Қирғизистон Риштон-Сўх йўлини ЕОИИ туфайли ёпган. Ўзбекистон йўлни қисқа муддатда очиш масаласини қўйди
1 июнь куни бош вазир Абдулла Ариповнинг Фарғона вилояти Сўх туманида маҳаллий аҳоли билан ўтказган учрашувида фаоллар Қирғизистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга ўтишда юзага келадиган қийинчиликлардан шикоят қилишди.
«Кеча рўй берган ҳолат юртимизга ярашмайди. Президентимиз қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик йўлини танламоқда.
Муҳтарам президентимиз топшириғи бўйича келдик. Муаммолар талайгина. Ўтган йили ҳам Риштон-Сўх йўлини очиш масаласини қўйгандик. Икки кун ишлади, кейин ёпилди.
Бугун бунинг учун Қирғизистон делегацияси раҳбари (Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов - таҳр.) узр сўради. Улар Евроосиё иттифоқига аъзо бўлгани учун, уларнинг талаби билан ёпишга мажбур бўлган. Хабаринглар бор, Ўзбекистон ҳам иттифоққа кузатувчи сифатида аъзо бўляпти. Кузатувчи ҳам ҳамма ҳуқуқларга эга бўлади.
Бугун биз Қирғизистон томонига биринчи бўлиб Риштон-Сўх йўлини қисқа муддатда очиш масаласини қўйдик. Бу дегани Фарғонага олиб борувчи йўл 80 километрга қисқаради. Энди у давлат раҳбарига бориб айтади.
Мен ҳам президентга бу ердаги гаплар бўйича ҳисобот бераман. Барча таклифларни мужассам қилиб президентимизга киритамиз. Муҳтарам президентимиз шу ҳафта Фарғонага келадилар. Сизларнинг олдиларингизга менинг ўринбосарларим келади... бу ерда кўп муаммолар бор экан... биринчи навбатда йўллар масаласи ёмон экан.
Бу масалани шундай ҳал қиламиз: миграцияга кета олмаган ёш йигитларимиз кўп. Шулардан бригадалар тузилади, ойлик тўланади, қурилиш материаллари берилади, ўзларинг қурасизлар, талаб битта, сифатли бўлсин.
Иккинчи масала, Қирғизистон ҳудудидаги яйловлардан фойдаланиш масаласи. Бу масалани ҳам қўйдик. Қирғизистон томони бу масалани ҳам қисқа муддатда ҳал қилишга ваъда берди. Яна гаплашамиз.
Кейинги масала Чашма булоқ масаласи. У чашма бу мўъжиза, инсонларга яратган эгам томонидан берилган неъмат. Шунинг учун, бу муқаддас чашмадан ҳам бизнинг фуқаролар, ҳам қўшни республика фуқаролари фойдаланишга ҳаққи бор. Бу жойни чиройли ҳудудга айлантирамиз. Ундан ҳамма бирдек фойдаланади. Сувда кимдир чўмилмаслиги учун панжара билан чиройли қилиб ўраб қўямиз. Уни тозалаш керак бўлганда, Ўзбекистондан уч, Қирғизистондан уч вакил кириб қарайди.
Шу ҳафтада ўринбосарларим келиб Сўхдаги ижтимоий масалаларни ўрганиб, ҳал қилишади. Мен касалхонага бордим, кўп ускуналар йўқ экан. Соғлиқни сақлаш вазирига топшириқ бердим, замонавий ускуналар олиб келинади», деган бош вазир.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда аҳоли вакиллари маҳаллий раҳбарлар фаолиятидан норозилик билдиришган. Бош вазир бу масала ҳам кўриб чиқилиши, бу бўйича ортиқча босим ўтказмасликни сўраган.
Шундан сўнг маҳаллий аҳоли вакилларидан бири ҳокимлар яйловларни ундан олиб бунисига сотишидан шикоят қилган. Бош вазир Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга мурожаат қилмоқчи бўлганида сўхликлар бақир-чақир қилиб, кескин норозилик билдиришган.
Шундан сўнг бош вазир аҳолини тинчлантиришга уринган, маҳаллий раҳбарлардан шикоят қилган фаол ҳажга юборилиши, у яйловлар бўйича назорат кенгаши раиси бўлишини айтган.
Яна бир фаол сўзга чиқиб, чегарадаги муаммолардан шикоят қилиб, Сўх ва Фарғона водийсини боғловчи йўлак (Яйпанга) қилиб беришни сўраган. Шунингдек, сув йўқлиги, халқ ҳокимдан норозилиги ҳақида гапирган.
Бош вазир бунга жавобан биринчи навбатда Риштон-Сўх йўлини очиш масаласи кўриб чиқилиши, ундан кейин Яйпанга йўлак очиш масаласи ўйлаб кўрилишини айтган.
- Эслатиб ўтамиз, 2019 йил август ойи охирида Фарғона вилоятининг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош барча назорат-текширувлари постлари очилганди. Жумладан, 30 август куни узоқ кутилган Риштон-Сўх пости ҳам шу куни очилганди. Аммо бир кун ўтиб йўл яна ёпилганди.
- 2020 йилнинг февралида Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Риштон-Сўх йўли ёпиқлигини Қирғизистон ЕОИИ аъзоси бўлгани учун уларда савдо режими бошқачароқлиги билан изоҳлаганди.
Мавзуга оид
08:11 / 19.12.2024
Абдулла Арипов Одилбек Қосималиевни Қирғизистон бош вазири этиб тасдиқлангани билан табриклади
07:09 / 14.12.2024
Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашди
21:12 / 12.12.2024
МДҲ давлатлари ҳаво ҳужумидан мудофаа бирлашган тизимини яратади
16:00 / 23.11.2024