Ўзбекистон | 14:05 / 01.06.2020
66227
2 дақиқада ўқилади

Вазирлик Китобда бир киши коронавирусдан вафот этгани ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги китоблик бемор коронавирусдан эмас, ёндош касалликлари туфайли вафот этгани тўғрисида маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида вафот этган шахсга коронавирус ташхиси қўйилгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди.

«Гумонланувчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Н.О. Китоб туманида яшаган. У 2020 йил 10 апрель куни Қозоғистон Республикасига кетган. Жорий йил 9 май куни юртимизга қайтиб келган ва Тошкент вилоятидаги карантин марказига тиббий кузатувга олинган. 10 май куни эса Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимига пневмония ташхиси билан ётқизилган.

Ўтказилган диагностик таҳлиллардан сўнг беморда Covid-19 инфекцияси аниқланмаган. Бундан аввал у жигар циррози ташхиси билан даволанган.

Шу йилнинг 29 май куни  Китоб туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Коронавирус инфекциясига олинган таҳлил унда гумон натижани қайд этгани боис суртма намуналари 31 май куни ўрнатилган тартибга кўра, махсус лабораторияга юборилган. Шу куни у ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Коронавирусга гумонланган марҳум билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар эҳтиёт чораси сифатида стационар ва уй карантинига олинган. Китоб туман ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилган. 

Шу йилнинг 31 май куни юборилган суртма намуналарини такрор текширув натижаларига кўра, марҳум беморда коронавирус инфекцияси аниқланмади. Демак, бир ой ичида ўтказилган иккинчи бор диагностик тахлил ҳам Н.О. Covid-19 инфекциясига чалинмаганлигини кўрсатган. У ёндош касалликлар туфайли вафот этганлиги маълум бўлди. Шундай бўлса-да, қатъий санитария қоидаларига кўра, карантинга олинган фуқаролар маълум муддат тиббий кузатувда бўлишади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бундан аввалроқ Китоб туманида коронавирус билан касалланганлик бўйича гумонланиш ҳолати қайд этилгани, шу туфайли туман карантинга ёпилгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид