Ўзбекистон | 17:54 / 01.06.2020
42018
6 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов — Сергелидаги янги мактаблар, ТВ-дарслардан хулосалар ва иш ўринлари қисқариши эҳтимоли ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев 29 май куни Тошкент шаҳри Сергели туманида фойдаланишга топширилган 329-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишиб, таълим тизимига оид қатор тавсиялар берди. Kun.uz мухбири ташриф якунлари юзасидан Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан суҳбатда бўлди.

– Шерзод ака, мана онлайн дарслар ҳам якунланди, дастлабки хулосаларнинг айни вақти. Нималар устида ишлаш керак, деган фикрга келдингиз?

– Карантин эълон қилинганидан кейин қисқа вақт ичида ўқувчилар учун видеодарслар тайёрлаш жараёни бошланди. Бу ўқитувчилар ва телевидение ходимлари учун янгилик бўлгани учун баъзи қийинчиликларга дуч келдик. Албатта, улар босқичма-босқич бартараф этилди. Энг асосий эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳат – бу ўқитувчиларнинг теледарслар учун ишлаш кўникмасини шакллантириш зарурати бўлди. Камера олдида ишлаш кўникмаси педагогларга дарсларни янада ҳаяжонсиз ва қизиқроқ ўтиш имкониятини беради.

Шу билан бирга, ўқитувчиларимиз ўз устиларида ишлашлари ва малакаларини ошириб бориши муҳимлигини яна бир марта англадик.

– Давлат раҳбари Сергелида фойдаланишга топширилган таълим масканларида бўлди. Айтинг-чи, мактабнинг аввалги лойиҳалардан фарқи қандай?

– Мустақиллик даврида мамлакатимизда қурилган энг катта мактабларнинг қуввати 700 ўқувчига мўлжалланган. Пойтахтимизнинг Сергели туманида қурилган мактаб эса 1680 нафар ўқувчини ўз бағрига олади. Яъни бу мактаб мамлакатимиз мустақиллиги даврида қурилган энг катта мактабдир.

Мазкур туманда бундай мактаблардан 4таси фойдаланишга топширилмоқда.

Мамлакатимизда кўплаб янги уйлар қурилмоқда, массивлар ташкил этилмоқда. Уй-жой қурилиши билан бу массивларда ижтимоий объектлар, жумладан мактабларга эҳтиёж пайдо бўлади.

Халқ таълими вазирлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда замонавий мактабларнинг бир неча лойиҳаларини ишлаб чиқди. Яқин вақт ичида мазкур лойиҳалар асосида мамлакатимиздаги мактаблар босқичма-босқич таъмирланади ва қурилади.

– Бу лойиҳаларнинг афзалликлари нимада?

– Бу лойиҳаларда энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилади. Мисол учун, чироқлар одам ҳаракатига қараб ёнади ва ўчади. Мактаб тўрт қаватли, бир қават қўшиш ҳисобига мактаб қуввати 430 ўринга кўпайди.

Бу ерда болаларни касбга йўналтириш, ҳунарга ўргатиш хоналари ташкил этилган. Керакли жиҳоз, асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари, мато ва материаллар билан таъминланган.

Мактаб битирувчиларининг бир қисми олий ўқув юртларида таҳсил олишни давом эттиради. Қолганлари эса меҳнат бозорига кириши керак. Шу туфайли мактаб давридан бошлаб фарзандларимизга касб ва ҳунар ўргатишимиз, жумладан интернет тармоғи орқали хизмат кўрсатиш имкониятини яратишимиз керак. Замонавий мактаб лойиҳаларида ҳам бу масалага катта аҳамият берилади.

Бундан ташқари, мактабларда замонавий ахборот технологиялари ҳам жорий этилган. Дарслардан кейин ўқувчилар турли тўгаракларда иштирок этишлари мумкин. Мактаб уйга яқин бўлгани учун, ота-оналар болалар хавфсизлигидан хавотир олмаса бўлади.

Чиройли мактаб қурилди, жиҳозланди. Лекин тўрт девор болаларга таълим бера оладими? Шароитлар яратилгандан сўнг таълим сифати қандай таъминланади?

Албатта, бу – энг муҳим масала. 329-мактабни мисол қилиб олсак. 2019 йилдан бошлаб мактабларда Кузатув кенгашлари фаолият юритмоқда. Кузатув кенгашлари мактаб директорини тайинлаш ҳуқуқига эга. Мазкур мактабга пойтахтдаги обрўга эга, юқори натижа кўрсатган номзодлар кўрсатилди. Номзодлар Кузатув кенгашига ўз режаларини тақдимот қилди. Кенгаш аъзолари маъқул келган номзодни танлади.

Ўқитувчиларга келсак, бу мактабга ўқитувчилар танлов асосида танлаб олинди. Бир ўринга 15 нафар мутахассис даъвогар бўлди. Улар тест топширишди ва энг яхши натижа кўрсатган мутахассислар ишга қабул қилинди.

Эътиборли жиҳати, ҳозирги кунда мазкур мактабнинг 100 фоиз ўқитувчилари олий маълумотлидир. Республикамиздаги мактабларда эса 36 минг нафардан зиёд ўрта маълумотли ўқитувчилар фаолият юритмоқда.

Мактабларда директор, директор ўринбосарлари, ўқитувчилар ва бошқа лавозимларга рақобат керак. Шундагина мактабларга малакали, билимли ва ўз устида ишлайдиган ходимларни жалб қила оламиз.

Шу ўринда айтиш лозим, ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш йўналишида ҳам ислоҳотлар олиб борилмоқда. Асосий масала – педагог касбига иқтидорли ва билимли ёшларни жалб қилишдир. Ҳозирда хорижий ҳамкорлар билан янги педагогика институти ташкил қилиш устида иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда ўқитувчиларни сертификатлаштириш тизими жорий этиш режалаштирмоқда. Бу тизим малакали ўқитувчиларни аниқлашда ва уларга қолган ўқитувчиларга нисбатан кўпроқ ойлик тўлаш ва рағбатлантириш имкониятини яратади.

– Сентябрда ҳам карантин бекор қилинмаслиги эҳтимоли бўйича ўйланмоқдами? Бундай ҳолда қандай чоралар қўлланади?

– Келинг, яхши ният қилайлик – болалар мактабга боришсин. Аммо видеодарсларни олишни давом эттирамиз. Ёзда ёшлар таътилини мазмунли ўтказиши учун Online-maktab телеканаллари орқали хорижий тил, касб ўргатиш ва болаларнинг кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган кўрсатувлар намойиш этиш режалаштирган.

Шу билан бирга, Халқ таълими вазирлиги томонидан босқичма-босқич биринчи ва иккинчи чорак дарсларини тасвирга олиш ишлари олиб борилади.

– Карантиннинг узоқ давом этиши тизим ходимларининг қисқартирилишига олиб келмайдими?

– Ҳозирги кунда ходимларни қисқартириш бўйича режа йўқ.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид