Ўзбекистон | 14:20 / 01.06.2020
77494
2 дақиқада ўқилади

Арипов ва Боронов музокаралар ўтказди. Томонлар айбдорларни жавобгарликка тортишга келишиб олди

Учрашув чоғида икки мамлакатнинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида юз берган можаро муҳокама қилинди.

Фото: gov.kg

Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов билан Боткен вилоятидаги «Чечме-Автодорожний» назорат-ўтказиш пунктида учрашди. Учрашувда ДХХ раиси Абдусалом Азизов ва Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам иштирок этган.

Қирғизистон ҳукумати сайтида хабар қилинишича, учрашув чоғида кеча икки мамлакатнинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида юз берган можаро муҳокама қилинди.

Томонлар давлат чегарасининг Ўзбекистон-Қирғизистон қисмида содир бўлган воқеадан афсусда эканини билдириб, вазиятни тўғрилаш, унинг янада кескинлашишига йўл қўймаслик ва чегара ҳудудларидаги ҳолатни юмшатиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўришга чақиришди.

Икки давлатнинг илгари эришилган келишувларга содиқлиги ва юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга конструктив ёндашуви алоҳида қайд этилгани айтилади.

Шунингдек, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов икки томонлама ҳамкорлик ва бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув натижасида томонлар биргаликда тергов-суриштирув тадбирларини ўтказишга ва айбдорларни жавобгарликка тортишга келишиб олдилар, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги можаро оқибатида 25 киши жароҳат олгани маълум қилинганди. 

Мавзуга оид