Самарқандда «яшил» бўлган туманда назорат кучайтирилди
Самарқанд вилоятининг энг йирик тумани Ургут ҳам «қизил» тоифага киритилиши мумкин. Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати ушбу туманда кучайтирилган рейд табдирлари ўтказилгани ҳақида видео эълон қилди.
Қайд этиш керакки, республика махсус комиссияси қарорига кўра Ургут тумани «яшил» ҳудуд сифатида қайд этилган. Аммо сўнгги кунларда ушбу ҳудудда карантин чоралари кучайтирилиши ушбу ҳудудда аҳоли орасида янги касалланиш ҳолати аниқлангани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Самарқанд вилоятида 22 май куни 24 кишида коронавирус аниқланганди, 25 май куни яна 5 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.
Шу вақтгача вилоятда жами 338 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 247 нафари тузалган ва бир киши вирус сабаб вафот этган. Самарқанд вилояти Тошкент шаҳри ҳамда Навоий вилояти қаторида касаллик энг кўп аниқланаётган ҳудудлардан бўлиб турибди.
Kun.uz мухбири хабар беришича, 500 мингдан ошиқ киши истиқомат қиладиган Ургут туманида 24 май куни одамлар тўпланишининг олдини олиш мақсадида барча озиқ-овқат дўконлари ҳам ёпилди. 25 май кунидан озиқ-овқат дўконлари фаолиятига рухсат берилган. Туман марказида ва қишлоқлар орасида блокпостлар ташкил этилиб, ҳар бир машина текширилмоқда ҳамда дезинфекция қилинмоқда.
Олдинроқ Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманига, шунингдек, Паст Дарғом тумани маркази Жума шаҳрига кириш ва чиқиш чекланганди. Одамлар орасидан коронавирус юқтирганлар аниқлангани сабаб вилоятда карантин чекловлари кучайтирилган. Айниқса Самарқанд шаҳри, Тойлоқ, Оқдарё, Пайариқ, Паст Дарғом ва эндиликда Ургут туманларида назорат кучайган. Кўчалар, карантиндаги уйлар атрофи доимий дезинфекция қилинмоқда. Карантинга олинган уйларнинг олдида 24 соатлик навбатчилик ташкил этилган. Самарқанд шаҳрида 25та мобиль рейд гуруҳлари ишламоқда.
Ижтимоий тармоқларда Самарқандда ҳар қандай автомобиль ҳаракати чеклангани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди, аммо вилоятда стикер ва махсус рухсатномаси бор машиналар ҳаракати давом эттирилмоқда. Шундай бўлса-да, ҳар бир машина назорат қилиниб, «қизил» тоифадаги ҳудудларда улар дезинфекция қилинмоқда.