Ўзбекистон | 10:30 / 27.05.2020
31130
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги орден ва медаль таъсис этилди

Ўзбекистонда «Саломатлик» ордени ва «Соғлом турмуш» медали таъсис этилди.

Президент «Саломатлик» орденини таъсис этиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 5 майда қабул қилинган, Сенат томонидан 2020 йил 11 майда маъқулланган.

«Саломатлик» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ҳамда ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланади.

«Саломатлик» ордени билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

«Саломатлик» ордени икки даражадан иборат бўлади:

I даражали «Саломатлик» ордени;

II даражали «Саломатлик» ордени.

Орденнинг олий даражаси I даражадир. Мукофотлаш, қоида тариқасида, қуйидаги тартибда: аввал II даражали орден, орадан камида уч йил ўтганидан кейин I даражали орден билан тақдирлаш тарзида амалга оширилади.

Шунингдек, давлат раҳбари «Соғлом турмуш» медалини таъсис этиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 5 майда қабул қилинган, Сенат томонидан 2020 йил 11 майда маъқулланган.

«Соғлом турмуш» медали билан:

аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ортиқча вазн ва семизликни бартараф этиш, зарарли одатларнинг олдини олиш, соғлом овқатланиш ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни кенг тарғиб қилишга қўшган катта ҳиссаси учун – соғлиқни сақлаш муассасалари шифокорлари, шу жумладан диетологлар, жисмоний тарбия инструкторлари, соғлиқни сақлаш масалаларини ва соғлом турмуш тарзини ёритувчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар;

жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш ва уни кундалик турмуш тарзига айлантириш, соғлом ҳаёт тарзига қатъий амал қилиш борасида жамоатчиликка шахсий намуна бўлаётгани учун – фуқаролар, намунали оилалар ва спортчилар;

оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ташкил қилиш орқали уни умуммиллий ҳаракатга айлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун – барча даражадаги ташкилот ва идоралар раҳбарлари;

ўсиб келаётган авлод ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, уни жисмоний ҳамда интеллектуал жиҳатдан камол топтириш, руҳий баркамолликка етказиш, қобилиятларини рўёбга чиқариш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун –спорт мактаблари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг раҳбарлари, спорт тренерлари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг бошқа мутахассислари; 

спорт мусобақалари орқали ёшларда ирода, матонат, ўз кучи 
ва имкониятларига ишонч фазилатларини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтириш  борасидаги улкан хизматлари учун – мудофаа тизими вакиллари, юқори натижаларга эришган спортчилар ва уларнинг тренерлари, ҳакамлар ва спорт ташкилотларининг вакиллари;

жисмоний тарбия ва спортни республикамизда янада ривожлантириш ва оммалаштириш, спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини юқори савияда ташкиллаштириш, спортчиларнинг ўқув-йиғин машғулотлари ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун – барча даражадаги ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари, жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари раҳбарлари, ҳомийлар, спорт федерация (уюшма)ларига бириктирилган корхона ва ташкилотлар раҳбарлари мукофотланадилар.

Мавзуга оид