Ўзбекистон | 16:34 / 01.06.2020
7135
3 дақиқада ўқилади

Япония Ўзбекистонга 1,9 млн доллар ажратмоқда

Бу маблағлар ёрдамида БМТ Тараққиёт дастурининг пандемия оқибатларини бартараф этишга қаратилган фаолияти кенгайтирилади.

Фото: AFP/Getty Images

1,9 млн доллар миқдоридаги маблағ пандемияга қарши тезкор жавоб чораларини кўриш бўйича БМТТДнинг жорий дастурига қўшимча бўлиб, унинг кўламини кенгайтиришга ёрдам беради.

Расмий пресс-релизга кўра, бу дастур умумий қиймати 3 млн доллар бўлган асосий маблағлар ҳисобига бошланган.

Маълум қилинишича, Япония ҳукумати тақдим этаётган қўшимча маблағлар асосан ҳозирги шароитда эҳтиёж ортган рақамлаштириш, иш ўринларини яратиш, инновацион бизнес-стартаплар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишларига йўналтирилади.

Рақамлаштириш. БМТТД пандемия шароитида давлат органларининг масофадан туриб ишлаши ва узлуксиз хизмат кўрсатишини таъминлашга кўмаклашмоқда.

Бунда маҳаллаларни рақамлаштириш ҳам кўзда тутилган. Дастур Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш учун вазирликнинг 9600та бўлинмасини электрон ҳужжат юритиш тизимига тажрибавий ўтказиш бўйича ҳукумат ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Инновацион бизнес-стартапларни қўллаб-қувватлаш. Япония ҳукумати томонидан тақдим этилаётган молиялаштириш маблағларидан БМТТДнинг Ўзбекистондаги ҳар йиллик стартаплар кўрик-танловини ўтказиш учун ҳам фойдаланилади.

Танлов доирасида ёшлар ижобий ижтимоий таъсир кўрсатиш салоҳиятига эга бизнес-ғояларни тарғиб қилишга рағбатлантирилади. 40 нафар ёш йигит-қиз «Start-up Challanges» ташаббуси доирасидаги кўрик-танлов асосида саралаб олинган ғояларини амалга ошириш учун бошланғич молиялаштиришга эга бўлади.

Иш ўринларини яратиш. Бунда аҳолининг энг кўп зарар кўрган гуруҳларига эътибор қаратилади – олис қишлоқ ҳудудларидаги ёшлар, аёллар, кичик корхоналар ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари.

Бунда асосий эътибор қисқа муддатли, тезкор натижаларни олишга қаратилади, 990та кичик ва ўрта корхоналарга онлайн тарзда маслаҳат бериш хизматлари кўрсатилади. Шунингдек, ўрта муддатли чора-тадбирлар ҳам амалга оширилади, шу жумладан 80та кичик ва ўрта корхоналар учун бизнес маслаҳатлар бериш ва йўл-йўриқ кўрсатиш; олис туманлардаги 240 нафар фермерларга хизмат кўрсатувчи 30та кичик корхона ва олтита кооперативга молиявий кўмак ва ускуналар тақдим қилинади.

Хотин-қизларнинг иш жойларидаги ва жамиятдаги ҳақ-ҳуқуқларини кучайтириш ва имкониятларини кенгайтириш. Япония ҳукумати тақдим этаётган маблағлар «Давлат бошқаруви ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётда иштирок этиши учун хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» лойиҳасининг асосий чора-тадбирларини қўллаб-қувватлашга қаратилади.

Ушбу маблағлар ёрдамида хотин-қизларни фан, техника, муҳандислик ва риёзиёт (STEM) билан шуғулланишга рағбатлантирувчи ташаббуслар қўллаб-қувватланади. Шу билан бирга, ёш хотин-қизлар учун техник инновациялар қўшимча дастури ҳамда аёллар бошқаруви остидаги кооперативларга берилаётган кўмак ҳам кўпайтирилади. Бу каби техник инновациялар мусобақасига 300 нафар ёш хотин-қизлар жалб қилинади.

Мавзуга оид