Ўзбекистон | 15:15 / 01.06.2020
60955
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёзда ҳарорат фонининг меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда - «Ўзгидромет»

Бу йил баҳорнинг охири Ўзбекистонда жуда иссиқ келди. Майнинг охирги ҳафтасида ҳаво ҳарорати 26-38 даражагача, жанубда 40 даражагача кўтарилди. 

«Ўзгидромет» хабарига кўра, энг юқори ҳароратлар Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида кузатилди, бу ҳудудларда ҳаво 40-42 даража, чўл зонасида айрим жойларда 43-44 даражагача кўтарилди. Бу май учун хос бўлган кўрсаткичлардан 5-7 даражага, шимолда 8-10 даражага юқори.

Ўзбекистон шимолида янги ҳарорат рекордлари ўрнатилди. Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг кўпчилик метеорологик станциялари маълумотларига кўра, бу йилги май ойининг охирида қайд этилган бундай юқори ойлик ҳарорат аввал кузатилмаган.

Республиканинг кўпгина минтақаларида айрим кунларда кунлик ҳарорат максимумлари қайд этилди.

Бу йил иссиқ эрта бошлангани сабабли кўпчиликни ёзда ҳарорат қандай бўлади деган савол қизиқтирмоқда, ҳақиқатдан ҳам ёз жуда иссиқ келадими? Бу тўғрида мутахассислар нима дейди?

«Ўзгидромет»нинг ёзишича, ёз фасли учун аниқ об-ҳаво прогнозларини ҳеч ким бермайди ва бу синоптикларнинг «ёмон» ишлаши билан боғлиқ эмас. Бутун иқлимий тизим хаотик бўлиб, узоқ муддатга аниқ прогнозлар беришнинг имкони йўқ.

Бугунги кунда тайёрланаётган мавсумий прогнозлар тахминий тавсифга эга ва умуман олганда мавсумга баҳо бериш учун фойдаланилади ва «бу даврда ўртача ҳарорат меъёрдан юқори ёки паст бўлади, ёғган ёғинлар миқдори ҳам меъёрдан кўпроқ ёки камроқ бўлади» деган кўринишда бўлади.

Бу йил мавсумий прогнозлар ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган Жаҳон об-ҳаво марказлари маълумотларига кўра, кириб келган ёзда сайёрамизнинг катта қисмида ҳароратнинг мусбат аномалияси (яъни меъёрдан юқори ҳарорат) билан боғлиқ циркуляция режимларининг устун келиши кутилмоқда.

«Ўзгидромет» Шимолий Евросиё иқлимий марказига аъзолик доирасида мавсумий прогнозлар тайёрлашда иштирок этади. Ҳар йили қиш ва ёз мавсумлари бошланишидан олдин ушбу марказда минтақадаги барча гидрометхизматлар мутахассисларининг форумлари ўтказилади. Ушбу форумларда бутун Шимолий Евросиё ҳудуди бўйича кириб келаётган қишки ёки ёзги мавсумлар учун прогнозлар ишлаб чиқилади.

Бундай прогнозлар энг замонавий иқлимий маълумотлар ва прогностик маҳсулотлар таҳлилига асосланиб, унда барча иштирокчи давлатлар вакилларининг фикрлари эътиборга олинади. Прогноз консенсус (маслаҳатлашиш жараёнида келишилган) прогноз деб юритилади.

Бу йил юзага келган эпидемиологик вазият туфайли Шимолий Евросиё иқлимий марказининг форуми 19-20 май кунлари онлайн режимда ўтказилди.

Консенсус прогнозга кўра, 2020 йил ёзда Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистонда, Қозоғистоннинг жанубий, ғарбий, шарқий минтақаларида 40 фоиз эҳтимол билан ҳарорат фонининг меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда.

Агар умумий тенденциялар тўғрисида гапирилса, ёзнинг иссиқ бўлиши тўғрисидаги прогноз ҳозирда кузатилаётган вазиятни тасдиқламоқда. Охирги йилларда глобал исиш тенденциясининг давом этиши муносабати билан иссиқлик тўлқинларининг сони ва жадаллиги ортиб бормоқда. Ўтган 2019 йил тарихда энг иссиқ йиллар ичида 2016 йилдан кейин иккинчи ўринни эгаллади.

Яқинда ўтган барча йиллар ҳам бутун асбоб-ускуналар билан кузатув даври учун энг иссиқ топ-5 ёки топ-10га кирган.

«Бу йилги ёз ушбу қаторга кирмайди деб тахмин қилишга ҳеч қандай асос йўқ. Шунинг учун бу йилги ёз иссиқ бўлиши эҳтимолга яқин, бироқ иқлимий тизим хусусиятларини эътиборга оладиган бўлсак, бу 100 фоизли прогноз эмас.

Бундан ташқари ўртачалаштирилган умумий тавсиф мавсум давомида қандай муайян ҳарорат қийматлари кузатилиши тўғрисида тасаввур бермайди. Ёзнинг уч ойи давомида иссиқ ҳароратнинг сустлашиш, ёки бир ой жуда иссиқ бўлиб, қолган икки ой давомида ҳарорат меъёрга яқин бўлиши мумкин.

Мавсумий прогноз иқтисодиётнинг турли тармоқлари, хусусан соғлиқни сақлаш мутахассислари учун мўлжалланган.

Жаҳон метеорология ташкилоти ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти СОVID-19 пандемияси шароитларида ёзнинг иссиғида саломатликни муҳофаза қилишга доир тавсиялар берилган ахборот материаллари қўшма туркумини тайёрлади.

Аҳолининг катта қисми учун кўпроқ тушунарли бўлган прогнозлар ҳар куни «Ўзгидромет» томонидан 6 кун барвақтлик билан тайёрланади. Ҳозирча ёзнинг биринчи ҳафтасида кутилаётган об-ҳаво тўғрисида гапириш мумкин.

Иш ҳафтаси давомида ҳарорат кўтарилиб, 38-40 даражага, мамлакат жануби ва чўл зонасида айрим жойларда 43 даражагача етади. Дам олиш кунлари ҳарорат бироз пасаяди», - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид