Жамият | 09:51 / 30.05.2020
27960
12 дақиқада ўқилади

«SULTONTEX» иши: Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонунга нега амал қилинмаяпти?

26 май куни президент раислигида инвестиция масалалари бўйича ўтказилган мамлакатга инвесторларни, айниқса, хориждаги юртдошларни кўпроқ жалб этиш таклифи билдирилди. Йиғилишда Ўзбекистоннинг ичида маҳаллий инвесторлар томонидан 10 миллиард АҚШ доллари иқтисодиётга жорий қилинмай турилганига ҳам урғу берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳа, коронавирус балоси бутун дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда, Ўзбекистондаги улкан ишсизлик муаммосини ҳал этиш учун чет эл инвестицияси билан бирга, маҳаллий инвестицияларни ҳам жонлантириш талаб этилади. Буни ҳамма тушуниб турибди.

Аммо, юртимизда эндигина етишиб чиқаётган маҳаллий сармоядорларимиз бошига тушаётган кўргуликларни четдан кузатиб туриб, инсон анча умидсизликка тушиб қолар экан.

Сўнгги икки ойда интернетда сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида пахтачилик ва тўқимачиликка ихтисослашган «SULTONTEX GROUP» кластери фаолияти маҳаллий раҳбарлар томонидан тўхтатиб қўйилаётганига оид хабарлар тарқалди.

Халқаро инвестиция ҳуқуқини тадқиқ этувчи тадқиқотчи сифатида ўзим ҳам бу ишга оид хабарларни синчиклаб ўрганиб чиқдим.

Гапнинг қисқаси — Бош вазир ўринбосари Ў.Барноев томонидан имзоланган баённомада акс этган ва туман ҳокимлигининг қонундан ташқари талабларига бўйсунмагани учун ҳозир «воҳа арслони» ҳисобланмиш бундай тадбиркор қийин вазиятга солинмоқда.

Камина воҳалик ҳам эмасман, тадбиркорга алоқам ҳам йўқ, ундан ёки уни қўлловчи ҳеч кимдан хат ҳам олмадим. Лекин, муаммолар гирдобида турган жонажон юртимда эндигина оёққа тураётган муваффақиятли маҳаллий тадбиркорнинг бундай топталиши юракни эзиб юборди. Айниқса, ушбу тадбиркор «Uzbek quality» номи остида юртим номини брендга айлантирмоқчи бўлганини кўриб аламим келди.

Қачонгача ахир?

Бу ишда худди «қора бозор» каби давлат ичида қонунчиликдан ташқаридаги «кўринмас бошқарув тизими» борлиги кўзга ташланмоқда. Барча инвесторлар хусусий бўлишига қарамай, ўзига алоқасиз бўлса ҳам турли дастурларда қатнашиши ва режаларни бажаришда иштирок этиши керак. Бўлмаса, худди «SULTONTEX» каби куни битади. Бу ҳам аслида шу пайтгача нега бизга Япония, АҚШ, Франция ва Германия каби ҳуқуқни устувор тутувчи мамлакатлардан катта инвесторлар кирмаганини яққол кўрсатиб беради.

«SULTONTEX»нинг айби эса унинг шу «кўринмас бошқарув тизими»га исён қилганида. Бошқача сўз билан айтганда, парламент қабул қилиб, президент имзо қўйган қонунларга бўйсунишни истаганида, холос. Аслида, ноқонуний талаб билан чиқиб, ғалла учун пахта кластеридан катта суммани ундирмоқчи бўлганлар жазоланиши керак эмасми? Нега қонуний манфаатини ҳимоя қилаётган юлдуз тадбиркор сарсон қилиняпти?

Ривожланган давлатлар, айниқса Япония ва Жанубий Корея тарихини ўрганиб амин бўлдимки, давлат обрўси мисқоллаб йиғилади, лекин унинг тўкилиши челаклаб бўлади. Шундай экан, Ўзбекистон давлати инвестиция иқлимининг мафтункорлигини битта-битта ишда кўриб, уни яхшилаши лозим. Ҳар бир кичик хато бизга миллионлаб эмас, миллиардлаб долларга тушади.

Чунки халқаро ҳамжамият, хорижий инвесторлар ва чет элдаги ватандошларимиз бизни ўзимиздан ҳам кўра яхшироқ тарзда мунтазам кузатиб туришибди. Шундай экан, биз аввало ичкарида мол-мулкка ҳурмат ва унинг дахлсизлиги масаласини номус даражасига кўтаришимиз даркор.

Брюссел, Лондон, Вашингтон ёки Сеул ва Токиодаги ҳашаматли 5 юлдузли меҳмонхоналарда юз минглаб доллар сарфлаб катта гала кечалари ва бизнес форумларни ташкил қилгандан кўра, ижроия органлари томонидан қонун бузилишларига барҳам беришнинг фойдаси жуда катта. Ишонаверинг.

«SULTONTEX» муаммоси эса бизга шундай тарихий имкониятни тақдим этяпти, чамамда.

Эслатиб ўтай, 2020 йилнинг январида бизда тарихий қонун кучга кирган: «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида». Унда чет эл инвесторлари билан бир қаторда маҳаллий инвесторларни ҳам ҳимоя қилишни баралла ваъда берганмиз. Кўриниб турибдики, бу қонун ҳали-ҳамон ишламаяпти. Ваҳоланки, бу қонуннинг 15-моддасида шундай дейилган:

«Давлат инвестиция фаолияти субъектларининг ҳуқуқларини кафолатлайди. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари инвестиция субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилаётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас».

Шунингдек,

«Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик мавжудлиги фактидан инвестиция фаолияти субъектларининг инвестиция фаолиятига боғлиқ бўлмаган бошқа қонуний фаолиятига аралашиш ёки уни чеклаб қўйиш учун асос сифатида фойдаланиши мумкин эмас».

Воқеаларни тушунишга ҳаракат ҳам қилса бўлади: ғалла режасини бажариш керак, бунга Бош вазир ўринбосари масъул бўлган. У ҳам яхши ниятда буни фермер ва кластер эгалари ёрдами билан амалга оширмоқчи бўлган. Қачонки қаршиликка дуч келганида эса ўзининг ноқонуний ҳаракатига исён қилган қонуний тадбиркорни «йўқ қилиш»ни ихтиёр этган.

Ривожланган дунё мамлакатларида бундай сценарийни фақатгина кинолардагина топасиз. Бу ўринда «SULTONTEX» фаришта демоқчи эмасман, аммо, балки унинг ҳам жузъий камчиликлари бордир. Аммо, қонун доирасида ҳаракат қилаётган кластер/фермерга бундай муомала қилиш мутлақо шарт эмас эди.

Энг ёмони, кластер тузган корхона билан фермерларнинг шартнома тузишларига тўсқинлик қилиниши — бизни икки томонлама инвестиция битимларимиздаги «косвенная экспроприация» атамасига тўғри келади.

Яъни, ҳокимият вакиллари инвесторнинг мол-мулкини очиқдан очиқ тортиб олишмаса-да, у билан бошқа фермерлар ўртасида шартнома тузилишини тўсиб, инвесторни билвосита банкротликка етаклашмоқда. Гарчи, кластер бошлиғи Ўзбекистон фуқароси бўлгани учун ҳам унга бундай битимлар татбиқ этилмасада, бу орқали ҳокимият вакиллари халқаро стандартларни бузаётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ваҳоланки, Инвестиция қонунининг 27-моддасида шундай норма мавжуд:

«Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудуддаги инвестиция лойиҳаларини, …. ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича тезкор чоралар кўриш».

Парламентимиз томонидан қабул қилинган шундай қонун борлигига қарамасдан, «SULTONTEX» ишини яна юриб кетишини, инвестиция салоҳиятининг кучайишини қўллаб-қувватлаш ўрнига, «телефонимга жавоб бермайди», «селекторга келмайди», «манмансираган» каби ноқонуний асослар билан бундай катта тадбиркорни ер билан яксон қилиш илинжида юришибди.

Йиғлайми ёки кулиб девона бўлайми?

Бу ёқда японлар осмонни забт этаман, сунъий интеллект билан 4-саноат инқилобини жадаллаштираман, дея миллиард-миллиард доллар сарфлаб ётганини ҳар куни кўриб ва ҳис қилиб турган ҳолда, эндигина тетапоя қилаётган ўзбек тадбиркорини «кетмонсиз тепкилаш»ларини кўриб, афсус чекасан киши.

Очиқ айтай: агар бу ҳолат Япония ёки Корея каби давлатларда юз берса, ҳукумат бутун таркиби билан истефо бериши аниқ. Чунки, қонунларга бундай беписанд қараш мутлақо қабул қилинмайди.

Умид қиламизки, маъмурий суд бу ишни одилона ҳал этади. Ҳокимлик вакиллари ўзига яраша жазоларини тузуккина катта молиявий шаклда ҳам олишади. Чунки, тадбиркорнинг ҳокимият вакиллари томонидан тўсқинликка учраган бу муддат давомида кўрган моддий ва маънавий зарарларининг ҳаммасини туман ҳокимияти ва тегишли вазирликлар қоплаб бериши керак.

Фақат шуниси қизиқки, нега ҳамма суд қарорини кутиб турибди, ёз бошланиш арафасида. Инвестор эса ишини юрита олмаяпти. Омборларида маҳсулотлари чиримоқда. Судгача ҳам ишларни ҳал эта оладиган бошқа институтларимиз ҳам бор-ку?!

Масалан, 2020 январдаги қонунда президентга тўғридан тўғри бўйсунувчи Бизнес вакил — Омбудсман институти ташкил этилган ва унга билдирилган ишончлар жуда катта эди.

«SULTONTEX» иши — Бизнес омбудсман ўзини кўрсатиб қўйиши учун жуда ҳам яхши имконият. Чунки, қонуннинг 33-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил инвестиция фаолияти соҳасида:

«Ўзбекистон Республикасида инвестиция фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган масалалар бўйича инвесторларнинг ва инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда уларни ҳал этиш учун тавсиялар беради, шу жумладан мазкур масалада давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда тавсиялар беради;

юзага келадиган масалаларни суддан ташқари ва судга қадар тартибда ҳал этишда инвесторларга кўмаклашади».

Балки, маҳаллий тадбиркор бизнес омбудсманга мурожаат қилмагандир, лекин шундай имкониятдан фойдаланиб, омбудсман ўз ташаббуси билан бу ишга аралашиши ва муаммони ижобий ҳал этишга ҳаракат қилиши керак эмасми? Лекин, шу кунгача на хабарларда ва на омбудсман сайтида «SULTONTEX» бўйича Бизнес вакил ташкилотидан бирор хабарни эшитдик. Нега? (Қайд этиш жоиз, бизнес омбудсманнинг вилоятдаги вакили Шероз Шодиев суд ишида қатнашмоқда — таҳр.)

Унутмайлик: дунё энди бир ягона ҳудудга айланди ва чет элдаги инвесторлар бизни доимо кузатиб туришибди. Ё биз олдинги ҳукумат давридаги аччиқ тажрибадан хулоса чиқариб, ўзимиз қабул қилган қонунларга риоя этишни, хусусий мулкни муқаддас билиб, уни номус санаб, ҳимоя қилишга ўрганамиз, ёки бўлмасам, ҳатто қонун устуворлиги каби давлат пойдевори бўлган принципни ҳам эплай олмайдиган ҳақиқий маънодаги «учинчи дунё давлати» бўлиб қолаверамиз.

Танлов ўзимизда.

Алишер Умирдинов,
Нагоя иқтисодиёт университети (Япония) бизнес ҳуқуқи факультети профессори,
«Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси.

 ТАҲРИРИЯТДАН: 26 май куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселекторда вилоятлар бўйича инфляция ҳисоб-китоби қилинганда, энг оғир вазият Қашқадарёда кузатилгани маълум қилинган эди.

«Энг оғир вазият Қашқадарё вилоятида. Ҳамма нарса ташқаридан кириб келяпти. Бирор кўрсаткич инфляция нуқтайи назаридан талабга жавоб бермайди. Ички имкониятдан келиб чиқиб амалга ошириш мумкин бўлган иш ўрни ҳам ташқаридан келяпти.

Вилоятга етмиш фоиз маҳсулот ташқаридан кириб келяпти. Вилоятда фақат гўшт бор. Бошқа бирор соҳа маҳаллийлаштирилмаган», деган эди президент йиғилишда.

Давлат раҳбари Қашқадарёда маҳаллий инвесторларни жалб қилиш орқали нафақат янги иш ўринларини яратиш, балки солиқ тушумларини ҳам кўпайтириш имконияти мавжудлигини таъкидлаб ўтган.

Бироқ, Қашқадарёда миллионлаб долларга замонавий техника ва технологиялар харид қилиб, иш юритаётган маҳаллий инвесторларга муносабат шундай бўлиб турибди.

«Ҳамма вилоят ҳокими ёзиб олсин. Энди ҳар бир вилоят ўзининг инвестиция лойиҳасини киритади. Ўшанда вилоятнинг ишбилармонлик муҳитига, вилоят ҳокимининг дунёқарашига баҳо бераман», деганди президент йиғилишда.

Лекин, вилоятда янада кўпроқ ишчи ўрни яратиш, замонавий ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги технологиясини жорий этиш, пахтани тўлиқ қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш, республикамизнинг қолган ҳудудларига сотишни бош мақсад қилган «SULTONTEX GROUP» масаласида ҳозиргача Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг расмий муносабати ёки баёноти эълон қилинмади.

Мавзуга оид