Ўзбекистон | 17:18 / 29.05.2020
15961
10 дақиқада ўқилади

Янги Фуқаролик кодекси: опцион, узуфрукт ва бошқа янгиликлар

Адлия вазирлиги Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Кодексни янгилаш – 2019 йил апрелида тасдиқланган фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида кўзда тутилган эди.

Фото: adolatmarkazi.uz

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 1996 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида катта ўзгаришларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади, бозор иқтисодиёти ривожланишига ҳуқуқий замин яратишга имкон берди.

Шу билан бирга, мамлакат тараққиётининг янги босқичи иқтисодиётни янада либераллаштиришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда иқтисодий муносабатларни тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк кафолатлари ҳимоясини кучайтириш, тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинган.

Бошқача айтганда, бугунги кунда реал бозор иқтисодиёти ва илғор халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган, тўғридан тўғри амал қиладиган замонавий фуқаролик кодексини ишлаб чиқиш давр талабидир.

Янги кодексда қандай янгиликлар бўлади

Бугунги кунгача тайёрланган янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳаси бир томондан Фуқаролик кодекси моддаларини унификация қилиш ва тизимлаштириш чораларини, иккинчи томондан тадбиркорлик, шу жумладан хорижий инвесторлар фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор янгиликларни ўз ичига олган.

Хусусан, инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда мулкий муносабатлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида хорижий компанияларга Ўзбекистонда ўз филиалини рўйхатдан ўтказиб, ҳеч қандай тўсиқларсиз тадбиркорлик (хўжалик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш, мулк хусусий ёки давлатга тегишли бўлишидан қатъи назар бир хил ҳуқуқий ҳимоя белгилаш, Давлат реестрига киритилган маълумотга ишониб мулкни сотиб олган мулкдордан, илгариги сотувчи томонидан қандайдир ҳуқуқбузилишга йўл қўйилган бўлса-да мулк қайтариб олинмаслиги ҳамда мулк ҳуқуқининг ҳимоясини таъминлашга қаратилган бошқа янги қоидаларни жорий этиш назарда тутилмоқда.

Ушбу янги қоидалар хорижий инвестициялар миқдори янада ошишига хизмат қилади. Сўнгги йилларда хорижий инвестициялар миқдори ошиши, хусусан, 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробарга кўп хорижий инвестициялар жалб қилинганининг сабабларидан бири бу – иқтисодиётни эркинлаштириш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатлари дейиш мумкин.

Шунингдек, мулк ҳуқуқи кафолатларининг мустаҳкамланиши Жаҳон иқтисодий эркинлик индекси ва бошқа халқаро рейтингларга ҳам ижобий таъсир қилиши кутилмоқда. Ўзбекистон 2019 йилда Жаҳон иқтисодий эркинлик индексида Инвестиция эркинлиги мезони бўйича – 100 баллдан 10 балл, Мулк ҳуқуқи кафолати мезони бўйича – 49,8 балл олиб, жами 180та мамлакат орасида 140-ўринни эгаллаган эди.

Яна бир янгилик – фуқаролик қонун ҳужжатларини виртуал макон (интернет)да вужудга келадиган муносабатларга ҳам татбиқ этиш, электрон ёки бошқа техник воситалар ёрдамида тузилган битимларни ёзма шаклга тенглаштириш, электрон алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда товарларни сотишнинг, рақамли пул (криптовалюта) муомаласининг асосий қоидалари белгиланаётганидир.

Маълумот учун: дунёда электрон тижоратнинг чакана савдодаги улуши ўртача 16 фоизни ташкил қилади ва ҳар йили ўсиб бормоқда.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси лойиҳасига қуйидаги мазмунда бир қатор янги қоидалар киритилмоқда:

1) ерга оид муносабатларни ривожлантириш мақсадида ер участкасини фақат олди-сотди қилиш орқали эмас, балки қурилиш қилиш ҳуқуқи, узуфрукт (шахсий фойдаланиш ва эгалик қилиш ҳуқуқи) каби ашёвий ҳуқуқларнинг янги турлари орқали иқтисодий муносабатларга киритиш қоидаларини жорий этиш;

2) тадбиркорлик фаолияти учун қулайликлар яратиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш мақсадида:

– юридик шахсларни оммавий ҳуқуқ ва хусусий ҳуқуқ юридик шахсларига ажратиш, хусусий ҳуқуқ юридик шахслари барча турдаги фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкинлиги, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асослар эса фақат қонун билан белгиланишини, оммавий юридик шахслар эса давлатнинг муайян функцияларини бажариши мақсадида ташкил этилишини мустаҳкамлаб қўйиш;

– тижорат ташкилоти бўлган юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий шаклларининг аниқ рўйхатини белгилаб қўйиш, хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона, оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси каби бозор иқтисодиёти қоидаларига мос бўлмаган ташкилий-ҳуқуқий шакллардан воз кечиш;

– тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан ҳам амалга ошириш қонун ҳужжатлари билан назарда тутилиши мумкинлиги ҳақида қоида киритиш;

3) шартномавий муносабатларни эркинлаштириш ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш мақсадида:

– мамлакат иқтисодиёти ривожи учун муҳим аҳамият касб этиши мумкин бўлган янги шартнома турларини (туристик хизматлар кўрсатиш, дистрибьюторлик шартномаси, агентлаш, эскроу, опцион ва бошқ.) муомалага киритиш;

– мажбурий тартибда шартнома тузишни назарда тутувчи, шартнома шартларини тарафларга белгилаб берувчи нормаларни чиқариб ташлаш, стандарт шартноманинг ҳалоллик ва ишонч тамойилларига зид равишда бошқа тарафнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузадиган шартларини ҳақиқий эмаслигини белгилаш;

– қарз, топшириқ ва бошқа бир қатор кенг тарқалган муносабатлар учун оғзаки шартнома тузилишига имкон бериш;

4) бой берилган фойда, маънавий зиённи ҳисоблаш мезонларини аниқ белгилаш;

5) суғурта муносабатларида мижозлар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида суғурта ташкилотини зарарни қоплаш мажбуриятидан озод қилиш асосларини камайтириш, ўзаро суғурталаш (мулкни ва бошқа мулкий манфаатларни ўзаролик асосида суғурта қилиш) институтини ривожлантириш мақсадида ўзаро суғурта жамиятларига инвестиция резерв фондини тузиш, уставда белгиланган тартибда инвестиция фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бериш;

6) фуқаронинг тасвиридан (фотосурат, видеоёзув ва бошқ.) унинг розилигисиз фойдаланилганда, унинг шахсий ва оилавий ҳаёти тўғрисидаги ҳар қандай ахборот тарқатилганда фуқаронинг ҳимоясини таъминлаш усулларини белгилаш.

Албатта, лойиҳадаги шу каби кўплаб янгиликлар, айниқса тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлари амалиётга босқичма-босқич жорий этиб борилади. Чунки бу жараён фаолият олиб бораётган тадбиркорларга ноқулайликлар туғдирмаслиги ва ортиқча харажатларни юзага келтирмаслиги керак.

Масалан, тижорат ташкилоти бўлган юридик шахсларнинг айрим ташкилий-ҳуқуқий шакллари бекор бўлиши ушбу шаклларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар дарҳол ўз шаклини ўзгартиради дегани эмас. Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси кучга киргунича ташкил қилинган юридик шахслар ўз таъсисчилари ихтиёрига кўра ҳоҳлаган пайтда ёки бирор сабаб билан қайта ташкил этилганда янги шаклга ўтиши лозимлиги белгилаб қўйидиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Бу масалаларни янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексини амалга киритиш тўғрисида қабул қилинадиган қонунда белгилаб қўйиш мумкин бўлади.

Лойиҳа ишлаб чиқиш жараёни

Фуқаролик кодексининг янги таҳририни тайёрлашда иш ҳажми катта бўлиши инобатга олиниб, энг аввало, Идоралараро комиссия томонидан фуқаролик қонунчилигини соҳаларга бўлган ҳолда 8та йўналишда ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Ишчи гуруҳларнинг намунавий режалари ҳамда фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш режаси тасдиқланди. Ишчи гуруҳлар таркибига 50 нафардан ортиқ аъзо жамланди. Бунда асосан илмий-тадқиқот муассасаси илмий ходимлари ва олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тажрибали судялар ва адвокатлар, давлат идоралари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб қилинди.

Ишчи гуруҳлар аъзолари қарийб бир йилдан буён мунтазам равишда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтида йиғилиб ва масофадан туриб иш олиб бормоқда.

Хорижий тажрибадан фойдаланиш

Лойиҳани ишлаб чиқишда Германия, Франция, Польша, Россия, Покистон давлатларидан 20 нафардан ортиқ эксперт-маслаҳатчилар хизматидан фойдаланилмоқда.

Тошкент шаҳрида ишчи гуруҳлар аъзолари ҳамда Германиянинг Бремен университети профессори Рольф Книпер, Германиянинг Бремен ери туман судининг собиқ судьяси, фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги халқаро эксперт Хайнрих Шнитгер, Польша фуқаролик ҳуқуқи бўйича эксперт, доцент Андржей Филипович, шунингдек фуқаролик ҳуқуқи бўйича таниқли ўзбек олимлари иштирокида халқаро давра суҳбатлари ўтказилди.

Бундан ташқари, 12 нафар ўзбекистонлик экспертлар бевосита Франция, Польша, Россия давлатларига бориб ўрганишлар ўтказдилар. Ушбу сафарлар давомида Париж, Варшава, Москва шаҳарларида ушбу мамлакатларнинг фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги мутахассислари иштирокида давра суҳбатлари ташкиллаштирилиб, амалдаги фуқаролик қонунчилиги муаммолари, истиқболлари ва янги замонавий ғоялар атрофлича муҳокама қилинди.

Москвага сафар давомида, шунингдек, Фуқаролик кодексининг янги таҳирини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар аъзолари «Россия фуқаролик ҳуқуқи. Йил натижалари» IX Халқаро илмий-амалий конференциясида иштирок этдилар ҳамда Ўзбекистонда фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот бердилар.

Лойиҳа муҳокамаси давом этмоқда

Бугунги кунда дастлабки лойиҳа қўшимча фикр ва мулоҳазалар олиш мақсадида мамлакатимиз вазирлик ва идораларига, ҳуқуқий соҳадаги олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаларига, адвокатлар ва нотариуслар палаталарига юборилган.

Кодекс лойиҳаси аҳолидан, соҳа мутахассислари ва ташкилотлардан келиб тушадиган таклифлар асосида янада такомиллаштирилади.

Ҳозирги кунда янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси қабул қилиниши асносида амалдаги бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилиши билан боғлиқ тегишли қонун ҳужжатларининг лойиҳалари ҳам тайёрланмоқда. Бу жараёнда ўзгартириладиган қонунларнинг ўзи 20тадан ортиқ бўлиб, қонуности ҳужжатлар сони эса бундан ҳам кўпдир.

Кўриниб турибдики, ҳали бу соҳада қилинадиган ишлар жуда кўп ва улар албатта охирига етказилади.

Аъзам Мадаминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори

Мавзуга оид