Ўзбекистон | 08:43 / 30.05.2020
21212
6 дақиқада ўқилади

Тазйиқ, уй-жой муаммоси, «бола пули» олишнинг қийинлиги... – Боситхонова аёлларни қийнаётган масалалар ҳақида

«20 йиллар олдин бир оилада низо юзага келса, уришган эр-у хотин, қайнона-келин иккита кайвони ва обрўли одамнинг насиҳати билан ярашиб кетиши мумкин эди. Аммо эндиликда яраштириш амалиётидаги баъзи ёндошувлар натижа бермаяпти. Бугуннинг одамларига бошқача таъсир чораларини кўриш зарур бўлмоқда».

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова бугун ўзбек аёлларини қийнаётган муаммолар тобора ранг-баранглашиб ва мураккаблашиб бораётгани юзасидан хавотирлари билан бўлишди.

Аёл тинчини аёл бузганда...

Оилавий можаролар юзасидан келиб тушадиган мурожаатлар таҳлил қилинса, оилавий зўравонлик тушунчасининг қанчалар кенглигини кўриш мумкин. Тасаввуримизда аёлга фақат турмуш ўртоғи, яъни «кучли жинс» вакили зўравонлик қилиши мумкин деган тушунча ўрнашиб қолган. Шикоятлар эса бу жараёнда бошқа омиллар ҳам борлигини кўрсатади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ўрганган 300га яқин мурожаатнинг 10 фоизини зўравонлик ва тазйиқ масаласи ташкил этади. Мурожаат қилаётган аёллар қайнона, овсин, қайнсингиллар билан келишмовчилик; эрнинг бошқа аёл билан шаръий никоҳи; Россияда ишлаб бошқа аёлга уйланиб кетгани ва оқибатда аёлни болалари билан кўчада қолаётгани кабилар бўйича арз қилишади.

«Турмуш ўртоғимнинг онаси мени уйда тинч яшашимга қўймай, ҳайдаб юборяпти. Уйимизда ҳар куни жанжал бўлади. Қайнонамга нисбатан қонуний чора кўриб, уйда тинч яшашимга амалий ёрдам беришингизни сўрайман...»

«Турмуш ўртоғим ўзидан 12 ёш катта аёл билан яшамоқда. Менга тегишли бўлган буюмларни сотиб юбормоқда. Ҳаловатим йўқ. Сиздан илтимос, оиламизда бўлаётган муаммони ҳал этилишига ва бизга бегона бўлган, тинчлигимизни бузаётган аёл бизни тинч қўйишида амалий ёрдам берсангиз...»

Бу каби ҳолатларда ҳар икки тараф ҳам аёл бўлгани боис чора кўриш, муаммони ечиш оғир кечади...

Ижтимоий ёрдам олиш машаққати

Ҳозирда бола парвариши нафақасини ва ёрдам пулини тайинлаш бўйича мезонлар реал аҳволдан фарқ қилади, улар чуқур таҳлиллар асосида ишлаб чиқилмаган, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражасини тўлиқ ифодалай олмаган.

Ижтимоий нафақаларга ажратилаётган маблағлар ялпи ички маҳсулотнинг 0,6 фоизини ташкил этади ва улар етарли эмас. Мазкур ҳолатлар оқибатида кўплаб моддий ёрдамга муҳтож оилалар бола парвариши ёки моддий ёрдам маблағи билан қамраб олинмаяпти.

Бу эса 2013 йилда тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомни қайта кўриб чиқиш ва жамоатчилик фикри асосида тасдиқлаш вақти келганини кўрсатиб турибди.

Ҳолатга реал мисолларни келтирадиган бўлсак, фуқаро М.М (Олмалиқ шаҳри) давлат ташкилотида бош мутахасис лавозимида ишлаб, декрет таътилига чиққан, фарзандига 2 ёшгача бола парвариши учун нафақа пулини олишда ёрдам сўраган. Лекин маҳалла масъуллари фуқаро М.М.нинг турмуш ўртоғи маоши белгиланган коэффициентдан юқорилигини сабаб қилиб, нафақа тайинлашни рад этган.

Бу ўринда маҳалла комиссиясининг рад этиши қонунан тўғри, лекин бу каби номутаносиб ҳолат ва меъёрий ҳужжатлар қонун ижодкорлигини янада такомиллаштиришни талаб этади.

Бошпанага эҳтиёж юқори, лекин таклиф кам

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга арзон уй-жойларнинг бошланғич 10 фоизи тўлаб берилиши аёллар ҳаётига унча-мунча ижобий таъсир ўтказа олди. Ёрдам сўраб мурожаат қилувчи аёл-қизларнинг аксариятининг ҳам истаги – бошпана, аммо таклиф талабдан анча кам.

Масалан, 2020 йилда республика бўйича оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ажратилган 1586та арзон уй қурилиши режалаштирилган бўлса, ҳозиргача 10 мингдан ортиқ уй-жойга муҳтож хотин-қизлар рўйхатга олинган.

Сурхондарё вилояти мисолида таҳлил этилса, 2020 йилда вилоятда 58та уй қурилиши режалаштирилган, лекин 356 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизлар рўйхатга олинганини кўриш мумкин.

«Гилам сотсанг, қўшнингга сот...»

Баъзиларда қўшничилик муносабатларининг тоборо кучсизланаётгани ҳам, аёлни узоқни ўйламасдан ҳаётга енгил қараётгани, масъул лавозимларда ишлаб шахсий ҳаётида ибрат бўла олмаётган фуқаролар билан боғлиқ мисоллар ҳам акс этган.

«Қўшнимнинг жийда дарахтининг ҳиди менда аллергия қўзитмоқда. Шу дарахтни ҳиди бизнинг ҳовлимизга ўтмаслигини таъминлаб беришингизни сўрайман...»

«Қўшним уйида таъмирлаш ишларини олиб боряпти. Қум ва чанглар кўзимга кириб, мени ва оила аъзоларимизни безовта қиляпти. Қўшнимнинг уйидаги таъмирлаш ишларини тўхтатиб беришингизни сўрайман...»

«Маҳалла раиси менга шаръий никоҳ билан уйланди. 5 ой яхши яшадик. Энди яна биринчи хотинига кетиб қолди. Сизлардан эримни менга қайтишини таъминлашда ёрдам беришингизни сўрайман...»

Бундай мурожаатларни кўриб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан.

Ҳамма замонларда ҳам аёл муаммолари алоҳида ёндашувни талаб этган. Ҳозирги жараёнда ижобий ишларга ҳам – карантин қоидаларига амал қилиш, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, хонадонларни гулзорга айлантириш каби ишларга аёллар ҳисса қўшаётганини, салбий ҳолатларга ҳам – берилаётган ҳомийлик ёрдамларидан норози бўлиш, ўзаро низоларга бош бўлиш каби ҳолатларда аёллар «етакчи» бўлиб қолаётганини кузатиш мумкин.

Идоралар эшигида гуруҳ-гуруҳ бўлиб турган аёлларни кўрамиз, улар ўз муаммоларини масъуллар олдига қўйиб, ечимида кўмак сўрашади. Кузатишларимиздан маълумки, ёрдам сўраб мурожаат қилганлар орасида доим аёллар кўпчиликни ташкил этади, лекин аслида уларнинг аксариятининг ортида эркакларимиз тургани ҳам бор гап – алимент тўламаётган эркак, шаръий никоҳ орқали иккинчи ёки учинчи оила қилган эркак, масъулиятни олишни истамаётган эркак ва ҳоказо...

Мавзуга оид