Фан-техника | 00:45 / 01.06.2020
20936
3 дақиқада ўқилади

Видео: Crew Dragon космик кемаси ХКСга уланди

Тарихда биринчи марта хусусий компания томонидан фазогирлар коинотга олиб чиқилган Crew Dragon космик кемаси Халқаро космик станция билан муваффақиятли туташди.

Кемадаги икки астронавт – Дуглас Ҳерли ва Роберт Бенкен космик станция бортига ўтишди.

Улар орбитада қанча вақт қолиши ҳали маълум эмас. Аммо Dragon кемасини 4 ойдан кўп вақт орбитада қолдириб бўлмайди.

Америкалик икки фазогирни бунгача станцияда бўлиб турган ҳамюрти Крис Кэссиди ҳамда россиялик Анатолий Иванишин ва Иван Вагнерлар кутиб олишди.

Миссиянинг биринчи босқичи якуни – кеманинг ХКСга автоматик равишда уланиши ҳам SpaceX`нинг ютубдаги каналида трансляция қилиб борилди.

Crew Dragon 30 май куни Флоридадан Falcon 9 ташувчи-ракетаси билан орбитага олиб чиқилган эди. Маҳаллий вақт билан соат 15:22да йўлга чиққан экипаж 19 соатда Халқаро космик станцияга етиб келди.

Кеманинг ХКСга яқинлашувига деярли 2 соат вақт кетди, шундан сўнг учувчи аппарат станция билан автоматик режимда уланди.

Шу тариқа, инсон тарихда илк марта хусусий компания томонидан фазога учирилди.

Бундан ташқари, мазкур парвоз – сўнгги 9 йилда АҚШ ҳудудидан фазогирларни орбитага олиб чиқиш бўйича биринчи миссия бўлди. 2011 йилда Space Shuttle дастури ёпилгач, НАСА астронавтларини ХКСга элтиш учун Россиянинг «Союз» кемаларидан фойдаланиб келинаётган эди.

SpaceX асосчиси Илон Маск ушбу миссияни «одамзот мультисайёравий сифатга эга бўлиши йўлидаги биринчи қадам» деб таърифлаган.

Мавзуга оид