Жамият | 12:00 / 02.06.2020
26624
10 дақиқада ўқилади

Ҳазораспда илғор деҳқоннинг ерлари қайтариб олинди. Ҳокимлик ўз хатоси учун фермерни балогардон қилдими?

Хоразм вилояти, Ҳазорасп туманидаги «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалиги ерлари ҳокимнинг қарори асосида захирага қайтарилди. 83 ёшли фермер отахон айбловларни асоссизлиги, қарор ноқонунийлигини таъкидламоқда.

Ҳазорасп туманининг Янгибозор қишлоғидаги «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалиги 2005 йилдан бери пахта-ғалла йўналиши бўйича фаолият юритиб келяпти. Унга тумандаги илғор фермерлардан бири, 83 ёшли отахон Болта Давлетов раҳбарлик қилмоқда. 2019 йил январь ойидаги оптималлаштириш натижасида фермер хўжалиги ерлари умумий ҳисобда 109,9 гектарга етказилди.

Ҳоким ерни захирага қайтариш ва фермер хўжалигини тугатиш жараёнини бошлаш ҳақида қарор чиқарди

2020 йил 20 апрель куни Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машариповнинг «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалигига тегишли 109,9 гектар ерни давлат захирасига қайтариш, фермер хўжалигини қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш жараёнини амалга ошириш, ерларни эса қайта танловга қўйиш ҳақида қарор чиқарди.  

Бундай қарор қабул қилинишига нималар сабаб бўлгани фермер хўжалигига туман ҳокимлиги томонидан юборилган огоҳлантириш хатида кўрсатилган.

Унда 2019 йил ҳосили учун (!) асосий майдонга 52 гектар пахта экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 54,9 гектар (2,9 гектар ортиқча) пахта экилгани, 23,5 гектар ғалла экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 23,5 гектар ғалла экилгани, 1,4 гектар сабзавот, 8,9 гектар полиз, 1 гектар кунжут, 2,7 гектар озуқа экинлар, 5,6 гектар шоли экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 4 гектар (1,6 гектар кам) шоли экилгани ва 9,1 гектар экин ер майдони экилмасдан самарасиз фойдаланилгани кўрсатилган. Шунингдек, такрорий майдонга 2 гектар сабзавот, 1 гектар кунгабоқар, 1,6 гектар кунжут умуман экилмагани, 1 гектар дуккакли экинлар ўрнига 3 гектар, 17,9 гектар шоли ўрнига 18,8 гектар ва ўзбошимчалик билан 1,7 гектар озуқа экинлари экилгани таъкидланган.

Бундан ташқари, «фермер хўжалиги раҳбари М.Рўзметов» туман ҳокимлиги билан узоқ муддатли ер ижараси шартномасини тузмасдан, ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани кўрсатилган. Аслида эса фермер хўжалиги раҳбари Б.Давлетов ҳисобланади.

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги ўз хатида «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалигига ажратиб берилган ер майдонларини ихтиёрий равишда 2020 йил 20 апрель кунига қадар (яъни 3 кун ичида) туман захирасига қайтариб олиш ҳақида ариза беришни, акс ҳолда, ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олиниши ҳақида огоҳлантирган.

8 кун (!) кечикиб жўнатилган ва бир хил матндаги 2та огоҳлантириш хати

«Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалигига худди шундай мазмундаги яна бир огоҳлантириш хатини «Ергеодезкадастр» Ҳазорасп тумани бўлими ҳам жўнатган. Қизиғи шундаки, Ҳазорасп тумани ҳокимлиги ва «Ергеодезкадастр» Ҳазорасп тумани бўлими томонидан юборилган хатлар нуқта-вергулигача бир хил бўлган матнга эга. Буни қандай тушуниш мумкин? Хатни ким кимдан ва нима мақсадда кўчирган?

Бундан ташқари, 18 апрель куни ёзилган огоҳлантириш хати ва 20 апрелда ер захирага қайтарилгани ҳақидаги Ҳазорасп тумани ҳокимлиги қарори почта орқали бир хил санада – 26 апрель куни (!) жўнатилган ва 27 апрель куни фермерга етказилган. Амалда «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалиги раҳбари Болта Давлетов 3 кун муҳлат берилгани ҳақидаги огоҳлантириш хати ва қайтариб олингани ҳақидаги ҳоким қарорини 8 кундан (!) кейин олган.

Огоҳлантириш хатидаги тушунарсиз ва асоссиз айбловлар

Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалигига жўнатилган огоҳлантириш хатида келтирилган сабабларга эътибор қаратамиз.

Биринчидан, огоҳлантириш хатида келтирилган сабаблар 2019 йил (!) ҳосили бўйича хулоса қилинмоқда. Агар бу сабаблар рост бўлса, нега Ҳазорасп тумани ҳокимлиги ерни қишда эмас, балки деҳқончилик мавсуми ўртасида, апрель ойида, яъни жуда катта маблағлар эвазига экиш, суғориш ишлари амалга оширилганидан кейин қайтариб олмоқда? Нима учун бу «камчиликлар»га одатда ҳамма иш сарҳисоб қилинадиган январь ва февраль ойларида эътибор қаратилмаган?

Иккинчидан, огоҳлантириш хатида фермер хўжалиги раҳбари М.Рўзметов (аслида Болта Давлетов – изоҳ Kun.uz) туман ҳокимлиги билан узоқ муддатли ер ижараси шартномасини тузмасдан, ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани кўрсатилган. Аммо Болта Давлетовнинг қўлида Ҳазорасп туман ҳокимлиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижараси шартномаси бор ва у ерлардан қонуний фойдаланиб келмоқда.

Ҳокимлик фермерни 9,1 гектар ерга экин экмаганликда айблади

«Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалиги раҳбари Болта Давлетов огоҳлантириш хатида кўрсатилган ва ҳосилдаги камчиликлар бўйича айбловларни асоссиз деб ҳисоблаяпти.

Болта ота 15 йилдан бери фермер бўлиб ишлаётган бўлса, бирор марта пахта ёки ғалла ҳосили режасини бажаришда жиддий камчиликка йўл қўймаган. 2013 йилда отахон гектаридан 40 центнер (!) пахта етиштириб, ўша вақтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёевнинг автомобиль мукофотига сазовор бўлган. Тўғри, 2019 йил якунига кўра пахта ҳосили 98 фоизга бажарилди. Аммо фермер гектарига ҳисоблаганда пахтадан 35 центнер ҳосил олган (одатда, ҳосилдорлик ўртача 30 центнер бўлади), бу эса юқори кўрсаткич.

Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг огоҳлантириш хатида «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалиги 9,1 гектар экин ер майдони экилмасдан самарасиз фойдаланилгани кўрсатилган.

2019 йил январь ойида, оптималлаштириш доирасида «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалигига 9,1 гектар ер майдони қўшиб берилган.

Аслида бу ер экин майдонлари аввалроқ шу жойга яқин маҳалла аҳолисига томорқа учун ажратилган ва тақсимлаб берилган. Аммо майдонга чегарадош бўлган далага эгалик қилувчи фермер томонидан ягона сув йўли ўзбошимчалик билан тўсилган. Натижада, аҳолининг томорқалари сувсиз қолиб кетган. Бундан ташқари, фермер аҳоли яшаш жойлари ва томорқа ерлари яқин бўлишига қарамай, ўзига ажратилган майдонга шоли эккан. Шоли майдонидаги сув томорқа ерларига сизиб ўтган ва зах босиб кетган. Натижада, томорқа ерлари яроқсиз ҳолатга келиб қолган.

Томорқадан фойдаланиб келаётган аҳоли деҳқончилик қилиш иложсиз бўлиб қолгани, аммо солиқлар барибир ҳисобланаётгани, тўланиши шартлиги туфайли ер майдонларининг тупроғини ноқонуний равишда қазиб олиб, сотиб юборишган. Кейинчалик томорқа ерларидан фойдаланишдан воз кечишган.

2019 йил январь ойида мана шу 9,1 гектар ер майдонлари «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалигига қўшиб берилган.

Айни пайтда бу ерларнинг аҳволи ачинарли даражада: тупроғи қазиб олиниши натижасида паст-баланд бўлиб қолган, шоли майдонидан сув сизиб ўтиши туфайли зах босиб ётибди.

Ҳокимлик ўз хатосини фермернинг кучи ва маблағи билан тўғриламоқчими?

Фермер Болта Давлетов сўзларига кўра, бу ер майдонларини эпақага келтириш учун 400-500 млн сўм маблағ талаб қилинади. Бундай маблағ унда йўқ. Ҳазорасп тумани ҳокимлиги эса фермерни бу ер майдонларига экин экмаганликда айбламоқда. Аслида туман ҳокимлиги ушбу 9,1 гектар ерларнинг мелиоратив ҳолатини назорат қилганида, сув йўлларини очиб берганида, бошқа фермерлар аҳоли яшаш жойларига яқин ҳудудда ноқонуний шоли экишига йўл қўймаганида бу ер майдонлари ачинарли аҳволга келиб қолмас эди. Қишлоқ аҳолиси ҳам шу ерлардан мақсадли фойдаланиб, ўз даромадини ва фаровонлигини оширган бўларди. Энди эса ҳокимлик ўз хатосини «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалигига тўғрилатишга уринмоқдами?

Ҳокимлик айби билан аҳолининг томорқаларига жиддий зарар етиши мумкин

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги нима учун унумдор ерларни бундай аҳволга тушиб қолишига йўл қўйгани, аҳоли даромадларининг манбайи бўлиб турган томорқа ерлари абгор ва ачинарли аҳволга келиб қолгани, нега аҳоли яшаш жойларига яқин ҳудудда шоли экилишига йўл қўйгани бизга қоронғи. Бунинг оқибатини яқин ҳудудда яшайдиган одамлар тез орада билиб олишлари шубҳасиз. Тажрибада шу маълум бўляптики, аҳоли уй-жойларига яқин майдонларга шоли экилиши оқибатида томорқалар, боғларга зах чиқиб, деҳқончилик учун яроқсиз аҳволга келиб қолади.

Болта Давлетов 15 йилдан бери фермер бўлиб ишлаяпти, Ҳазорасп туманида ҳурмат қозонган, илғор фермерлардан бири ҳисобланади. 83 ёшли отахон Ҳазорасп тумани ҳокимлиги томонидан ўз фермер хўжалигига нисбатан қилинаётган бундай муносабатдан қаттиқ норози бўлиб турибди. Фермер хўжалигида меҳнат қилиб, рўзғор тебратиб юрган 15 нафар ходим ҳам ишсиз қолиш арафасида. Афсуски, халқимиз учун оғир бўлиб турган бундай вазиятда уларнинг ва оиласининг тақдири ҳам мавҳумлигича қолмоқда.

«Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалигининг бу йилги ғалла ва пахта экинлари кўзни қувонтирадиган даражада яхши униб чиққан. Отахон Ҳазорасп тумани ҳокимлиги билан юзага келган можаро сабабли, «Ҳазорасп Текстил» кластери унга ўғит етказиб бермаганидан, натижада, пахтага иккинчи ўғит бериш кечикканидан, бу эса ҳосилдорлик пасайишига сабаб бўлиши мумкинлигидан куюнмоқда – ҳақиқий деҳқоннинг қайғуси ва хавотири. Афсуски, раҳбарларга бундай фермерлар керак эмасга ўхшайди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид