
Тошкентга яқин бир тўғонда ҳали ҳам жуда эскича усул қўлланилар экан. Яъни кимдир ўша ерга бориб ўлчамларни олади. Лекин экстремал вазиятда автоматлаштирилган тизим керак. У ерга бормай туриб ҳам, ҳар соатда бўлаётган ўзгаришларни экранда кўриб туриш мумкин.
Ўзбекистонда аввал ҳам ишлаганмиз ва у ердаги ҳукуматга янги технологияларни аввалдан башорат қилиш ишлари учун қўллашни тавсия қилиб келганмиз.
Биз ўтган ойда у ерга бориб, махсус тренинглар ўтказмоқчи эдик. Аммо коронавирус туфайли бора олмадик.
Тўғон узоқ вақт давомида танаффуслар билан қурилгани - ўпирилиш сабабларидан бири бўлиши мумкин
Санжай Гири: Офатнинг эҳтимолий сабаблари кўп. Масалан, ўпирилган жойга яқин дренаж каналида хатоларга йўл қўйилган бўлиши мумкин.
Бу сув омбори узилишлар билан узоқ вақт давомида қурилган. Суратлардан аён бўлгани шуки, унинг ўпирилган қисми охирги босқичларда қурилган бўлган. Қурилишдаги танаффуслар сабабли тўғон деворларининг деформацияси бир текисда ва ўзаро ҳамоҳанг тарзда кечмаган, бу эса охир-оқибатда ўпирилишга олиб келган бўлиши мумкин.
Баъзи InSAR тасвирларга кўра, тўғоннинг янги қурилган қисмида деформация аввалроқ қурилганларидан фарқли тарзда юз берган.
Сув тошиши нотўғри лойиҳалаштириш ё қуриш оқибати ҳам бўлиши мумкин. Ва албатта, табиий ҳамда инсоний омиллар қоришмаси сабаб бўлиши эҳтимоли ҳам бор.
Фундамент ёмон қурилган бўлса, бетон ҳам қулайди
Санжай Гири: Асосий гап қандай материаллар ишлатилганида эмас. Масалан бизда, Нидерландияда деярли барча тўғонлар тупроқдан қурилган. Лекин бизда уларнинг таги торф бўлади. Торф нам бўлганда кенгайиб, қуриганда кичрайгани учун фундаментни қураётганда яна ҳам эҳтиёт бўлиш ва махсус қонун-қоидаларга бўйсуниш керак.
Шунинг учун тўғон қуришдан аввал биринчи ўринда ҳудуднинг геологик шароити ўрганилиши шарт ва шунинг асосида лойиҳа ишлаб чиқарилиши лозим. Булар ўрганилмаса, агар фундамент ёмон қурилган бўлса, бетон ҳам қулаши мумкин.
«Тадқиқотдан мақсадимиз – қисқа вақт ичида масофадан туриб бирламчи таҳлил ўтказиш мумкинлигини кўрсатиш эди»
Санжай Гири: Мақсадимиз – масалани фақат профессионал ва техник нуқтайи назардан таҳлил қилиш эди. Биз унда масофадан туриб йиғиладиган сенсорли ахборотлар ва интернетда бор маълумотлар асосида барча эҳтимолий сабабларни кўрсатишга уриндик. Кимнидир ё ниманидир айблаш ниятимиз йўқ.
Биз бу ҳисоботимиз билан янги технологиялар ёрдамида шунча қисқа вақт ичида, шунча узоқдан туриб ҳам бундай фожиали ҳодисани таҳлил қилиш мумкинлигини кўрсатмоқчи бўлдик.
Ҳисоботимизда айтганмиз, ҳақиқий сабабларни бериш учун бизга кўпроқ маълумотлар керак бўлади.
Бизда «Сардоба» қандай лойиҳалаштирилгани борасида мутлақо маълумот йўқ. Аслида бизнинг асосий мақсадимиз ҳам сабабларни аниқлаш эмас, балки инновацион усуллар билан таҳлил қилишни, сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар орқали сув қаёққа кетяпти, нега шу йўналишда кетяпти, шу кабиларни кўрсатиб бериш эди. Бу сув омбори ҳақида маълумот топишга қийналдик.
Геннадий Дончиц: Бу каби ҳисоботлардан яна бир мақсад – ана шундай ҳоллар юзага келган қандай йўл тутиш кераклигини ўрганиш. Ҳатто тижорий компаниялар ҳам офат юз берганда бажонидил реал вақтдаги сателлит тасвирларни улашишга тайёрлар. Шундай экан, улардан фойдаланса бўлади.
Очиқ маълумотлар ёрдамида дунёнинг ҳар бир бурчагидаги тўғонга қараб, агар у ўпирилса, қанча ҳудудга хавф туғдиришини аниқлаш мумкин.
InSAR технологияси радар сенсорларига эга ва ҳатто 1 мм деформация бўлса ҳам, уни илғай олади. Бу орқали объект вақт оша қандай қурилганини сателлит суратлар ёрдамида реконструкция қилиш мумкин. Бу қийин эмас, унинг босқичма-босқич қандай қурилганини кўрса бўлади.
Маълумот учун, Deltares – сув ресурслари ва геология соҳаларида амалий изланишлар олиб борувчи мустақил тадқиқот институти. Компания Нидерландиянинг Делфт ва Утрехт шаҳарларида жойлашган. Институтда 800дан ортиқ мутахассис фаолият юритади. Компания фаолияти жамият ва атроф-муҳит учун интеллектуал ечимлар излаш, инновациялар яратишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев техноген офатни таҳлил этиш учун Франция, Туркия ва Россия каби мамлакатлардан дунёнинг етакчи экспертлари таклиф этилиши ва улар воқеага холисона баҳо беришини айтган.
Мавзуга оид
23:37 / 06.05.2024
Сирдарёдаги мактабда ўқувчилар клип томоша қилди, синф раҳбаридан директоргача ишдан олинди
07:34 / 20.04.2024
Тадбиркорнинг 943 млн сўмлик материалларини ўзлаштирган собиқ менежер аниқланди
23:56 / 02.05.2023
Сардоба фожиасига 3 йил: олдини олиш мумкин бўлган фалокат ва унинг оқибатлари
13:53 / 18.09.2022