ЕОИИнинг маъқулланмаган стратегияси, «кузатувчи» мажбуриятлари ва дипломатия қоидаларини бузган Захарова ҳақида – Сенаторлар билан суҳбат
Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этишини маъқуллагандан кейин, 11 май куни сенаторлар ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни маъқуллашди.
Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаларига кўра, президент Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига кутилаётган ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг ушбу иттифоққа кузатувчи сифатида аъзолиги ҳақида расман эълон қилинади.
Kun.uz мухбири ЕОИИга аъзолик Ўзбекистон учун нималар бериши ва қандай оқибатлар келтириши борасида Сенат расмийлари – Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев ҳамда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов билан суҳбат ташкил қилди.
Илёс Сафаров: – 19 май куни ЕОИИга аъзо давлатларнинг президентлари видеоконференция орқали мажлис ўтказишди. Унда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев иқтисодий иттифоқни танқид қилиб, «Иттифоқ стратегияси»ни ҳозирча имзоламаслигини билдирди.
Тўқаев иттифоқ нима мақсадда ташкил қилинган бўлса, уларни бажармаётгани, бу иттифоқ иқтисодий иттифоқ бўлмай қолаётгани ва иттифоқ парламентида аъзо давлатларнинг раҳбар вакиллари сони улар тўлаган пулга қараб белгиланишини (ҳозир Россия энг кўп маблағ сарфлагани учун аксарият раҳбар мансабларни эгаллаб турибди) танқид қилди. Иттифоқнинг кўп йиллик аъзо давлати Қозоғистон президентининг бу сўзлари сиз учун нимани англатади?
Равшанбек Алимов: – Раҳмат саволингиз учун. Ҳақиқатан, ҳаммамиз ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситалари орқали Евроосиё Иқтисодий иттифоқи кенгаши анжуманини кўрдик. Сиз берган саволга жавоб берадиган бўлсам, менимча, Евроосиё Иқтисодий иттифоқидаги муҳим бўлган муҳокама, хусусан, Қозоғистон раҳбарининг бунга муносабати, таклиф этилаётган ташкилотнинг янги стратегиясига тааллуқли бўлган фикрлар. Умуман олганда, менинг тушунчам бўйича, Қозоғистон раҳбарияти ташкилот фаолиятини ижобий баҳолаган. Яъни олдинда улкан истиқболлар борлиги таъкидланган. Менинг фикримча, Қозоғистон президентининг бундай муносабати кўпроқ таклиф этилаётган янги ҳужжатга – стратегиянинг лойиҳасига нисбатан бўлган. Саволингиз жуда ўринли. Бу музокара Ўзбекистоннинг ҳам эътиборини тортди. Яъни бу яна бир марта ушбу ташкилот билан ҳамкорликни чуқур ўрганишда бизга яна битта туртки бўляпти. Кузатувчи бўлиб ҳамкорлик қилаётганимиз йўлимизнинг тўғрилигини кўрсатмоқда, менинг назаримда. Чунки бу кузатувчилик мақоми ташкилотни яқиндан, чуқурроқ ўрганиб, йўналишларини белгилашга имкон яратди.
И.С: – 2025 йилгача мўлжалланган ЕОИИ иқтисодий интеграциясини ривожлантиришнинг стратегияси борасидаги фикрингиз қандай?
Р.А: – У ҳужжатни мен кўрганим йўқ. Лекин айнан тушунишим бўйича, янада интеграцияни кучайтиришга йўналтирилган. Мен қандайдир бир баҳо беролмайман. Чунки бу ҳужжатнинг ўзини кўрганим йўқ. Ўйлашимча, улар ташкилот ичидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга йўналтирилган қандайдир таклифларни муҳокама қилишди.
И.С: – Ташкилотга аъзо давлатларнинг бу каби эътирозлари, танқидларини жуда кўп эшитяпмиз. Умуман, ташкилотда етакчи давлат – Россиянинг ўзи инқирозли ҳолатда. Шундай ҳолатда ҳам бу ташкилот иқтисоди интенсив тарзда яхши ўсиб келаётган Ўзбекистонга нимаси билан жозибадор кўринмоқда?
Р.А: – Бу ҳам жуда ўринли савол. Бунақа муҳим, жиддий қарорлар қабул қилишда жуда эҳтиёткорлик, керак бўлса, етти ўлчаб-бир кесиш, деган тамойилни ўзимизнинг олдимизга мақсад қилиб олишимиз керак. Хабарингиз бор, айнан шу ёндашувни давлатимиз раҳбари ўзининг йил бошидаги мурожаатида илгари сурган. Бу интеграция жараёнлари Ўзбекистон манфаати учун керак. Биз изоляцияда халқаро муносабатларсиз ривожлана олмаймиз ва интеграция – бу ҳозирги замон иқтисодиётларининг ривожланиш қонуниятлари.
Шу жумладан, азалий ҳамкор, азалий яқин бўлган давлатлар тузган ташкилот Евроосиё иқтисодий иттифоқи ташкилоти билан ҳам ҳамкорлик қилиш масаласи биз учун долзарб. Ташкилот қай тарафдан жозибадорлиги масаласи мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилиб, ҳар томонлама – ҳам ижобий томондан, ҳам салбий томонлари кўриб чиқилиб, парламент палаталарига жуда катта таҳлиллар билан ҳисоб-китоблар киритилган. У ерда бўлган муҳокамалардан хабарингиз бор. Менинг назаримда, интеграция жараёнларини Ўзбекистон манфаатини, Ўзбекистон иқтисодий ривожланишидаги аниқ муаммоларни ҳал қилиш нуқтайи назаридан кўриш керак.
Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи бўлиб кириш орқали Ўзбекистоннинг ташқи савдоси учун янги, кенг имкониятлар очилади. Шу жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи Ўзбекистон ривожланиши учун жуда қизиқарли. Иккинчидан, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш имкониятлари ва шарт-шароитлари Ўзбекистон учун енгиллашади. Уларнинг кейинчалик ривожланишида ҳам нафақат Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларида транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, балки Ўзбекистоннинг ўзини ҳам транспорт коммуникация инфратузилмаси ривожланишида ҳам ўша давлат билан ҳамкорлик объектив имкониятларни яратади.
И.С: – Евроосиё иқтисодий иттифоқи шартномасида кузатувчи давлат иттифоқ манфаатларига зид бўлган бирор ҳаракатни амалга оширмаслиги белгилаб қўйилган. Аммо бу манфаатларга нималар кириши борасида аниқ бирор маълумот учрамайди. Демак, ташкилот аъзолари унда кузатувчи бўлган Ўзбекистоннинг исталган бир ҳаракатини исталган пайтда ташкилот манфаатига зид деб қарор чиқариши мумкин.
Эркин Гадоев: – Менимча, бундай дейиш нотўғри тушунча бўлиб қолади. Чунки бу ерда шартнома асосида жуда кўп ҳужжатлар қабул қилинган. Бу хизмат кўрсатиш соҳалари, транспорт соҳалари ва ҳоказо. Жуда кўплаб шартномалар қабул қилинган. Шунинг учун кузатувчи бўлиб кириш нима мақсадда? Биринчи саволингизга ҳам ўзимнинг қисқача фикримни билдириб ўтмоқчиман. Чиндан ҳам эътирозлар бўляпти. Нега? Чунки шартномада, ўша шартнома бўйича қабул қилинган ҳужжатларда мана шу масалалар етарлича ўз ифодасини топмаган. Шунинг учун биз кузатувчи бўлиб иштирок этаётганимизда биринчи навбатда, нима камчиликлар борлигини билиб оламиз. Бундан ташқари, бўладиган муҳокамаларда иштирок этиш жараёнида ўзимизга манфаатли томонларини ҳам қарашимиз керак. Кейин яна бир масала: шу давлатлар билан бўлаётган интеграция, муносабат. Бу нимага керак? Президентимиз айтганларидек, Ўзбекистоннинг интеграция жараёнларида иштирок этиши фақат Евроосиё иқтисодий иттифоқига эмас, умуман, интеграцияда иштирок этиш биз учун ҳам манфаатли. Чунки ҳар томонлама давлатимизга фойда бўлиши мумкин. Худди шунақа бизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирадиган давлатлар билан товар айланмамиз бор. Экспорт-импорт операцияларимиз бор. Хом ашё ресурсларимиз бор. Маҳсулотларимиз бозори бор у ерда. Шунинг учун мана шундай муносабатларда ҳеч қандай тўсиқлар бўлмайдиган бўлса, ўша савдо алоқаларини ривожлантириш ўзимизга манфаатли бўлиши мумкин.
И.С: – Эркин ака, яна саволга қайтмоқчиман. Кузатувчи давлат иттифоқнинг манфаатларига зид бўлган бирор-бир хатти-ҳаракатни амалга ошириши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Лекин бу айнан қайси манфаатлар, қайси ҳаракатлар деган саволга аниқлик киритилмаган. Демак, кузатувчининг ҳаракатлари чекланади. Шундайми?
Э.Г: – Иштирок этгандан кейин фақат ўша бор ҳужжатларни ўрганиш билан чегараланади. Бирор ҳужжат қабул қилишда Ўзбекистон иштирок этмайди. Фақат кузатувчи давлат сифатида ҳужжатларни ўрганади. Шу қабул қилинган ҳужжатлар асосида бирор-бир ҳаракат қилинмайди. Лекин биз олдингидек иккиёқлама шартномалар асосида ишларимизни давом эттираверамиз. Бунга кузатувчи бўлиб иштирок этиш давомида аниқлик киритилади. Улар айнан нимани назарда тутганини айтиш бироз мураккаб.
И.С: – Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларининг видеоконференция шаклида ўтган йиғилишида Россия президенти Владимир Путин унга аъзо давлатларнинг бюджет ва солиқ тизимини бирлаштириш таклифини берди. Бу таклиф жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Бюджет ва солиқ интеграцияси ортидан ўз-ўзидан федерация ташкил бўлиб қолади, дегани эмасми? Чунки мустақил давлатлар ўзининг бюджети ва солиқ сиёсатига эга бўлиши белгиланган.
Э.Г: – Албатта, мен шартномаларни кўриб, ўрганиб чиқдим. У ерда ҳар бир давлат ўзи мустақил, ўзининг мустақил бюджетига эга. Ўзининг мустақил солиқ қонунчилигига эга, солиқ ставкаларига эга. Шунинг учун бу ерда нотўғри тушунча бўлган бўлиши мумкин. Бу ерда интеграция деган пайтда фақатгина, айрим акциз солиқлари бирхиллаштирилиши назарда тутилган бўлиши мумкин. Яъни, масалан, бизда алкогол маҳсулотлари учун акциз солиғи ички бозоримизда паст. Россияда жуда юқори. Агар биз Россиядан оладиган бўлсак, ё биз ўзимизникини тенглаштириб, юқорига кўтаришимиз керак, ёки уларникини ўзимизга.
Энди бу ерда яхшилаб эътибор қаратган бўлсангиз, мана шу нарсалар ҳам уларнинг шартномаларида кўзда тутилмаган бўлса керак. Бунинг сабаби битта. Чунки пандемия айрим товарлар ўтказилишини тўхтатиб қўйди. Мана шундан эътирозлар келиб чиқди. Мен ўйлайманки, бунинг устида ҳам кузатувчи давлат бўлсак, бошқача ҳолатлар бўладиган бўлса ҳам, қанақанги бўлиш кераклигини ўрганиб боришимизга имкониятлар бўляпти.
И.С: – Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистондаги давлат тилида иш юритилиши масаласида муносабат билдириб, таклиф қилинган қонунни қўллаб-қувватлаётганлар яққол озчиликни ташкил этиши ҳақида гапириб, ёлғон баёнот берди. Бу баёнотдан кейин Россиянинг ҳеч бир расмийси Захарованинг сўзлари ёлғон бўлганини тан олмади. Аксинча, кўп ўтмай Владимир Путин уни орден билан мукофотлади.
Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги асосий давлат вакилининг ўзбек тилига муносабатини қандай баҳолайсиз?
Р.А: – Бу борада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз муносабатини билдирди. Бу муносабат аниқ, менинг фикрим ҳам. Бу масала Ўзбекистоннинг суверен ҳуқуқи. Давлатда қайсидир тилни жорий қилиш масаласига четдан аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Фикримча, Россия ташқи ишлар вазирлиги мутасаддиси профессионаллик жиҳатидан масалага тайёр эмаслигини кўрсатди. Чунки у ҳеч қандай асосга эга бўлмаган гапларни гапирди. У қандай қилиб кўпчилик ёки озчилик ҳақида фикр билдириши мумкин? Бундай маълумотнинг ўзи йўқ. Мен Ташқи ишлар вазирлиги муносабатига тўлиқ қўшиламан. Давлат тилини жорий қилиш масаласига четдан туриб аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Бу дипломатия қоидаларининг бузилиши ҳисобланади.
Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
07:09 / 14.12.2024
Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашди
07:30 / 29.11.2024
Ўзбекистоннинг Туркманистондаги янги элчиси тайинланди
14:38 / 07.11.2024
«Туркий давлатлар ташкилоти ЕОИИга рақобатчи бўлади» – қирғиз сиёсатшуноси
22:40 / 19.10.2024