Ўзбекистон | 19:21 / 01.06.2020
40334
2 дақиқада ўқилади

«Бу бошқа такрорланмаслиги учун чоралар қабул қилиш муҳим» – Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти билан мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбарлари куни кеча «Чашма» чегараолди ҳудудида рўй берган ҳодиса билан боғлиқ масалаларни батафсил кўриб чиқиб, бундай вазият бошқа такрорланмаслиги учун мукаммал чоралар қабул қилиш муҳим эканини таъкидлаган. Ҳукумат делегациялари ўтказган музокараларнинг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилган.

Икки томонлама муносабатларга оид мавжуд масалаларни тартибга солиш ҳамда амалий ҳамкорликни, аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-коммуникация соҳаларида янги ўсиш нуқталарини аниқлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш юзасидан келишиб олинган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Қирғизистон Ҳукуматлараро қўшма комиссияси ҳамда Чегарадош вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисларини ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланган.

Суҳбат чоғида коронавирус пандемияси тарқалишининг оқибатларига қарши кураш бўйича яқиндан ҳамкорликни ва идоралараро алмашинувларни давом эттириш зарурлиги қайд этилган.

Президентлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.

«Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамлашда қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқладилар», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид