Ўзбекистон | 21:58 / 02.06.2020
17657
11 дақиқада ўқилади

Интернет тезлиги, 3G ва 4G, Uz-IX ва GPON — «Ўзбектелеком» вакиллари билан суҳбат

Пандемия ва карантин – интернетга бўлган талабни сезиларли оширди. Kun.uz мухбири бу соҳа юзасидан саволлар билан «Ўзбектелеком» АК вакиллари билан интервью ташкил этди.

Интервьюда «Ўзбектелеком» АК жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Алишер Ҳидоятов ва компания матбуот котиби Александр Сучков интернет тезлиги, оптик толали интернет, Uz-IX ва GPON тармоқлари ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.

«Ҳозирги шароитда аҳолида интернетга бўлган талаб ортмоқда. Мисол қилиб айтадиган бўлсак, тахминан 1,5 ой ичида интернет фойдаланувчилари сони 20-30 фоизга ортиши кузатилди», – дейди Алишер Ҳидоятов.

Алишер Ҳидоятов

Ҳидоятов талаб ошганидан келиб чиққан ҳолда компания томонидан қилинаётган ишларга тўхталди. Биз эса кўпчиликни қизиқтирадиган савол билан мурожаат қилдик.

– Қачон истеъмолчи рози бўладиган интернет тезлигига эришилади?

А.Ҳидоятов: – «Ўзбектелеком» компанияси доимий равишда 2018 йилдан бошлаб, бундан олдин ҳам бу борада ишлар олиб бормоқда. Ҳозирда бутун Ўзбекистон аҳолисига юқори даражадаги интернет хизматини тақдим этиш бўйича барча тегишли чораларни кўрмоқда. Рақамли иқтисодиёт қачон рақамли бўлиб тўлақонли бўлиб ишлаши мумкин, қачонки телекоммуникация инфраструктурасида барчаси жойида бўлса.

Телекоммуникация инфраструктурасини ривожлантиришда, ҳозирги кунда дунё бўйича биринчи ўринда турувчи, энг сўнгги технология ҳисобланувчи оптик толали алоқа линиялари бизга зарур. Оптик толаларини алоқа линияга ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Оддийгина сонларда келтирадиган бўлсам, 2020 йилни биринчи 3 ойлигида республика бўйлаб 6500 км.дан зиёд оптик толали алоқа линиялари қурилди.

Истеъмолчилар 3G технологиясини хоҳлаган эдилар, 3G технологияси тақдим этилди ва ундан кейин дунё миқёсида 4G технологияси яратилди. Истеъмолчилар 4G технологиясини хоҳлашди. Ҳозирда 5G технологияси дунё бўйича ривожланяпти, Ўзбекистонда ҳам 5Gни ривожлантириш чоралар кўриб борилмоқда. Демак, ҳеч қачон истеъмолчи рози бўладиган интернет деб бўлмайди. Aгар улар: «Бўлди, мен ҳамма нарсадан қониқдим», дейдиган бўлса, ривожланиш тўхтаб қолади.

– АКТ вазирлиги ҳам, «Ўзбектелеком» ҳам интернет тезлиги ва сифати пастлигини инкор қилиб келишарди. Бироқ том тепасида дарс ўтаётган ўқитувчи ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа видеолар муаммони очиб ташлади. Компания интернет тезлиги билан боғлиқ муаммолар борлигини рад этишда давом этадими ёки камчиликларни тан олиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўрадими?

Александр Сучков

А.Сучков: – Жуда қизиқарли савол. Пандемия туфайли кутилмаганда ҳаммамиз бир вақтда уй интернетидан фойдаланишни бошладик. Йиллар давомида биз мактаблар орасида оптик тармоқларни қургандик. Халқ таълими ҳамда олий ва ўрта-махсус таълим ўқув объектлари орасида видеоконференция алоқалари ташкил этилганди. Табиийки, ўқитувчиларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бир вақтнинг ўзида исталган вақт ва жойда, онлайн режимда ишлаш тажрибаси йўқ эди. Мактаблар, олий таълим муассасалари ёпилди ва қатъий карантин чоралари йўлга қўйилди. Тасаввур қилинг, илгари интернетда ишлаган одамлар энди масофадан уй интернетида ишлай бошлашди.

Барчамиз уй интернети нима учун корпоратив, яъни корхоналар учун бериладиган интернетдан фарқ қилишини яхши биламиз. У ерда биринчи навбатда маҳаллий тармоқлар, ушбу тармоқларнинг маъмурлари (админлари) бор. Ҳатто улар ташкил этиши мумкин бўлган видеоалоқа тури ҳам мавжуд. Тасаввур қилинг, бирданига бир неча кун ичида фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳақида эълон қилинди. Ҳар бир фуқаро, ҳар бир ўқитувчи ўзига хос иҳоталанишга тушиб қолишди. Иш соҳаси учун мўлжалланмаган мобил телефон ёки уй интернети ёрдамида ҳаммалари ўзларининг ишга оид масалаларини ҳал қилишга мажбур бўлишди.

Сизга шуни айтаманки, сўнгги икки йил ичида ташқи канал 10 мартага кенгайтирилди, кўпчилик алоқанинг оптик линияларига ўтди. Тариф режаларимиз Халқ таълими вазирлиги, Олий таълим вазирлиги сўраган таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятини беради. Шунингдек, фуқароларимиз кун давомида янгиликларни кўришлари ва муҳим маълумотларни олишлари учун янгиликлар сайтига бепул кириш имкониятини ҳам бердик. Буларнинг барини тармоғимиз кўтара олди.

Ўқитувчининг томда дарс ўтаётгани ҳақидаги тасвирни ҳамма кўрган бўлса керак. Кўриниб турибди, уй янги, энди қурилмоқда. Авваллари бу уйда 3G, 4Gга эҳтиёж бўлмаган. Яъни нормал, одатий вақтда ўқитувчи ўз фаолиятини уйда амалга ошириш учун эҳтимол у ўз вазирига, масалан, Халқ таълими вазирлигига, мактаб директорига интернет кераклигини айтиб, мурожаат қилган бўларди. Уста келиб, унга интернет улаб берарди. Шунга қарамай, ҳатто шундай интернет билан ҳам у дарсларни ўта олди. Биринчи навбатда ижтимоий тармоқларда кимдир «Видеодарсларни ололмаяпман», деб ёзса, бу биз учун устувор масала. Шу вақтнинг ўзида алоқачиларимиз жойига бориб, алоқа бўлиши учун қўлларидан келганини қилишди.

Рейтингларга қарайдиган бўлсангиз, бугун бизда симли интернетда юклаб олиш ўртача тезлиги 26 мегабитни ташкил қилади. Тасаввур қилинг, бир неча йил муқаддам 10 мбитли интернет ҳақида орзу қилардик. Ҳозир эса ўртача 26 мегабит.

Биз бугун 100 мегабит беришимиз мумкин, бу каби имкониятлар бор. Биз 5та технологиядан фойдаланяпмиз. Бу – ADSL, VDSL, FTTH, GPON технологиялари ва ушбу технологияларнинг турли уйлар учун турлича кўринишлари.

Нима учун бундай қиляпмиз? ADSL бўйича ўтказиш имкониятларини бир неча йил аввал чекловларсиз 6 мегабит деб ўйлардик. Дунё шу қадар тез ривожланяптики, дунё интернетнинг ўртача тезлиги 50 мбит ташкил қилмоқда. Бугун структурамизда бўлмаган провайдер ва операторларга мобил алоқа бўйича хизматлар кўрсатяпмиз, ташқи каналларни тақдим этяпмиз. Улар учун инфратузилмани ижарага оляпмиз. Биласиз, Ўзбекистонда 5та оператор бор.

Сўнгги йилларда «Ўзбектелеком» абонентлари сони 5 миллионгача ортди. Бу йил GSM стандарти жорий этилганининг бешинчи йилини нишонладик. Абонентларнинг бундай миқдори табиийки базавий станцияларнинг катта миқдорини талаб қилади. 3G, 4G стандартлари кенг полосали, улар каттароқ тезликни тақдим этади. Энг муҳими – биз ўрнатаётган базавий станцияларнинг сони ва сифати. Бутун дунёда шундайки, исталган қишлоқда 3G, 4G базавий станцияни ўрнатиб, у ерга максимал канални олиб бориб бўлмайди. Чунки бу абонентнинг таннархи жуда юқори бўлади.

Биласизки, Ўзбекистонда яқиндагина тугмачали телефонлар кўп эди. Табиийки, қишлоқда тугмачали телефон бўлса, у ерга 3G, 4G базавий станциясини ўрната олишмаган. Чунки у ерда истеъмолчининг ўзи йўқ эди. Бу йил барча мачта антеннаси бўлган базавий станцияларда 3G, 4G базавий станцияларини ўрнатяпмиз.

Ҳозир Ўзбекистон мобил интернет бўйича 10 мбит интернетни кўрсатяпти. Илгари бунақаси бўлмаган. Бугун ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун юзага келаётган уй интернети билан боғлиқ вазият ёмон эмас. Кўп ўқитувчилар ZOOM`ни созлашни ўрганиб олишди.

– Ўзбекистонда 3G, 4G технологиялари хорижий давлатлардаги каби тезликда ишлаяптими?

А.Ҳидоятов: – Aлбатта. Ҳар битта давлатнинг ўз нормативлари бор, мана шу норматив бўйича бизнинг интернетимиз давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан ўрнатилган нормативларга жавоб беради.

– Давлат дастурида белгилангандек, шунингдек AКТ вазири 2019 йил парламентда қилган ҳисоботида берган ваъдасига кўра, 2020 йил барча ижтимоий объектлар оптик толали интернет билан уланиши керак эди. Пандемия даврида бу ишлар кечиктирилмаяптими? Қандай кетяпти?

А.Ҳидоятов: – Ҳозирги вақтда айнан пандемия шароитида ҳам бизнинг мутахассисларимиз барча ҳудудлар бўйича, қурилиш, алоқа оптика толаларини ётқизиш бўйича ҳамма керакли ишларни олиб боришмоқда. Бу ишларнинг кечиктирилиши ёки муддатлари ўзгартирилиши ҳақида ҳеч қанақа маълумот йўқ.

Биз ўз давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан ўрнатилган муддатларда барча бизга белгилаб берилган ишларни бажарилишини назорат остида олиб бормоқдамиз.

– Қишлоқ жойларига ҳам ҳозирда симли интернет ўтказишлари кетяпти ва бу бўйича керакли ҳужжатлар имзоланди. Таҳриятимизга бу борада кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шундайлардан бирида уйга симли интернет ўтказиш учун 400 ва 500 минг сўм талаб қилинган ва фуқаролар томонидан тўлов қилинган. Бу 400-500 минг сўм аҳолидан олиниши тўғрими?

А.Ҳидоятов: – Бизларда хизматга уланиш учун алоҳида қандайдир тўлов қўшимча равишда 400-500 минг миқдорида ҳеч қандай тўлов ўрнатилмаган.

Бунда тариф режадаги абонент тўлови тўланиши керак ва қўшимча, ҳозирги кунда бизнинг акциямиз амалда, яъни интернетга уланган мижозларимизга биз абонент қурилмаси, яъни WiFi роутер қурилмасини ҳамда 100 метргача бўлган узунликдаги кабелни биз бепул тақдим этмоқдамиз.

Бунинг учун абонент акция шартларини бажариши керак. Шартларни бажарган ҳолатда роутер ва 100 метр кабел учун ҳеч қандай тўлов амалга оширилмайди. 100 метрдан ошиғига тўлов амалга оширилиши керак.

– Uz-IX`нинг ривожланиши Tas-IX`га қандай таъсир қилади? Бу таъсир ижобий бўладими ёки салбий?

А.Ҳидоятов: – Uz-IX албатта Tas-IX хизматига ҳам маълум бир миқдорда таъсир ўтказади. Маҳаллий интернет фойдаланувчилари асосан Tas-IX сайтларига ўрганиб қолган. Uz-IX яратилиши ҳамда ривожлантирилиши, Uz-IX`га қайсидир тармоқлар, масалан хорижий сервислар локализация қилиниши, яъни маҳаллийлаштирилиши ўзига яраша Tas-IX билан рақобат муҳитини яратади ва бунда миллий контент ривожланиши учун янаям кўпроқ замин яратилади.

– GPON тизимига уланиш учун айнан «Ўзбектелеком»дан роутер сотиб олиш шартми?

А.Ҳидоятов: – Йўқ. Aйтиб ўтганимдек, компанияда биз 100 метргача кабел берамиз ҳамда USB модем ёки роутерни бепул тақдим этамиз. Бизда мана шу роутернинг техник параметрлари мавжуд.

Aгар мижозларимизда чет элдан интернет бозорлари орқали буюртма қилиб, роутер олиб келтиришлари мумкин. Аммо ҳар битта тармоқнинг, шу жумладан GPON тармоғининг ҳам ўз талаблари бор. Роутер ана шу талабларга мос бўлса, ундан фойдаланишга ҳеч қандай чеклов йўқ.

Суҳбатни тўлиқ Kun.uz`нинг YouTube канали орқали кўришингиз мумкин.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.

Мавзуга оид