Жамият | 18:22 / 26.05.2020
13211
4 дақиқада ўқилади

Янгиариқда ичимлик суви муаммоси – одамлар қувурлар ёриғидан оққан сувни ичишмоқда

Хоразм вилояти Янгиариқ тумани «Собурзон» маҳалласининг ичимлик суви таъминотида жиддий муаммолар юзага келган. Одамлар қувурлар ёриғидан сизиб чиқаётган сувни ичишга мажбур бўлишмоқда.

Kun.uz таҳририятига Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани, «Собурзон» маҳалласида яшовчи фуқаролар ичимлик суви билан боғлиқ муаммодан шикоят қилишди.

2017 йилда маҳалладаги Шиддат, Ойдин, Муножот ва Муҳташам кўчаларида ичимлик суви тармоғи таъмирланиб, янги қувурлар ётқизилган. Одамлар «Туямўйин-Урганч» МСҚФ Янгиариқ тумани бўлими билан шартнома имзолаб, шахсий маблағлари эвазига тармоққа уланиб, олдиндан тўловни ҳам амалга оширишган. Аммо орадан 3 йил ўтган бўлса-да, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар тўлиқ ҳал қилинмаган. Мутасадди ташкилотларга бу борада қилинган мурожаатлар бўйича турли ваъдалар берилган бўлса-да, муаммо ўз ечимини топмаган.

Ҳозирги вақтда аҳолига ичимлик суви тармоқ орқали кунига бир марта, муайян соатда етказиб берилмоқда. Аммо кўчаларнинг узоқ чеккасидаги уй-жойларга сув етиб бормаяпти, борган тақдирда ҳам босим жуда пастлиги туфайли, ундан фойдаланиш имкони деярли йўқ.

Ўрганиш жараёнида маҳаллага сув етказиб берувчи қувурлар 2 жойда ёрилиб ётгани маълум бўлди.

Жумладан, Ойдин кўчасининг бошидаги ичимлик суви тармоғи қудуғидан сув сизиб чиқяпти ва бебаҳо неъмат беҳуда сарфланиб, ҳисобсиз ва назоратсиз тарзда далага оқиб ётибди. Бу эса кўчанинг чеккасидаги уй-жойларга, маҳалладаги хусусий болалар боғчасига сув етиб бормаётгани сабабларидан бири бўлиши мумкин. Одамлар мана шу қудуқ тўлган пайтда челаклаб сув олиб, шуни истеъмол қилишга мажбур бўлишаётганини айтишди. Бу ҳолат эпидемиологик осойишталикка ҳам хавф солмоқда.

Иккинчи авария ҳолати Янгиариқ – Хонқа йўли чеккасида юз берган. Бу жойда ҳам тоза ичимлик суви қувурдан сизиб чиқиб, назоратсиз тарзда далага оқиб ётибди.

Маҳалла аҳолиси ичимлик суви муаммосидан қутулиш учун ер остидан олинадиган сифатсиз сувни ичишга мажбур бўлмоқда. Баъзан тозаланган ичимлик сувини сотувчи тадбиркорлар ҳам одамларнинг оғирини енгил қилиб туришибди.

Собурзон маҳалласи аҳолиси мурожаати ечими нега 3 йилдан бери пайсалга солиб келинаётгани бизга қоронғи.

Шу йил мартида бу соҳада янги тартиб ўрнатилган. Жумладан, Янгиариқ туманидаги ичимлик суви етказиб бериш ва қувурлар эксплуатацияси, уларни таъмирлаш ишлари давлат хусусий шерикчилигидаги «City Building Tale» корхонасига топширилган. Унинг раҳбари Жаҳонгир Саидов яқинда иш бошлаганини, Собурзондаги ичимлик суви билан боғлиқ муаммолардан хабардорлиги, бу борада фуқаролар мурожаати борлигини айтди. Бу муаммолар ўрганилиб, ечим топилишига ваъда берди.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳар қандай давлатнинг ривожланиш даражасини кўрсатувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Тоза ичимлик суви билан мунтазам таъминлаш орқали одамларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, кўплаб юқумли касалликларнинг олдини олиш, уларнинг баъзиларига эса тўлиқ барҳам бериш мумкин.

Ичимлик суви таъминотидаги бу муаммолар ўз ечимини топишига, бу сафар ҳам янгиариқликларнинг «қўйни пуч ёнғоққа тўлдирилмаслиги»га умид қиламиз.

 Нурмуҳаммад Саид 

Мавзуга оид