Ўзбекистон | 16:30 / 02.06.2020
29784
2 дақиқада ўқилади

«Korean and migration xususiy bandlik agentligi» бўйича суд иши бошланди 

Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, одамларни алдаган «Korean and migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдорлари устидан суд жараёни бошланди.

«Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида судланувчилар Қаҳрамон Отақулов («Korean and migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖ директори), Корея Республикаси фуқароси бўлган Канг Нам Кю (агентликнинг хорижий ҳамкори), Одил Кабилов (агентликнинг Наманган вилоят филиали директори), Хушвақт Турдиев («Korean and migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖ таъсисчиси), Мусурмон Алиқулов (агентликнинг ўқув ишлари бўлими директори), Анваржон Шамшиддинов (агентликнинг Наманган вилоят филиали иш юритувчиси), Орифжон Жўраев (агентликнинг Наманган вилоят филиали ғазначиси) ва агентликда турли лавозимларда ишлаган яна 4 нафар шахсларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди.

Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Қ.Отақулов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришга ёлғон ваъдалар бериб, «Korean and migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖга келиб мурожаат қилган фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритишиб, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.

Ушбу жиноят иши бўйича 2 372 жабрланувчи ва 4 фуқаровий даъвогарлар мавжуд.

Айблов хулосаси бўйича моддий зарар миқдори 24,2 млрд сўм бўлиб, шундан дастлабки тергов мобайнида 13,3 млрд сўм миқдорини бартараф этиш чораси кўрилган.

Судланувчи Қ. Отақулов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.

Суд жараёни давом этмоқда, кейинги суд мажлиси 8 июнь кунига тайинланган», дейилади Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов томонидан Kun.uz’га тақдим этилган маълумотда.

Мавзуга оид