Жаҳон | 00:28 / 31.05.2020
13716
2 дақиқада ўқилади

Космик саёҳатлар даври бошландими? Тарихда илк бор фазогирлар хусусий компания кемасида фазога парвоз қилди

31 май куни Тошкент вақти билан 00:22 да SpaceX компанияси Crew Dragon космик кемасида космосга икки фазогирни учирди. 

Парвоз дастлаб 27 май кунига мўлжалланганди, аммо об-ҳаво ноқулай бўлгани учун парвозга 15 дақиқа қолганида космик кема учирилиши бошқа кунга қолдирилганди.

Crew Dragon космик кемаси Falcon 9 ташувчи ракетасидан ажралиб, орбитага муваффақиятли чиқди.

Фахрий астронавтлар Даглас Харли ва Роберт Бенкен ўтирган Crew Dragon кемасини орбитага олиб чиққан Falcon 9 ракетаси Атлантика океанидаги “Of Course I Still Love You” платформасига қайтиб келиб қўнди.

AҚШ 2011 йилдан бери космосга одам учириш имкониятига эга бўлмай келаётган эди. Чунки шу йили фазогирларни Халқаро космик станцияга жўнатиш билан шуғулланган "Space Shuttle" дастури тўхтатилган. 

Шу пайтгача AҚШ астронавтлари космосга Россиянинг "Союз" кемасида учмоқда.  

Воқеанинг яна бир тарихий аҳамияти шундаки, инсоният илк бор космосга одамзоднинг хусусий компания томонидан учирилишига гувоҳ бўлмоқда.  

SpaceX 2002 йилда Tesla Motors раҳбари Илон Маск томонидан космосга парвоз қилиш харажатларини қисқартириш ва Марсни одамлар яшайдиган колонияга айлантириш мақсадида ташкил этилган.

Компания Falcon 1, Falcon 9 ва Falcon Heavy ташувчи ракеталар ҳамда Dragon космик кемасини ишлаб чиқарган.

Мавзуга оид