Ўзбекистон | 16:30 / 25.05.2020
17043
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда беморлар ва карантинга олинганлар учун 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди

Ўзбекистонда 23 май ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган беморлар даволаниб чиқиши учун 109 миллиард сўмдан ортиқ пул сарфланган. Шунингдек, карантинга жойлаштирилганлар учун 100 миллиард сўмдан ортиқ харажат қилинган. Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун сарфланаётган харажатлар бўйича статистик маълумотларни келтирди.

Нурмат Отабеков АОКАдаги брифингда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган масала – жаримага қўйилган автомобиллар, давлат коронавирусга чалинган беморлар учун харажатларни ана шу жарималар орқасидан қоплаётгани ҳақидаги гап-сўзлар ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Бир нарсани аниқ билиш керак: давлат бу жарималардан тушадиган маблағларга муҳтож эмас. Жарималарни қўллашдан асосий мақсад – бу каби қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилишининг олдини олиш. Одамларнинг моддий нуқтайи назардан масъулиятини ошириш бўляпти. Шундай экан, бу ерда масаланинг иккинчи томони турибди.  Дейлик, жарима майдонида машинаси турган ҳайдовчининг давлат қонунини бузишга нима ҳаққи бор эди? У нима учун давлат қонунини писанд қилмади? Сиз билан бизнинг саломатлигимизни хавф остига қўйишга унинг ҳаққи бормиди? Мана шу саволларни ҳам ўйлаб қўйишимиз керак бўлади», деди Нурмат Отабеков.

Маълум қилинишича, 23 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2492 бемор даволаниб чиққан. Ҳар бир даволаниб чиққан бемор учун давлат 32,3 миллион сўмдан харажат қилган. Жами 80 млрд сўмдан ошиқ маблағ шу мақсадга йўналтирилди.

Даволанаётганлар учун (23 май ҳолатига кўра 573 бемор) 18 млрд сўмдан ошиқ харажат (ҳар бир бемор учун 32,3 миллион сўмдан) кетяпти.

Касаллиги оғир кечаётган беморларнинг ҳар бирига 64,4 миллион сўмдан ажратилган. Коронавирус пандемияси даврида жами 50 бемор интенсив терапия бўлимига ўтказилган, шундан 13 бемор вафот этган, айни вақтда 3 бемор оғир аҳволда қолмоқда, қолган беморларнинг аҳволи яхшиланган. Бундай беморлар учун жами 3,2 млрд сўм маблағ сарфланган.

Реаблитацияга ўтказилган 2492 бемор учун яна (2,8 миллион сўмдан) 6 миллиард 977 миллион сўм маблағ сарфланди.

Ҳозирда 45 455 киши карантинда ва уларнинг ҳар бири учун 2,2 миллион сўмдан ажратилган, бу жами 100 млрд сўмдан ортиқ маблағни ташкил этади.

«Бу каби катта маблағларни жаримадан ундириб, шунинг ҳисобидан қоплаш мумкинми? Буларнинг ҳаммаси давлат ҳисобидан кетаётган харажатлардир. Демак, бундан кўриниб турибдики, давлат сизнинг маблағингизга муҳтож эмас. Энг асосийси – қонунни бузишга ва бошқаларнинг саломатлигини хавф остига қўйишга ҳаққингиз йўқ. Қонунга нисбатан беписанд муносабатда бўлдингизми, шунга яраша жавобини беришингиз керак бўлади», деган Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид