Жаҳон | 09:50 / 24.05.2020
140104
11 дақиқада ўқилади

Афғонистон қаҳрамони, этник ўзбеклар етакчиси ва эндиликда маршал. Абдулрашид Дўстум ким?

17 май куни Афғонистондаги машҳур ҳарбий арбоб Абдулрашид Дўстумга маршали унвони берилиши маълум бўлди. Собиқ вице-президент ҳисобланган генерал Абдулрашид Дўстумга президент фармонига биноан маршал унвони берилишидан ташқари ҳукумат Олий кенгаши ва Миллий хавфсизлик кенгашигада жой кафолатланди.

Фото: Getty Images

У ким ўзи?

Афғонистондаги энг машҳур ҳарбий қўмондонлардан бири (балки энг машҳуридир) Абдулрашид Дўстум 1954 йил Афғонистон шимолидаги Жузжон провинцияси Шибирғон уездидаги Хўжадкўҳ қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Унинг отаси ўзбек, онаси эса туркман миллатига мансуб бўлган. Дўстум ўзини ўзбек деб ҳисоблайди ва ўзбекча гапиради.

Мактабни битирганидан сўнг Дўстум газ қазиб олиш компаниясида ишлай бошлайди. Бу компания СССР билан ҳамкорликда тузилган эди. 1979 йилда у СССР ёрдамида Афғонистонни социалистик давлат қилиш ҳаракатида бўлган Афғонистон халқ демократик партиясига аъзо бўлиб киради.

1980 йилда Дўстум ўқиш учун СССРга келади ва Ленинграддаги ҳарбий академияда таҳсил олади. Ўқишни битириб, Афғонистонга қайтган Дўстум Афғонистон ҳукуматига бўйсунадиган хавфсизлик идорасида иш бошлайди. Орадан бироз ўтиб Дўстумни мамлакат шимолида яшаётган ўзбеклардан тузилган 53-дивизияга қўмондон этиб тайинлашади ва у СССР ҳарбийлари Афғонистонни тарк этгунча улар билан ҳамкорликда мужоҳидларга қарши жанг қилади.

Совет қўшинлари Афғонистонни тарк этгандан сўнг у бир муддат Нажибулло бошчилигидаги ҳукуматни қўллаб-қувватлайди. Вақт ўтиб Нажибуллога қарши бўлган мухолиф кучлар томонга ўтади.

1992 йилда Дўстум Афғонистон шимолини тўлиқ ўз назоратига олади. Ўша пайтларда Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшайдиган шимолий қисми норасмий равишда «Дўстумистон» деб ҳам аталган. У Мозори Шариф шаҳрини Шимолий Афғонистон пойтахти этиб танлайди ва қароргоҳини шу шаҳарда жойлаштиради. Ўша пайтда унинг қўл остида СССРда ишлаб чиқарилган танклар, қирувчи самолётлар ва бошқа ҳарбий техникалар билан қуролланган 65 минг нафар ҳарбий хизматчи бўлган.

Орадан бироз ўтиб Афғонистонни толиблар эгаллай бошлади. Шунда Дўстум ўз қўшинлари билан Шимолий Альянс деб номланган коалицияга қўшилади. Коалиция таркибида Дўстумдан ташқари, мамлакатнинг қонуний президенти Бурҳониддин Раббоний бошчилигидаги ҳукумат кучлари, шунингдек, Афғонистондаги дарийлар етакчиси Аҳмадшоҳ Масъуд ва пуштунлар лидери Гулбиддин Ҳикматёр бошчилигидаги қўшинлар ҳам бор эди.

Бир йил давом этган жанглардан сўнг 1997 йил май ойида Дўстумнинг ёрдамчиси Абдул Малик Фарёб вилоятида исён кўтаради ва толиблар томонига ўтиб кетади. Шундан сўнг «Толибон» Афғонистон шимолини ҳам эгаллайди ва Дўстум Туркияга кетишга мажбур бўлади. Ўша йили кузда Афғонистонга қайтган Дўстум толиблар билан қайта жанг бошлайди ва яна енгилади. 1998 йилда яна Туркияга кетади.

2001 йил Нью-Йоркдаги терактдан сўнг АҚШ Афғонистонга қўшин киритади ва толибларга қарши курашаётган коалиция билан ҳамкорликда мамлакатнинг асосий қисмини коалицияга қайтариб олиб беради. Ўшанда Дўстум мамлакат шимолидаги ҳарбий кучларни яна қўлга олади ва АҚШ қўшинлари билан ҳамкорликда толибларга қарши фаол равишда жанг олиб боради. Ўша йили у Афғонистоннинг янги ҳукумати таркибига киради.

2004 йилда Афғонистонда президентлик сайловлари ўтказилади ва унда Дўстум ҳам ўз номзодини қўяди. Ҳамид Карзай президент этиб сайланган ушбу сайловларда Дўстумга 10 фоиз сайловчилар овоз беради ва у тўртинчи ўринни эгаллайди. 2005 йилда Дўстум Афғонистон қуролли кучлари Олий қўмондонлиги бош штаби бошлиғи этиб тайинланади.

Фото: AFP

2008 йилда ўзининг яқин маслакдоши, Афғонистондаги туркий халқлар иттифоқи раиси Акбар Бой билан келиша олмай қолади ва унга қуролли тажовуз қилгани айтилади. Шундан сабаб бош штаб раҳбарлигидан бўшатилади ва яна Туркияга чиқиб кетади.

2009 йилда навбатдаги президентлик сайловлари арафасида Дўстум яна Афғонистонга қайтиб келади ва фаол сиёсий фаолият билан шуғуллана бошлайди. Ўша йили кузда у ўз лавозимига тикланади ҳамда Афғонистон қуролли кучлари олий қўмондонлиги бош штаби бошлиғига айланади.

2014 йилда Дўстум Афғонистоннинг биринчи вице-президенти этиб тайинланади. Абдул-Рашид Дўстум 1989 йил генерал-майор унвонини олган. У икки марта – 1986 ва 1988 йилларда Афғонистон қаҳрамони унвонини олган. Энди эса Афғонистонда учинчи бўлиб маршал унвонини олди. Ўзбек миллатидаги илк вице-президент бўлган Дўстум Афғонистонда маршал унвонини ҳам олган биринчи ўзбек бўлди.

Абдул-Рашид Дўстум ҳақидаги, тўғрироғи унинг фаолияти бевосита алоқадор бўлган воқеаларга бағишланган «12 куч» фильми суратга олинган. 2018 йил катта экранларга чиққан бу фильм америкалик киноижодкорлар томонидан суратга олинган. Фильмда АҚШ ҳарбийларининг 11 сентябрь терактидан сўнг Афғонистонда «Толибон» ҳаракатига қарши ҳаракатлари ҳақида ҳикоя қилинади. Картинада Абдул-Рашид Дўстум образига алоҳида эътибор берилган ва унинг ролини Ҳолливуднинг машҳур актёри Навид Негабан ижро этган.

Афғонистондаги ўзбеклар орасида Дўстум жуда машҳур ҳисобланади. Унга бағишлаб шеърлар ёзилган, қўшиқлар куйланган.

Дўстум «Толибон»га қарши кураш ҳақида гапирар экан токи тирик экан Афғонистондан қўшни Ўзбекистон ва Туркманистонга бирорта террорчи ўта олмаслигини айтган.

Афғонистондаги ўзбеклар

Фото: Anadolu

Ўзбеклар Афғонистондаги тўрт асосий миллатдан бири ҳисобланади. Бугун турли манбаларга кўра Афғонистонда 2,7-3,5 миллион атрофида ўзбеклар яшайди. Улар асосан мамлакат шимолида, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон билан чегара ҳудудларда истиқомат қилади. Мамлакатнинг марказий ҳудудларида ҳам ўзбеклар бор, аммо улар жуда сийрак.

Афғонистондаги ўзбеклар сони бугун тахмин қилинаётганидан анча кўп бўлиши ҳам мумкин. 80-йилларда СССР Афғонистонда ўзига бўйсунувчи ҳукуматни шакллантирган пайтларда жами аҳоли сони 16 миллион, ўзбеклар сони эса 2 миллион атрофида деб маълумот бериларди. Бугун Афғонистон аҳолиси 38 миллиондан ошган ва шунга монанд ўзбеклар сони ҳам камида икки баробар ошган бўлиши мумкин.

Қолаверса, мамлакат ғарбидаги форсийзабонлар, шарқдаги пуштунлардан фарқли ўлароқ ўзбеклар қочқинга айланмаган. Шу сабабли айрим манбаларда Афғонистондаги ўзбеклар сони 5 миллионга яқинлашиб қолгани айтилади. Аммо бу мамлакатда анча йиллардан бери аҳоли рўйхатга олинмагани сабаб Афғонистондаги ўзбеклар сони бериладиган аксарият манбалар тахминий ҳисоб-китобларга асосланади.

Афғонистон шимолидаги ўнга яқин провинцияда ўзбек тили расмий тил ҳисобланади. Мамлакатда сўнгги йилларда ўзбек тилига эътибор кучайди. Ўзбек тилида кўрсатувлар ва эшиттиришлар узатадиган бир неча телеканал ҳамда ўнлаб радиоканаллар бор. Шунингдек, қўшни юртда ўзбек тилида бир неча газета чоп этилади. Афғонистонда ўзбек театри ҳам бор.

Абдул-Рашид Дўстум ҳамда ўзбекларнинг Афғонистон сиёсий жараёнларидаги роли

1990-йилларда Дўстум Афғонистон шимолидаги ўзбеклар етакчисига айланганидан бери Афғонистон тепасига келадиган ҳар қандай сиёсатчи мамлакат шимолида яшовчи кўп миллионли ўзбекларнинг сайловлардаги овози учун генерал Дўстум билан ҳисоблашишга мажбур.

Бугун 40 миллионга яқин Афғонистон аҳолисининг тахминан ўндан бирини ўзбеклар ташкил этади. Лекин гап бошқа томонда. Турли сайловларда Афғонистоннинг толиблар эгалигидаги ҳудудларида сайлов участкаларини ташкил этишнинг имкони йўқ. Мамлакат шимолида эса аксарият ҳудудлар ҳукумат назоратида ва бу ҳудудда сайлов бўлади.

Қолаверса, мамлакат шимолий қисмида яшовчи ўзбеклар бошқа ҳудудларга қараганда сайловларда анча фаол қатнашади. Шундан келиб чиқилса, Дўстум таъсири остидаги шимолий ҳудудлар аҳолисининг сайловда берадиган овозлари афғон сиёсатчилари учун жуда муҳим ҳисобланади.

Ана шу учун ҳам Дўстум анча йиллардан бери Афғонистонга раҳбарлик қилиб келаётган турли раҳбарлар учун муҳим шахс бўлиб қолмоқда. Дўстумга берилган маршал унвони ҳам ўтган йил кузида бўлиб ўтган сайловларда Ашраф Ғанининг ғалаба қозонишида шимоллик ўзбеклар берган овозлар муҳим роль ўйнагани учун мукофот бўлиши ҳам мумкин.

Ўзбекистондаги маданий ҳаётининг Афғонистон ўзбекларига таъсири

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон маданий ҳаёти бевосита Афғонистон шимолидаги яшайдиган ўзбекларнинг ҳаёт тарзига таъсир қилади. Ўзбекистон санъаткорлари ва телеканаллари бу ҳудудда жуда машҳур ва оммабоп. Бозорлардан ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган фильм ва сериаллар, шунингдек турли хонандаларнинг концерт дастурлари ёзилган дискларни бемалол топиш мумкин. Бу минтақада ўзбек тилида бир неча телеканал бор. Шунингдек, кўпчилик оилалар Ўзбекистон телеканалларини томоша қилишни афзал кўришади. Ўзбекистон телеканаллари тўғридан тўғри кўрсатилмайдиган ҳудудларда уларни сунъий йўлдошлардан тўлқин ушлайдиган антенналар орқали томоша қилишади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Афғонистондаги ўзбеклар билан алоқаларни яхшиламоқда. 2014 йилда Ўзбекистон Афғонистондаги ўзбек ўқувчилари учун мактаб қуриб берган эди. 2017 йил 10 сентябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида «Ислом ҳамкорлик ташкилоти» саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёв ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани учрашганида икки мамлакати ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Термизда афғон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган ўқув марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилади.

Вазирлар Махкамасининг 2017 йил 13 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 911-сонли қарорига мувофиқ ишлар бошлаб юборилади. Марказ учун Термиз тумани собиқ Янгиариқ касб-ҳунар коллежи биноси ажратиб берилди. Коллеж қайта реконструкция қилинганидан сўнг бу ерда афғонистонлик ёшлар ўқишга қабул қилинди. Қўшни юртдан келган талабаларнинг аксариятини ўзбек миллатига мансуб ёшлар ташкил этади.

Бугун марказда таълим олаётган талабаларга Афғонистон томони эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси таълим тизимида қабул қилинган нормаларга асосан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ 18та олий таълим йўналишлари ва 19та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича таълим берилмоқда. «Ўзбек тили ва адабиёти» йўналишида таҳсил олган 96 нафар талаба бакалавр дипломи олишга ҳам улгурди.

Мавзуга оид